Қисқа, аниқ ва ишончли ахборот глобал дунёда тезкор хабардорлик гаровидир. Бинобарин, ЎзА мунтазам равишда жаҳонда содир бўлаётган энг муҳим воқеаларни қисқа сатрларда ифодалашга ҳаракат қилади.
Испания давлат тўнтаришига оид махфий ҳужжатларни эълон қилди
Испания ҳукумати 1981 йил 23 февралдаги (23-Ғ) муваффақиятсиз ҳарбий тўнтаришга оид 153 махфий ҳужжатни эълон қилди. Мамлакат Бош вазири Педро Сaнчес бу қарорни “жамият олдидаги тарихий қарзни узиш” деб атади. Ҳужжатлар орасида ҳарбийларнинг телефон суҳбатлари тавсифи, разведка ҳисоботлари ва 18 соатлик гаров инқирози пайтидаги вазирлик ёзишмалари бор. Айрим буйруқ нусхаларида “огоҳлантирувчи ўқдан кейин мўлжаллаб ўқ узиш” кўрсатмалари ҳам қайд этилган.
Шунингдек, материаллар қирол Хуан Карлос I тўнтариш ҳақида соат 18:22 да радиодан хабар топгани ва тунги мурожаати орқали исённи барбод қилганини тасдиқлайди. 23-Ғ чоғида подполковник Антонио Тейеро парламентни босиб олган, генераллар Миланс дель Бош ва Армада режани қўллаб-қувватлаган. Суд кейинчалик асосий айбдорларга 30 йиллик қамоқ жазоси тайинлаган. Ҳужжатлар 1968 йилги давлат сири қонунини янгилаш муҳокамаси асносида ошкор бўлди.
Киевдан “Дружба”ни тезроқ таъмирлаш сўралди
Европа Комиссияси Украинадан Россия зарбаси туфайли шикастланган “Дружба” нефть қувури тезроқ таъмирланишини сўрамоқда. Шу оқим орқали Россиядан нефть олаётган Венгрия ва Словакия таъминот узилиши ортидан икки карра вето қўллаб, Киев учун ажратилган 90 миллиард евро кредит ва Россияга қарши 20-санкция тўпламиини тўсиб қўйган. Брюсселдаги техник учрашувдан сўнг Комиссия таъминот хавфсизлигига ҳозирча таҳдид йўқлигини билдирди.
Айни пайт Хорватиядан ўтган JANAF (Адриа қувури) энг мақбул муқобил сифатида кўриляпти. Ушбу тизим Венгрия ва Словакия эҳтиёжини тўлиқ қоплаш қувватига эга, бироқ Будапешт ва Братислава арзон РФ нефтидан воз кечишни истамаяпти. Киев эса таъмир ишлари давом этаётганини билдириб, “ультиматум ва сиёсий босим” қабул қилинмаслигини айтди. Муаммо Украинага апрель ойида зарур бўладиган молиявий ёрдам тақдирига бевосита таъсир қилмоқда.
Ким Чен Ин: Сеулга эшик ёпиқ, аммо АҚШ билан “келишиб яшаш” мумкин
Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин ҳукмрон Меҳнат партияси қурултойида Сеул билан ҳар қандай яқинлашув имкониятини кескин инкор этди. У Жанубий Кореяни “душман субъект” деб атаб, жанубликларни “ватандош тоифасидан бутунлай чиқариши”ни билдирди. Пхеньян, агар хавф туғилса, Жанубни “тўлиқ йўқ қилиш” қудратига эгалигини ҳам таъкидлади. Мазкур баёнот Шимолнинг ядровий захирасига ҳамда Москва ва Пекин билан яқин алоқаларига таянаётган янги, кескин ташқи сиёсатини яна бир бор намоён қилди.
Айни пайт Ким мамлакати Вашингтонга нисбатан шартли равишда очиқлигини билдирди: Агар АҚШ Шимолий Кореянинг ядровий мақомини тан олса ва “душманона сиёсатидан воз кечса”, икки томон “яхши тил топиша олиши” мумкин. Давлат ахборот агентлиги “Korean Central News Agency” маълум қилишича, Ким Чен Ин янги сув ости қитъалараро баллистик ракеталар ва тактик ядровий қуролларни ривожлантиришга чақирган. Демак, Пхеньян музокарага фақат ўз шартлари асосида тайёр экани яна бир бор англашилади.
АҚШда рўйхатдан ўтган тез юрар қайиқдаги тўрт киши отиб ўлдирилди
Куба расмийлари маълум қилишича, Флоридада рўйхатдан ўтган тез юрар қайиқ мамлакат сувли ҳудудига кириб, тўхташ ҳақидаги талабга бўйсунмаган ва чегарачиларга ўқ узган. Шундан сўнг жавоб отишмаси оқибатида тўрт киши ҳалок бўлган, олти нафар йўловчи яраланган.
“Euronews” ёзишича, қайиқдаги 10 киши АҚШда яшовчи қуролланган кубаликлар бўлиб, “террор ҳаракатини амалга ошириш мақсадида оролга киришга уринган”.
Давлат котиби Марко Рубио воқеа юзасидан мустақил текширув бошланганини айтиб, ҳалок бўлганлар АҚШ фуқароси ёки доимий резидентлиги аниқланаётганини билдирди. Ҳодиса Вашингтон ва Гавана ўртасидаги кескинлик асносида содир бўлди. Маълумки, Трамп маъмурияти Кубага нисбатан нефть қамалини кучайтирган, Мигель Диаc-Канель эса музокара фақат “тенг шарт асосида” бўлишини таъкидлаб келмоқда.
Макрон Европа ядровий қалқони ҳақида янги баёнот беради
Президент Эммануэль Макрон душанба куни Европа миқёсида Парижнинг ядровий ҳиссаси бўйича муҳим нутқ сўзлаши кутиляпти. У Франциянинг ядровий тийиб туриш салоҳиятини европалик шериклар билан “мувофиқлаштириш” таклифи НАТО ёки АҚШ ядровий қалқони билан рақобат эмаслигини таъкидламоқчи. Маъруза учун мамлакатнинг тўртта баллистик ракета ташувчи атом сув ости кемаси жойлашган Иль-Лонг ярим ороли танланган.
Европада бу мавзуга қизиқиш Россия – Украина низоси ва Дональд Трамп даврида Вашингтоннинг хавфсизлик кафолати масаласига ноаниқ ёндашуви ортидан кучайди. “Қатъий етарлилик” тамойилига амал қиладиган Францияда тахминан 300 ядро каллаги бор. Бу АҚШ ва Россия захирасидан анча кам. Париж ва Лондон ўтган ёз имзоланган “Northwood Declaration” битими орқали ҳамкорликни чуқурлаштирган. Елисей саройи мақсад қурол пойгаси эмас, балки Европанинг мустақил тийиб туриш қобилиятини мустаҳкамлаш эканини такрорлаб келади.
Брюссель огоҳлантиради: Польша “йирик қарздорлар” қаторига
қўшилиши мумкин
Еврокомиссия 2025 йилги Қарз барқарорлиги мониторингида агар Польша давлат қарзи бўйича жиддий ислоҳот ўтказиб, харажатни қисқартириш чорасини кўрмаса, 2036 йилга бориб мамлакатнинг қарзи ялпи ички маҳсулотнинг тахминан 107 фоизига етиши мумкинлигини билдирди. 2025 йил III чоракдан кейинги кескин сакрашни англатаётган ҳозирги 58 фоиз кўрсаткич туфайли Польша кўҳна қитъадаги энг йирик қарздор давлатлар қаторига қўшилиши мумкин. Тахминга кўра, фақат Италия (149%), Франция (144%), Бельгия (137%) ва Испания (108%) мазкур эҳтимолий даражадан юқори.
Қисқа муддатда хавф чекланган, дея баҳолангани билан, ўрта ва узоқ муддатда тизим камомади ва қарзга хизмат кўрсатиш харажати ўсиши босимни кучайтиради. Комиссия фикрича, 2036 йилга келиб Польшанинг ялпи қарз олиш эҳтиёжи ЯИМ 20 фоизига етиши мумкин. Иқтисодчи Анжей Садовский эса “юнон сценарийси”ни эсга солиб, тартибга солишни қисқартириш ва давлат харажатини камайтириш таклифини берган.
Испания болаларга энергетик ичимлик сотишни тақиқламоқда
Испания ҳукумати 16 ёшгача бўлган болаларга энергетик ичимлик сотишни тақиқловчи қоида жорий қилади. Бу ҳақда ижтимоий ҳуқуқ вазири Пабло Бустиндуй маълум қилди. Кофеин миқдори белгиланганидан юқори бўлган ичимликлар эса 18 ёшга етмаганларга умуман сотилмайди. Ушбу қарор ўсмирлар саломатлигига кофеиннинг салбий таъсири хусусидаги маълумотга асосланган.
Мазкур ташаббус болаларни зарарли реклама ва носоғлом маҳсулотдан ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли лойиҳанинг бир қисми ҳисобланади. Қайд этилишича, аҳолининг 90 фоизи бу тақиқни қўллаб-қувватламоқда. Шу тариқа Испания Литва, Латвия каби айни йўналишда ёшга доир чеклов жорий этган давлатлар қаторига қўшилади.
Мусулмон Зиё, ЎзА