Қисқа, аниқ ва ишончли ахборот – глобал дунёда тезкор хабардорлик гаровидир. Бинобарин, ЎзА жаҳонда содир бўлаётган энг муҳим воқеаларни қисқа сатрларда ёритишда давом этади.
АҚШ БМТга қарзининг 160 млн долларини тўлади
Қўшма Штатлар БМТ олдидаги қарзининг 160 миллион долларини тўлади. Таъкидланишича, айни пайтда Вашингтоннинг тузилмадан умумий қарзи 4 миллиард доллардан ошади, жумладан тинчликпарварлик миссиялари бўйича ҳам йирик миқдордаги қарз сақланмоқда.
АҚШ президенти Дональд Трамп ушбу халқаро ташкилотни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлашини айтган бўлса-да, аммо унинг маъмурияти мажбурий тўловларни тўлиқ амалга оширмаган.
Венесуэлада чекланган амнистия: ҳуқуқ фаоллари норози
Венесуэла парламенти ҳукмрон партия ташаббуси билан чекланган амнистия тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Ҳужжат айрим йиллардаги норозилик намойишлари ва сиёсий воқеалар билан боғлиқ жиноятлар учун афв беришни назарда тутади, бироқ “ҳарбий исён” каби айрим айбловлар амнистиядан чиқарилган. Қонунга кўра, хориждаги шахслар амнистия сўраб мурожаат қилиши мумкин, аммо қарор учун шахсан мамлакатга келиш талаб этилади.
Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳужжатни етарлича таҳрирланмаган, деб баҳоламоқда. Улар сиёсий маҳбуслар тўлиқ озод этилмаётгани, мулк ва лавозим чекловлари бекор қилинмаганини қайд этишган. Ҳукумат эса мамлакатда сиёсий маҳбуслар йўқлигини айтиб келади ва амнистияни “ярашув жараёни” деб атади.
Ғазода қурбонлар сони расмий рақамдан юқори
“The Lancet Global Health” журнали эълон қилган янги маълумотга кўра, Ғазода урушнинг дастлабки 15 ойида 75 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган. Бу кўрсаткич маҳаллий соғлиқни сақлаш идоралари аввал маълум қилган 49 минглик рақамдан анча юқори. Таъкидланишича, ҳалок бўлганларнинг 56 фоиздан ортиғини аёллар, болалар ва қариялар ташкил этган.
Тадқиқотчилар 2 мингта хонадон ўртасида юзма-юз сўров ўтказиб, ҳисоб-китоб қилган. Улар зўравонлик оқибатидаги ўлимлардан ташқари, уруш билан билвосита боғлиқ касаллик ва бошқа сабаблар туфайли яна 16 мингдан ортиқ инсон вафот этганини таъкидламоқда. Муаллифлар вазият оғир шароитда ҳисоб юритилгани сабабли расмий рақамлар кам баҳоланган бўлиши мумкинлигини билдирган.
“Nvidia” “OpenAI”га 30 млрд доллар сармоя киритиши мумкин
“Nvidia” “OpenAI”нинг янги молиялаштириш раунди доирасида 30 миллиард доллар сармоя киритишга яқин турибди. Манбаларга кўра, “OpenAI” 100 миллиард доллардан ортиқ маблағ жалб қилишни режалаштирган ва бу компанияни тахминан 830 миллиард долларга баҳолаши мумкин. Бу тарихдаги энг йирик хусусий сармоя тўплашлардан бири бўлиши кутилмоқда.
Сармоянинг катта қисми “OpenAI” томонидан “Nvidia” чипларини харид қилишга йўналтирилади. Бу эса сунъий интеллект бозорида чип ишлаб чиқарувчилар ва модел яратувчилар ўртасидаги молиявий боғлиқлик янада кучайганини кўрсатади.
Россияда кафе ва ресторанлар оммавий ёпилмоқдами?
РФда ресторан ва кафелар зиддият бошланганидан бери тез суръатда ёпилмоқда. Москвадан Владивостоккача бўлган шаҳарлар савдо нуқталарида “ижарага берилади” ёзувлари кўпайган. Иқтисодиёт сўнгги йилларда ташқи санкцияларга қарамай ўсишни сақлаб келган бўлса-да, юқори фоиз ставкалари, солиқлар ва озиқ-овқат нархларининг кескин ошиши истеъмолни сусайтирмоқда.
Таъкидланишича, ўлкада умумий истеъмол харажатлари ўсиши февралда икки йил ичида илк бор нолга тушган. Марказий банк фоиз ставкасини 15,5 фоизга туширганига қарамай, бизнес учун кредитлар 18–19 фоиз атрофида қолмоқда. Кўплаб руслар ресторан ўрнига арзонроқ тез тайёр таомлар ва супермаркет маҳсулотларини танламоқда. Иқтисодчилар бу ҳолат уруш иқтисодиёти босими ва аҳоли даромадларининг секинлашуви билан боғлиқ эканини таъкидламоқда.
“Tesla” “Cybertruck” нархини туширди
“Tesla” компанияси “Cybertruck”нинг янги, арзонроқ муқобилини тақдим қилди. Икки моторли, тўлиқ юритмали модель 59 990 доллардан бошланади. Шу билан бирга, энг қиммат “Cyberbeast” версияси нархи 114 990 доллардан 99 990 долларга туширилди.
Компания 2026 йил стратегиясида харидорлар сонини ошириш учун нархларни туширишга урғу бермоқда. Аввалроқ, “Model Y”нинг янги тўлиқ юритмали варианти ҳам арзонроқ сегментда тақдим этилган эди.
Мусулмон Зиё, ЎзА