Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дунёда шундай истеъдодлар борки...
17:05 / 2021-05-17

Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева таваллуд топган кун

Оламда етти мўъжиза бор дейишади. Саккизинчиси, шоирнинг туғилиши! Фитратида тафаккур уммонининг мужассамлиги, туйғулар ғалаёнининг муаззамлиги, ҳаёт бўстонининг муҳтарамлиги шоирни мўъжизага айлантиради!

Яратувчи зот шоирни нафақат дунёга келтиради, балки атрофидагиларни унга шайдо, унга мухлис қилиб қўяди ва бу ошуфталар ҳар жабҳада шоирдан изоҳ истайди, имдод кутади, муродбахш калом талаб қилади. Шоир ҳамиша жавоб айтади, ҳамиша юрагини ўртаган ғалаёнларни оламга ёяди, жар солади. Мана шундай туғма истеъдод соҳибаси, қуйма заковат ва фасоҳат маликаси, шеъриятимизда номи бир лаҳза тилдан тушмайдиган атоқли ва ардоқли шоира – Ҳалима Худойбердиевадир.

Дунёда шундай истеъдодлар борки, улар ёрқин юлдуз остида, улуғвор буржлар бир нуқтада йиғилганда дунёга келади. Халқнинг юрагидаги сўзлар, эҳтиёжидаги тилаклар, тилларидаги талаблар булутлар тўдаси янглиғ тўпланганда, уларнинг бари шоир қаламидан ҳаётбахш ёмғир бўлиб тўкилади. Ҳақиқий шоир бу маҳалда товушни кўради, рангни эшитади. Ҳақиқий шоирлар бундай пайтда яхши шеър ёзолмаса ўзини, сохта шоирлар эса булутни, ёинки замонни айблайди. Истеъдоднинг буюклиги шундаки, замон унга қаерда, қанчалик муҳтож эканлигини аниқ сезиб туради.

Илоҳийлик бор экан, шоирлик ҳам йўқолмайди.

Агар шеър одамлар кўнглидаги сўзлардан туғилса, у хоҳ қайғулик, хоҳ қувончли, хоҳ неча асрлар айтилмай келаётган, хоҳ бир лаҳза ичида туғилган бўлсин, самимий бўлса адабиёт девонида мангу муҳрланиб қолаверади.

Шоир қалбида ҳақиқатдан ҳам яширин, ўзи ҳам билмайдиган, ўзи ҳам бошқара олмайдиган заковат борки, шоир ўз ақлидан кўра, қалбидаги ўша заковатдан миннатдор бўлиши керак.

Шоир туғилишини – саккизинчи мўъжиза, дедик. Чунки, ҳеч бир она, у қанчалик башоратгўй, қанчалик кароматгўй бўлмасин, фарзанд кўраётганда, сизларга шоир туғиб бераяпман деёлмайди, айтган тақдирда ҳам гаплари орзудан бошқа нарса бўлмайди. Шоирни – халқнинг юраги туғади. Шу юрак унга тил беради, дард беради, изтироб беради, эзгулик йўлидан юришга абадул-абад ундаб туради. Шунинг учун бошқалар яшаш йўлини излаган пайтда, шоирлар яшаш мазмунини, ҳаёт мазмунини ахтаради.

Истеъдод – шоир пешонасини ярқиратган улуғ неъмат. У юракда исён бўлиб туғилади, бу исён шеърга айланса, шеър исёнга айланади.

Истеъдодсиз шоирнинг адабиётда юриши, халачўп минган сузувчининг уммонни кесиб ўтишига ўхшайди. Бундай сузувчи албатта ҳалокатга маҳкум. Агар шоирда ҳалокатдан қутқарувчи истеъдод бўлмаса, шеърлари ўзидан олдин ўтиб, жони кетиб кўмилмай, судралиб юрган кимсани эслатади. Афсуски, адабиётда ундай кимсалар кўп. Баъзиларнинг бўйинларида унвонлари ҳам борки, қиёмат куни ҳазрат Навоий бобомиз олдида бу унвонлари учун юзлари хижолатдан қизарса ажаб эмас. Қолаверса, ўзгалар устидан ҳукм чиқаришга ҳақли бўлмаган ҳолда баъзи бир ҳақиқатларни айтиб ўтиш жоизки, шоир учун виждон ─ юрагининг подшоси бўлиши керак. Юрак тўла-тўкис подшога бўйсуниши керак. Шоир минг ақлли бўлмасин, тафаккури ер юзидаги энг ўткир қиличдан-да ўткир ва тезкор бўлмасин, агар бу ақл виждон йўриғида юрмаса ҳикматга, донишмандликка эришолмайди. Ҳалима Худойбердиева шеърларида – шу ҳикмат, шу файз, сеҳргарона кучга йўғрилган жозибадор оҳанграбони кўрамиз.

Инсон ўзига ота-она танлаш ҳуқуқидан маҳрум туғилгани каби, ўзига феъл-атвор, ўзига қалб, қалбга эса олийсифат хислатлар, ҳаммага маъқул келувчи, севимли фазилатларни саралаш ҳуқуқидан маҳрум туғилади. Агар туғма шоир бўлмаса, бутун ҳаёти давомида, минг бор уринса, изланса ҳам у ўзини қайтадан яратолмайди, ўзини буюк шоир сифатида шакллантира олмайди, миллион сатр шеър ёзиб, туғма шоир ёзган бир сатр шеърга тенг шеър ёзолмайди. Мен Ҳалима опага эргашган, тақлид қилган, ундан ўрганган, ундан кўчирган, унга етиб оламан, унга тенгман, ундан баландман деган, юзлаб шоиру шоираларни биламан, лекин улар ёзган шеърлар Ҳалима опа шеърияти осмонида кезиб юрган саробдан бошқа нарса эмас. Улар изтиробларини куйламайди, сўзни ҳаммолдай ишлатади, мажбурлайди, зўрлайди, холос. Уларнинг ўз-ўзларига ишонмаслиги, ўзгага тақлид қилиш, ҳатто ўзгаларни ёмон кўришларига сабаб бўлади, холос.

Инсониятнинг шоирлардан миннатдор бўлишининг маъноси шундан иборатки, шоирлар ҳаёт гўзаллигини тезроқ кўради, тезроқ тушунтириб беради ва яхшироқ тасвирлайди. Бу ─ одамлар вақтини тежайди ва вақтини мазмунлироқ ўтказишга ёрдам беради. Вақт – ҳеч ким ҳаётингизга унинг бир лаҳзасини ҳам қўшиб қўёлмайдиган ноёб мўжиза.

Шоирлар сўз диёрининг ─ дарғаларидир. Улар сўз – заргари, сўзга жило берувчи ва қиёматга қадар абадий яшовчи иморатлар қуриб қолдира оладилар. Шоирлар туфайли сўз олами бойийди, гўзаллашади, обод бўлади. Инсонлар қалби ҳам бойийди, гўзаллашади, юксалади, обод бўлади. Мисол тариқасида айтсак “Бегим сизни табиат”, “Дориламон кунлар келди”, “Муқаддас аёл”, “Хат”, “Йўлдадирман”сингари шеърларсиз бугунги ўзбек сўз санъати, адабиёти анчайин ғариб, анчайин қашшоқ бўларди.

Шоира ёшлик йилларида юксак ҳарорат билан, балоғат йилларида юксак маҳорат билан ижод қилган эди, камолга етган айни бугунги кунларда юксак камолот билан ўзининг гўзал шеърларини тараннум этмоқда. Худди асалари сингари тинимсиз меҳнат қилиб, инсонлар қалбидаги жавҳар – сўзни йиғмоқда ва шеърият ихлосмандларига тақдим этмоқда.  

Ҳалима опа шеъриятда нафақат ғалаба қозонди, балки мақсадга ҳам етди, унинг шеърлари ХХ аср ўзбек шеъриятига олтин ҳарфлар билан ёзилди ва бу битикларни энди ҳеч ким, ҳеч қачон ўчиролмайди. Бугун шеър ҳақида гапирганда Ҳалима опа кўз олдимга келаётгани, Ҳалима опа деганда бу сўз шеърият билан уйғунлашиб кетаётганининг боиси ─ бу умрнинг бирор лаҳзаси, бирор сонияси шеърият ғалаёнларисиз кечмаган. Бир инсон ўзининг бир умрлик ҳаётини шеърият бўстонига туҳфа қилди. Шу сабабдан, ўзбек шеърияти бор экан, то қиёматгача гуллаб яшнаб тураверар экан, Ҳалима Худойбердиева деган ном ҳам бу бўстон саҳнида энг гўзал гулдаста янглиғ ифор сочиб, тиллардан тилларга кўчиб, диллардан дилларга завқ бағишлаб, эзгуликнинг ҳаётбахш нашидасини ёйиб юраверади.

Ҳалима Худойбердиева шеърияти барча халқлар адабиётида, маънавий ҳаётида ўз ўрнини эгаллашига ишонамиз.

                                                                                                                                             Муҳаммад Исмоил,  

Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби директори