Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дунё хабарлари қисқа сатрларда
12:46 / 2026-03-10

Қисқа, аниқ ва ишончли ахборот – глобал дунёда тезкор хабардорлик гаровидир. ЎзА жаҳонда содир бўлаётган энг муҳим воқеаларни қисқа сатрларда ёритишда давом этади.

NATO Эрон ракетасини иккинчи бор “тўхтатди”

NATO кучлари Туркия ҳудудига йўналган яна бир Эрон баллистик ракетасини уриб туширганини маълум қилди. Туркия мудофаа вазирлигига кўра, ракета мамлакатнинг жануби-шарқида, Сурия чегарасига яқин ҳудудда йўқ қилинган. Бу сўнгги бир ҳафта ичидаги иккинчи шундай ҳолат бўлиб, Яқин Шарқда АҚШ-Исроил зарбалари ортидан кескинлашган вазият Ташкилот ҳудудига ҳам таъсир кўрсатмоқда.

NATO вакили Эллисон Ҳарт альянс барча аъзо давлатларни ҳимоя қилишга тайёр эканини таъкидлади. Шу билан бирга, Туркия ҳозирча иттифоқ доирасида Эронга қарши расмий ҳарбий механизмни ишга туширишни сўрамаган. Анқара эса ҳодиса ортидан Эрон элчисини чақириб, расмий норозилик билдирди. Альянс ҳарбий тузилмага аъзо давлатлар хавфсизлигини таъминлаш учун ҳимоя чораларини кучайтирган.

Трамп: Эрон можароси тез орада тугаши мумкин

АҚШ президенти Дональд Трамп Эрон атрофидаги низо тез орада тугаши мумкинлигини айтиб, вазият нефть таъминотига боғлиқлигини инкор этмади. Унинг огоҳлантиришича, агар Эрон Ҳурмуз бўғозида нефть ташишни тўхтатса, Қўшма Штатлар “ҳозиргача берилган зарбалардан йигирма баробар кучли жавоб беради”. Трампнинг баёноти янги олий раҳбар — Оятуллоҳ Мужтабо Ҳуманаий тайинланганидан кейин нефть нархлари кескин кўтарилган пайтга тўғри келди.

Шу билан бирга, Трамп АҚШ армияси операцияларда “кутилганидан тезроқ муваффақиятга эришаётганини” билдирди. Вашингтоннинг асосий мақсадлари — Эроннинг ракета дастурини йўқ қилиш, ҳарбий-денгиз имкониятларини чеклаш ва ўлканинг ядровий қуролга эга бўлишининг олдини олиш экани таъкидланди. Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси вакили Али Муҳаммад Наиний бунга жавобан “уруш қачон тугашини Эрон белгилайди” дея баёнот берди.

Европа нефть захираларини ишга солишни муҳокама қилмоқда

Брюсселда йиғилган Европа Иттифоқи иқтисод ва молия вазирлари Эрон зиддияти ортидан кескин ўсган энергия нархлари ва инфляция хавфига қарши чораларни муҳокама қилмоқда. Муҳокамалар марказида стратегик нефть захираларини бозорга чиқариш имконияти турибди. Франция иқтисодиёт вазири Ролан Лескюр бозорни барқарорлаштириш учун барча воситалар, жумладан захиралардан фойдаланиш варианти ҳам кўриб чиқилаётганини айтди, аммо ҳозирча бундай қарор қабул қилинмаганини таъкидлади.

Германия вице-канцлери Ларс Клингбайл ҳам нефть захираларини ишга солиш имконияти очиқлиги, бироқ “ҳозир бунинг вақти эмас”лигини билдирди. АҚШ–Исроил зарбалари ортидан “Брент” нефти нархи 119 долларгача кўтарилди, бу Европа бозорларида ҳам кучли босим ҳосил қилди. Шу билан бирга, ЕИ расмийлари бу инқироз 2022 йилдаги Украина низосидаги энергия танқислигидан фарқ қилишини, чунки Европа энергия манбалари ҳозир анча диверсификация қилинганини таъкидламоқда.

Мелонининг сайлов ислоҳоти Италияда баҳсларга сабаб бўлди

Италия бош вазири Жоржа Мелони таклиф этган янги сайлов қонуни мамлакатда сиёсий баҳсларни кучайтирди. Лойиҳага кўра, сайловда 40 фоиздан ортиқ овоз олган партия ёки коалиция ғалабага эришган бўлади. Ҳозирги “Розателлум” деб аталадиган аралаш сайлов тизимида эса депутатларнинг бир қисми мажоритар округларда, қолгани эса пропорционал тарзда сайланади. Оппозициядаги Демократик партия бу ўзгаришни “қоидаларни ҳукумат фойдасига ўзгартириш” деб атаб, Мелонини 2027 йилги сайловларда ҳокимиятни сақлаб қолишга уринишда айбламоқда.

Мутахассислар эса ислоҳот кутилмаган натижаларга олиб келиши мумкинлигини айтмоқда. Экспертлар фикрича, янги тизим парламентнинг икки палатасида турли сиёсий кучлар кўпчиликка эга бўлиб қолиши хавфини ҳам туғдириши мумкин. Шунингдек, таклифда сайловчиларнинг алоҳида номзодларни танлаш имконияти чекланиши мумкинлиги ҳам танқид қилинмоқда. Қонун лойиҳаси Италия парламентининг икки палатасида муҳокама қилинади.

Орбан: Россия энергетикасига қарши санкцияларни қайта кўриб чиқиш керак

Венгрия бош вазири Виктор Орбан Европа Иттифоқи раҳбарларига мурожаат қилиб, Россия энергиясига қарши санкцияларни қайта кўриб чиқиш ва вақтинча тўхтатишни талаб қилди. Унинг фикрича, Яқин Шарқдаги уруш ва Украинадаги вазият нефть ҳамда газ нархларини кескин ошириб, Европа иқтисодиётига жиддий босим ўтказмоқда. Орбан бу масала юзасидан ЕИ Кенгаши раҳбари Антониу Кошта ва Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйенга расмий мактуб йўллаганини маълум қилди.

Венгрия ва Словакия “Дружба” қувури орқали Россия нефтини импорт қилишда истисно ҳуқуқига эга бўлиб келган, аммо қувур январь ойидаги ҳужумдан кейин ишдан чиққан. Брюссель ҳозирча Будапешт талабига расмий жавоб бермади, ЕИ 2027 йилгача Россия ёқилғи ресурсларидан тўлиқ воз кечиш режасини ҳозирча сақлаб қолмоқда.

Эрон можароси авиаташувлар нархини оширмоқда

Эрон атрофидаги ҳарбий можаро ва Ҳурмуз бўғозининг ёпилиши нефть ҳамда авиакеросин нархларини кескин оширди. Бу эса авиачипталар нархига ҳам таъсир қилмоқда. Германия мутахассислари таъкидлашича, нефть ва керосин нархи узоқ муддат юқори бўлиб қолса, авиакомпаниялар харажатларнинг бир қисмини йўловчиларга юклашга мажбур бўлади. Шу сабаб Пасха ва ёзги таътил даври учун парвозлар янада қимматлашиши мумкин.

Айниқса, Осиё йўналишларида нархлар кескин ўсди: масалан, Франкфурт–Сингапур рейслари аввал 400-800 евро атрофида бўлган бўлса, ҳозир айрим ҳолларда 2000 еврога етмоқда. Бунга Форс кўрфази аэропортларининг муҳим транзит марказ экани ва айрим рейслар бекор қилингани сабаб бўлмоқда. Мутахассислар парвозларни эртароқ брон қилишни ва Европа йўналишларини масалан, Хорватия, Болгария ёки Лондон, Будапешт, Стокгольм каби шаҳарларни арзонроқ вариант сифатида кўриб чиқишни тавсия қилмоқда.

Ҳурмуз бўғози блокадаси озиқ-овқат бозорига ҳам таъсир қилади

Эрон низоси сабаб Ҳурмуз бўғозида кемалар ҳаракатининг чекланиши нафақат нефть ва газ, балки глобал озиқ-овқат таъминотига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. Мутахассислар таъкидлашича, ушбу стратегик йўлак орқали жаҳондаги нефть экспортининг қарийб 30 фоизи, табиий газнинг 20 фоизи ва ўғитлар экспортининг ҳам катта қисми ўтади. Айниқса, мочевина каби минерал ўғитлар нархи бир ҳафта ичида 450 доллардан 600 долларгача ошди. 

Форс кўрфази давлатлари — Қатар, Саудия Арабистони, Баҳрайн ва Ўмон дунёдаги азотли ўғитларнинг йирик экспортчилари ҳисобланади ва уларнинг маҳсулоти Ҳиндистон, Бразилия, АҚШ ва Австралия каби мамлакатлардаги ҳосилдорлик учун муҳим. Агар бўғоз узоқ вақт ёпиқ қолса, буғдой, маккажўхори, нон, макарон ва бошқа асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ҳам ошиши эҳтимоли бор. Расмийлар ҳозирча хавотирга ўрин йўқлигини айтмоқда, аммо энергия нархларининг узоқ муддат юқори бўлиши глобал озиқ-овқат инфляциясини кучайтириши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

11 давлат Украинадан дронларга қарши тажриба сўрамоқда

Украина президенти Владимир Зеленский маълум қилишича, Эрон можароси фонида камида 11 давлат Киевдан “Шаҳид” туридаги дронларга қарши курашиш бўйича ёрдам сўраган. Булар орасида Эронга қўшни мамлакатлар ва Европа давлатлари ҳам бор. Улар Украинадан ҳаво мудофааси, электрон уруш тизимлари, дронларни тутиш технологиялари ва мутахассислар тайёрлаш бўйича тажриба олишга қизиқиш билдирмоқда.

Киев айрим ўлкаларга аллақачон амалий ёрдам кўрсатганини билдирди. Масалан, Украина Иорданиядаги АҚШ ҳарбий базаларини ҳимоя қилиш учун интерсептор-дронлар ва мутахассислар гуруҳини юборган. Зеленский таъкидлашича, Украина ёрдамни фақат ўзига қўллаб-қувватлов кўрсатаётган давлатларга тақдим этади. Шу билан бирга, у Эрон ва Россия ўртасида дрон технологиялари бўйича ҳамкорлик кучайиб бораётганини ҳам қайд этди.

G7 нефть захираларини очиш бўйича келиша олмади

Эрон уруши ортидан нефть нархи кескин ошиб, бир баррел “Брент” 119 долларгача етгани фонида G7 давлатлари молия вазирлари фавқулодда музокара ўтказди. Франция иқтисодиёт вазири Ролан Лескюр маълум қилишича, стратегик нефть захираларини бозорга чиқариш масаласида ҳали аниқ келишувга эришилмаган. Япония молия вазири Сацуки Катаяма эса Халқаро энергетика агентлиги бозорни барқарорлаштириш учун захираларни биргаликда чиқаришни таклиф қилганини билдирди.

Нефть нархининг кескин ошиши жаҳон молия бозорларига босим ўтказиб, АҚШ ва Осиё биржаларида йирик тушишларга сабаб бўлди. Мутахассислар узоқ давом этадиган юқори нефть нархи глобал иқтисодиёт учун “стагфляция” — иқтисодий ўсиш секинлашиб, инфляция юқори қоладиган хавфли сценарийни келтириб чиқариши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. АҚШ президенти Дональд Трамп эса нефть нархидаги ҳозирги ўсиш вақтинчалик эканини таъкидлаб, Эрон ядровий таҳдиди бартараф этилса нархлар барқарорлашишини айтди.

Кенияда тошқин: қурбонлар бор

Кенияда шиддатли ёмғирлар оқибатида юз берган тошқинлар камида 42 нафар инсоннинг ҳаётига зомин бўлди. Пойтахт Найроби шаҳрида сув тошқинлари туфайли 25 киши ҳалок бўлгани хабар қилинди — айримлар сувда чўкиб кетган, бошқалари эса электр токи уриши оқибатида вафот этган. Расмийлар қурбонлар сони яна ортиши мумкинлигини айтмоқда.

Кениянинг машҳур Масай Мара миллий қўриқхонаси ҳам тошқиндан жиддий зарар кўрди. Дарёлар қирғоқларидан чиқиб кетгач, сайёҳлар ва лагерь ходимлари вертолётлар орқали эвакуация қилинди, ҳатто филлар ҳам сув ичида қийинчиликда қолиб кетган ҳолатлар кузатилди. Маҳаллий аҳоли эса шаҳардаги дренаж тизимлари яхши ишламагани ва ҳукумат мавсумий кучли ёмғирларга тайёр эмаслигини танқид қилмоқда. 

Мусулмон Зиё, ЎзА