Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дунёда содир бўлаётган офатлар аҳолини қалтис вазиятларга тайёр бўлишини талаб этмоқда
11:14 / 2021-06-10

Бугун дунёда содир бўлаётган турли табиий ва техноген офатлар, юқумли касалликлар билан боғлиқ пандемиялар жаҳон мамлакатларидан ушбу ҳодисаларга қарши туришда зарур чораларни қўллашни, аҳолини қалтис вазиятларга тайёр бўлишини талаб этмоқда.

Эътироф этиш керакки, мамлакатимиздаги барча соҳалар қатори Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳам ўзига хос йўлни йўлни босиб ўтди.  

Хусусан, ислоҳотлар жараёнида Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси, унинг ҳудудий ва таркибий тузилмалари ҳамда Ёнғин хавфсизлиги институти Ички ишлар вазирлигидан, Гидрометеорологик жараёнларга таъсир кўрсатишни бошқарув хизмати Мудофаа вазирлигидан Фавқулодда вазиятлар вазирлигига ўтказилган бўлса, Гидрометеорологик хизмати маркази Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимидан Вазирлар Маҳкамаси тасарруфига ўтказилди.

ИВВ ёнғин хавфсизлиги тузилмалари сафдор ва сержантлар таркибини тайёрлаш ўқув маркази (Самарқанд шаҳри) негизида ФВВ ёнғин-қутқарувчиларини дастлабки тайёргарликдан ўтказиш ва малакасини ошириш маркази ташкил этилди.

Шунингдек, ФВВ Фуқаро муҳофазаси институти тегишли бўлимлари ва ИИВ ёнғин хавфсизлиги масалалари бўйича фундаментал ва амалий тадқиқотлар маркази негизида ФВВ Ёнғин хавфсизлиги ва фавқулодда вазиятлар муаммолари илмий-тадқиқот институти ташкил этилди.

Ёнғин назорати ва профилактикаси бўлимлари жорий этилди. Амалга оширилган ишлар натижасида сўнгги уч йилда ёнғинлар сони 1 016 тага ёки 8 фоизга, ёнғинларда фуқароларни ҳалок бўлиш ҳолатлари 54 нафарга ёки 33 фоизга, тан жароҳати олиш ҳолатлари 113 нафарга ёки 28 фоизга камайди. Шундан келиб чиққан ҳолда, малакали кадрларни тайёрлаш ва илмий ишларни ташкил этиш бўйича ягона тизимни яратиш мақсадида Ёнғин хавфсизлиги институти, Бошланғич тайёргарлик ва малака ошириш маркази ҳамда Фуқаро муҳофазаси институти негизида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси шакллантирилди.

Академия ҳузуридаги Бошланғич тайёргарлик ва малака ошириш марказида эса вазирликнинг барча бўғинидаги офицер ва сержантлар ҳамда қутқарувчиларнинг малакасини ошириш, қайта тайёрлаш ва бошланғич тайёргарликдан ўтказиш фаолияти билан шуғулланиши белгиланган.

Жумладан, Марказнинг штат бирликлари қайтадан ишлаб чиқилиб, Касбий тайёргарлик цикли – Махсус фанлар циклига, Ижтимоий гуманитар фанлар, жанговар ва жисмоний тайёргарлик цикли – Жисмоний ва қутқарув тайёргарлик циклига, Техник фанлар цикли – Ёнғин ва махсус техника циклига айлантирилди.

Марказда вазирликнинг ёнғин-қутқарув бўлинмаларининг 19 та тоифаси бўйича ҳарбий хизматчи ва қутқарувчилари бошланғич ва малака ошириш тайёргарлигидан ўтказилмоқда.  

Бундан ташқари, Марказ томонидан вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ва таркибий тузилмалари учун «Қутқарувчиларни якка тартибдаги бошланғич тайёргарликдан ўтказиш», «Юқори қаватли биноларда ёнғин ўчириш», «Фавқулодда вазиятлар вазирлиги фаолиятига доир норматив – ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами» ва «Саф тайёргарлиги» каби ўқув қўлланмалари тайёрланган.

Шунингдек, Шаҳрисабзда «Темурбеклар мактаби» ҳарбий академик лицейи ташкил этилди ва ушбу даргоҳда ўқув-тарбиявий жараённи юқори савияда ташкиллаштириш учун барча шароитлар яратилди.

Бундан ташқари, сўнгги уч йилда ёнғин ва авария-қутқарув техникалари ва жиҳозларини сотиб олиш учун давлат бюджетидан 245,9 миллиард сўм ажратилди.  

Охирги тўрт йилда ўтган даврга нисбатан 116 миллиард сўм, яъни 4,5 баравар кўп маблағлар ажратилган.

Олиб борилаётган ислоҳотларнинг нечоғлик долзарблигини, жорий йил бошидан пандемия оқибатларининг юртимизга салбий таъсирини камайтиришда ҳамда Сардоба сув омбори билан боғлиқ йирик фавқулодда вазиятларда аҳолини ва ҳудудларни муҳофаза қилишда амалга оширилган комплекс тадбирлар мисолида кўришимиз мумкин.

Сардоба сув омбори билан боғлиқ фавқулодда вазиятда Мудофаа, Ички ишлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия ва маҳаллий ҳокимият куч-воситалари билан ҳамкорликда Сирдарё вилоятининг Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларининг 89 мингдан ортиқ аҳолисини уюшқоқлик билан хавфсиз ҳудудларга, энг муҳими, талафотсиз эвакуация қилишга эришилган.

Ёнғин-қутқарув бўлинмаларининг 209 нафар шахсий таркиби, 61 та ёнғин-қутқарув ва қурилиш-муҳандислик техникалари икки ойдан ортиқ вақт давомида Қозоғистон Республикасининг Туркистон вилояти ҳудудига трансчегаравий фавқулодда вазият оқибатларини камайтириш ва бартараф этиш (сув тортиш, йўлларни тиклаш, қурилиш маҳсулотларини етказиш, талафот кўрган биноларни тиклаш, қишлоқ хўжалиги экинларини қайта экиш ва бошқа) ишларга жалб этилиб, яқин қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлашга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди.

Тажрибалардан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, фавқулодда вазиятларнинг олдини олишдаги энг самарадор усуллардан бири бу – аҳолини фавқулодда вазиятлар хавфидан ўз вақтида огоҳ этиш, хабардорлигини таъминлаш.  

Бундан келиб чиққан ҳолда, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлигининг 2007 йилдаги тасдиқланган қарорига асосан, фавқулодда вазиятлар хавфи юзага келганда мобил алоқа операторлари тизимлари орқали аҳолига хабар бериш ва маълумот етказиш тизими йўлга қўйилган.

Мазкур қарорга асосан, фавқулодда вазият хавфи ҳақида Ўзбекистон Республикаси аҳолисига хабар бериш республика ҳудудида фаолият кўрсатувчи мобил алоқа операторлари томонидан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан тақдим этилган қисқа матнли хабарларни (SMS) юбориш орқали амалга оширилади. Мазкур (SMS) хизмат тури мутлақо бепул бўлиб, барча харажатлар республика ҳудудида фаолият кўрсатувчи мобил алоқа операторлари ҳисобидан қопланади.

Албатта, ушбу тажриба хориж давлатларида ҳам кенг қўлланилади. Жумладан, Америка Қўшма Штатлари, Европа Иттифоқи, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва Осиё давлатларида аҳолига содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлар тўғрисида қисқа матнли хабарларни (SMS) мобил алоқа операторлари томонидан юбориш ҳозирги кунда ҳам долзарб аҳамият касб этиб келмоқда.

Фавқулодда вазият хавфи юзага келганда, аҳолига қисқа матнли хабарларни (SMS) юборишнинг қулайлик томонлари ҳақида тўхталадиган бўлсак, энг аввало, фуқароларнинг хавфсизлиги биринчи навбатда туришини айтиб ўтишимиз жоиз.

Айтайлик, оилавий дам олиш мақсадида республикамизнинг тоғли ҳудудларига боришни режалаштирган фуқаролар учун қор кўчиш хавфи эҳтимоли борлиги тўғрисидаги SMS хабарга риоя қилиш турли кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олишга ёрдам беради.

Шунингдек, шамолнинг кучайиши, сел келиши ва шу каби бошқа огоҳлантирувчи SMS хабарларини аҳолига юбориш, аввало, инсон ҳаёти, соғлиги, мол-мулкини асраш ҳамда иқтисодиёт объектларининг барқарор ишлашини таъминлашда олдиндан кўриладиган чораларнинг самарадорлигини оширади.

Асосий мақсадимиз – Фавқулодда вазиятлар вазирлигини замонавий, табиий ва техноген хавф ҳамда таҳдидларга муносиб жавоб кўрсата оладиган янги такомиллашган тизимга айлантиришдан иборат. Бу борада босқичма-босқич амалга ошириб келинаётган ташкилий тадбирлар тизимли равишда давом эттирилади, албатта.