French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дунёда ҳеч қачон уруш бўлмасин!
12:26 / 2021-04-27

Хотира ва қадрлаш куни олдидан

Мудофаа вазирлигининг Жанубий оператив қўмондонлиги ҳарбий хизматчилари Термиз туманида яшаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Кенжа бобо Султонов хонадонида бўлиб, ҳолидан хабар олди.  

Жанубий оператив қўмондонлиги бошлиғи, полковник Пўлатжон Сотиволдиев, Термиз ҳарбий прокурори, адлия подполковниги Шукуржон Тошматов, Термиз тумани мудофаа ишлари бўлими вакиллари, маҳалла фаоллари иштирок этган тадбирда пиру бадавлат отахон уруш ва ундан кейинги йилларни эслади, ҳозирги осуда, обод ҳаётга шукроналар айтди.

– Билагим энди кучга тўлаётган пайтда тақдир мени кўп синовларга дуч қилди, – дейди Кенжа бобо. – Ўн саккиз ёшимда урушга олиб кетишган. Жанг майдонларида кўплаб яқинларимдан, дўстларимдан айрилдим. Эҳ-ҳе ўша мудҳиш йилларда мен каби миллионлаб ёшлар, қирчиллама йигитлар фронт азобини тортди. Хат-ҳисобсиз инсонлар фронт ортида жабр кўрди. Ҳали ҳам урушни эсласам, кўз олдимда даҳшатли жанг майдонлари гавдаланаверади. Баъзан ўша оловли йилларда кўрган-кечирганларимни болаларимга, невараларимга, уларнинг ўртоқларига айтиб бераман. Бугунги тинч, тўқ замоннинг қадрига етиб яшашни, шундай тўкин кунларга шукрона айтишни маслаҳат бераман.  

1943 йил. Уруш айни қизиган палла. Жанг майдонида қаердандир дайди ўқ келиб, Кенжа бобо Султоновнинг ўнг оёғини тешиб ўтади. Иккинчи ўқ ўнг қўлини жиддий яралайди. Шу ернинг ўзида тиббиёт ходимлари биринчи ёрдам кўрсатиб, жангчини ҳарбий госпиталга жўнатади. Госпиталда узоқ муддат даволаниб, 1944 йилнинг қиш фаслида қайта жанг майдонига отланади. Жиддий яраланган бўлишига қарамай мард ўзбек ўғлони бугунги фаровон ҳаёт учун яна кўкрагини қалқон қилади. Ана шундай оғир жанглардан бирида ёнидаги окопнинг душман томонидан портлатилиши натижасида Кенжа Султоновга иккинчи марта жиддий жароҳат етказади.  

– Кўзимни очсам госпиталда эканман, – дея хотирлайди Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси. –  Врачлардан сўрасам, портлаган окопдан учиб келган осколка бошимга тегиб, яралабди. Уч ойдан кўпроқ вақт госпиталда ётиб, даволандим. Шундан сўнг фронт ортида оддий колхозчи бўлиб, меҳнат қила бошладим. Бизнинг авлод ёшлигида кўрган-кечирганлари ҳаёт эмас, даҳшату уқубат эди, болаларим! Урушда ҳам, урушдан кейинги тикланиш йилларида ҳам турли азоблар гирдобида яшадик.  

Ҳа, мард ўғлон Кенжа Султонов ҳам бошқа ўғлонлар қатори уруш йиллари душман билан жанг қилишни унутилмас матонат ва жасорат, урушдан кейинги очарчилик ва тикланиш йилларида кунни тунга улаб, меҳнат қилишни сабру қаноат, дея билди. Тинч, тўкин йилларни кўришни ният қилиб яшади. Эндиликда отахон ёшлигида орзу қилган ўша доруломон кунлар насиб этганига ҳар тонг шукрона айтиб, фаровон ҳаёт кечирмоқда.  

– Юртимизда, айниқса, сўнгги йилларда мен каби уруш қатнашчилари ва фронторти меҳнат фахрийларига алоҳида ғамхўрлик кўрсатилиб, барча шарт-шароитлар яратилаётгани, ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани очиғи, ёшимизга ёш қўшмоқда, – дейди Кенжа бобо. – Қалбимизни тоғдек кўтаряпти. Мана, яқинда ҳам Президентимиз Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида фармон қабул қилиб, ҳар биримизга 12 миллион сўмдан пул мукофоти беришни топширибди. Ёшу кексага бирдек эътибор қаратаётган Ватанимиз илоҳим тинч, юртимиз обод бўлаверсин. Дунёда ҳеч қачон уруш бўлмасин, ҳеч ким бу балодан азият чекмасин!

Учрашув якунида Кенжа бобо Султоновга озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон ва бошқа зарур тиббий воситалар совға қилинди.  

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА