Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Дунёда энг катта эбру тасвири” Бўстонлиқда
12:24 / 2024-08-28

Бўстонлиқ туманида жойлашган дам олиш масканида Ўзбекистон Республикаси Давлат герби ҳамда “Ўзбекистон – мустақилликка 33 йил” ёзуви туширилган “Дунёда энг катта эбру тасвири” яратиш бўйича жаҳон рекорди ўрнатилди.

Тошкент вилояти ҳокимлиги, “Saipro Group” МЧЖ ва кўплаб ҳамкор ташкилотлар билан ташкил этилган тадбирда мамлакатимиз маданият ва санъат арбоблари, тасвирий санъат усталари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, “Guinnes World Records” ташкилоти вакиллари қатнашди. Асосий мақсад мамлакатимиз Мустақиллигининг ўттиз уч йиллигини кўтаринки руҳда нишонлаш, давлатимиз рамзларига ҳурмат туйғусини ошириш, аждодларимиз яратган санъатни қайта тиклашдир.  

Шунингдек, Гиннес бренди орқали дунё ҳамжамияти эътиборини юртимиз бой маданий мероси ва туризм потенциалига қаратиш ҳам режалаштирилган. Мутахассислар таъкидлашича, юртимизда пайдо бўлган “Абри баҳор” ёки “Эбру” санъати – бу сув юзасига махсус бўёқ билан тасвирлар чизиш бўлиб, ҳосил бўлган шакллар ва безаклар қоғоз ёки матога кўчириб ўтказилади. Жараён тугал амалга оширилиши учун рассомдан катта маҳорат, билим ва тажриба талаб қилади. Ушбу Эбру тасвири бўйича янги рекорд Туркияда истиқомат қилувчи, асли ўзбек рассоми ва Эбру санъати устаси Аҳмед Чоктан томонидан ўрнатилди.  

[gallery-19021]

Қоғозга туширилган тасвирнинг эни 1,61 метр ва узунлиги 12,96 метр бўлиб, жами 20,86 кв. метрни ташкил этади. Аввалги энг катта Эбру тасвири (16,5 кв.метр) жаҳон рекорди 2009 йилда Қатарда ўрнатилган ва 15 йил ўтиб Ўзбекистонда янгиланди.  

Тадбир давомида ижодкор А.Чоктан ўз ёрдамчилари билан бирга мазкур ижод намунасини аввал сувда тасвирлаб, кейин махсус қоғозга кўчирди. Жараён халқаро экспертлар томонидан кузатиб борилди. Якунда мазкур йўналишда янги жаҳон рекорди ўрнатилганини тасдиқловчи махсус ёрлиқ ташкилотчилар томонидан Эбру санъати устаси Аҳмед Чоктанга топширилди.  

– Ёшликдан амалий санъат турларига қизиқаман, – дейди А.Чоктан. – Эбру санъати қадимда Бухорода, ўзбек заминида пайдо бўлиб, китобларни безаш учун ишлатилган. Сўнгра Мовароуннаҳр усталари орқали Эрон ва Туркияга тарқаган. Бу санъат орқали яратган асарларим билан Япония, Германия, Канада, Жанубий Корея, Қатарда ташкил этилган кўргазма ва маданий тадбирларда қатнашганман. Бу рекордни Ўзбекистонда ташкил этишимга сабаб ўзбек санъатини жаҳонга танитиш, тарих ва маданиятга берилган эътиборни кўрсатишдир.  

Тадбир доирасида Ўзбекистон тасвирий санъат усталари орасида мамлакатимиз мустақиллигининг 33 йиллиги ва табиатига бағишланган “Янги Ўзбекистон тонги” тасвирий санъат пленери ўтказилди.  

А.Мусаев, А.Алижонов(сурат, видео),ЎзА.