Статистик маълумотларга кўра, дунёда ногиронлар сони, уларнинг дунё аҳолисидаги улуши 1 миллиарддан ортиқ бўлиб, бу 15 фоизни ташкил этади. Ўзбекистонда ногиронлар сони 760 минг нафарга яқин. Уларнинг 120 мингга яқини 18 ва ундан кичик ёшдаги ногирон болалардир. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги директорнинг биринчи ўринбосари Баҳодир Каримов айтиб ўтди.
Брифингда таъкидланганидек, ўтган беш йил мобайнида мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг тиббий-ижтимоий хизматларга муҳтож бошқа қатламлари учун пенсия ва тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатиш бўйича мақсадли чора-тадбирлар амалга оширилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 августдаги "Ногиронларга кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизматлар сифатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ушбу долзарб масалаларни ҳал этиш йўлидаги муҳим қадамдир.
Қарорга мувофиқ, замонавий протез-ортопедия мосламалари, реабилитация қилишнинг техник воситалари ва алоқа воситалари болалар ва катталар ногиронлигининг олдини олиш, уларнинг самарали реабилитацияси, тўлақонли турмуш тарзи олиб бориши ва ҳуқуқий салоҳиятини оширишга кўмаклашади.
Замонавий таълим муассасаларида эшитишда нуқсони бўлган болаларни замонавий эшитиш воситалари билан таъминлаш орқали адаптив таълим тизими жорий этилади. Шу мақсадда жорий йил охирига қадар "Zamin” халқаро жамоат жамғармаси ва Молия вазирлиги билан биргаликда 4 мингта замонавий эшитиш мосламаси харид қилинади ва у ихтисослаштирилган таълим муассасаларида таҳсил олаётган эшитиш қобилияти заиф болаларга етказилади.
Эшитишда нуқсони бўлган болаларни тарбиялаш, ўқитиш, шунингдек, эшитиш қобилияти бузилишларини ўз вақтида тузатиш учун мақбул таълим шароитларини таъминлаш зарурлигини инобатга олиб, Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги "Zamin International Community" жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим ва Халқ таълим вазирликлари билан биргаликда "Эшитишни истайман!" лойиҳасини амалга оширишга келишиб олинди. Бу лойиҳанинг асосий мақсади Тошкент шаҳар давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотларидан эшитишида нуқсони бўлган 75 нафар бола ҳаётини идрок этиш сифатини, 18 та ихтисослаштирилган мактаб-интернатдан эшитишида нуқсони бўлган 5 минг 67 нафар боланинг ҳаётини идрок этиш сифатини ошириш ҳамда уларни замонавий эшитиш протезлари билан таъминлаш орқали таълим-тарбия жараёни самарадорлигига эришишга кўмаклашишдан иборат.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур қарори турли касаллик ва жароҳатлар асоратларини эрта аниқлаш, ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни тез ва сифатли кўрсатиш, тиббий-ижтимоий хизматларни ташкил этиш, фуқаролар ногиронлигининг самарали олдини олишда муҳим аҳамиятга эга. Мазкур қарор натижасида юзлаб, минглаб фуқароларнинг келажакка ишончи ортади, юзлаб оилалар учун бахтли ва мазмунли ҳаёт таъминланади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА