Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дунё замонавий илм эгалари учун доим очиқ ёхуд ёшларимиз муваффақият калитининг сири (+видео)
19:51 / 2026-03-04

Президент Шавкат Мирзиёев 24 февраль куни ёшлар билан очиқ мулоқоти давомида нуфузли хорижий олийгоҳлар билан биргаликда бизнесга ўқитиш, тил билиш даражасини ошириш бўйича аниқ топшириқлар берган эди.

Қайд этиш керак, юртимиздаги 22 миллиондан зиёд ёшлар иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий жараёнларда муҳим куч саналади. Йиғилишда барча даражадаги раҳбарлар ёшларни чет тиллари ва замонавий касбларга ўргатиш, уларни спортга кенг жалб этиш ҳамда истиқболли стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга масъулият билан ёндашиши лозимлиги таъкидланди. 

“Эл-юрт умиди” жамғармаси ижрочи директори Гулноза ИСМОИЛОВА очиқ мулоқотдан сўнг ЎзА мухбирига берган интервьюсида ёшларни хорижий таълим дастурларига жалб этиш бўйича қилинаётган ишларга алоҳида тўхталди.

– Давлатимиз раҳбари хорижий тил сертификатига эга ёшларни қўллаб-қувватлаш механизми самара берганини таъкидлаб ўтдилар. Дарҳақиқат, сертификат олган ёшлар 600 мингдан ошди, хорижий тилларни мукаммал биладиган 72 минг инструктор шаклланди. Хусусий ўқув марказларининг сони эса уч карра кўпайиб, 38 мингдан ошгани эътироф этилди.

Хусусий ўқув марказлари уюшмасини ташкил этиш ташаббуси қўллаб-қувватланиб, уюшма аъзоси бўлган марказларга биносини ижарага берган тадбиркорлар ижарадан олинадиган даромад ва фойда солиғини тўлашдан озод этилади. Бундай марказлар ўқитувчиларини илғор таълим марказларига стажировкага юбориш амалиёти йўлга қўйилади.

Бугунги кунда “Эл-юрт умиди” жамғармаси фаолияти барча йўналишлар билан бевосита боғлиқ. Зеро, стипендиантларимиз дунёнинг энг нуфузли универститетларида таҳсил оляпти, энг малакали профессорлардан билим эгаллаб, янги ғояларни ўзлаштирмоқда. Муҳими, улар шу билимларини Ўзбекистонга жорий этиш йўлида бор куч-ғайратини ишга солмоқда.

Йиғилишда бир-биридан муҳим, долзарб масалар юзасидан таклифлар илгари сурилди, шу билан бирга, аниқ топшириқлар ҳам берилди. Ҳар бир таклиф ва ташаббус ёшларимизни мамнун этди. Чунки таклифлар барча соҳаларда фаолият юритаётган ёшларни реал режалар билан келажакка катта қадам қўйишга ундайди.

Касбий кўникмаларни ошириш, спортни ривожлантириш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, хотин-қизларга қўшимча имкониятлар яратиш, тил марказларини очиш бўйича имтиёзлар ва олий таълимга қамровни кенгайтириш бўйича қатор ишлар амалга оширилади. Жорий қилинаётган бу каби лойиҳалар ёшлар ҳаёти фаровонлиги, уларнинг келажаги йўлида муҳим концепция, “йўл харитаси” бўлиб хизмат қилади.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, “Эл-юрт умиди” жамғармаси иқтидорли ёшлар ва мутахассисларни хорижнинг нуфузли олийгоҳларида бакалавр, магистр ва докторантура дастурларида таълим олишини молиялаштиради. Ташкилот очиқ стипендия танловлари орқали кадрлар тайёрлаш, ватандош экспертларни жалб қилиш ва хорижий тажрибани жорий этиш билан шуғулланади.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Vn9jw7sHRMg" title="Dunyo zamonaviy ilm egalari uchun doim ochiq yoxud yoshlarimiz muvaffaqiyat kalitining siri" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

ЎзА мухбири Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ ёзиб олди.

Анвархўжа АҲМЕДОВ (видео).