Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дунё хабарлари қисқа сатрларда
17:47 / 2026-02-19

Қисқа, аниқ ва ишончли ахборот – глобал дунёда тезкор хабардорлик гаровидир. Бинобарин, ЎзА жаҳонда содир бўлаётган энг муҳим воқеаларни қисқа сатрларда ёритишда давом этади.

Эрон АҚШга ёзма таклиф тайёрламоқда

Iran and U.S. conclude high-level talks in Oman, agree to resume next week,  Tehran says | Amu TV

Эрон Женевада ўтган музокаралардан сўнг АҚШ билан қарама-қаршиликни юмшатиш бўйича ёзма таклиф тақдим этиши кутилмоқда. “Reuters” манбасига кўра, Вашингтон ҳозир Теҳроннинг расмий ҳужжатини кутаётир. 

Қўшма Штатлар Эрондан ядровий дастурдан тўлиқ воз кечишни талаб қилмоқда, Ислом Республикаси эса фақат санкциялар юмшатилиши шарти билан чекловлар масаласини муҳокама қилишга тайёрлигини билдирган.

Хабарларга кўра, АҚШ Давлат котиби Марко Рубио 28 февраль куни Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу билан учрашиб, Эрон масаласини муҳокама қилмоқчи. АҚШ расмийлари музокараларда илгарилаш борлигини тан олган бўлса-да, аммо томонлар ҳали ҳам қатор масалаларда кескин фарқларга эга.

Мерц болалар учун ижтимоий тармоқларга чекловни қўллаб-қувватлади

Germany news: Merz open to social media ban for under-16s

Германия канцлери Фридрих Мерц болаларнинг ижтимоий тармоқларга киришини чеклаш бўйича чақириқларни қўллаб-қувватлади. У сохта хабарлар, сунъий интеллект орқали яратилган контент ва онлайн манипуляциялар жамиятга жиддий таҳдид солаётганини таъкидлаб, 14 ёшли ўсмирлар кунига ўртача беш ярим соат интернетда вақт ўтказаётганини мисол келтирди.

Мамлакатдаги Христиан-демократлар партияси 16 ёшгача бўлган болалар учун “TikTok” ва “Instagram” каби платформаларга тақиқ жорий этиш масаласини муҳокама қилмоқда. Бу ташаббусни коалициядаги социал-демократлар ҳам қўллаб-қувватламоқда, бироқ ГФРда умуммиллий чеклов жорий этиш учун ҳудудлар ўртасида келишув талаб этилади.

Канада иммиграция қоидаларини ўзгартирди

Express Entry | Canada Immigration Visa | Mississauga

Канада ҳукумати “Express Entry” тизимига янги устувор йўналишлар қўшди. Энди тадқиқотчилар, авиация мутахассислари, юқори малакали шифокорлар ва транспорт соҳаси ходимлари билан бирга айрим ҳарбий мутахассислар ҳам иммиграцияда устувор тоифага киради. Ҳукумат бу қадамни меҳнат бозоридаги танқисликни бартараф этиш ва иқтисодиётни стратегик соҳаларда мустаҳкамлаш билан изоҳлади.

Бош вазир Марк Карни миграция оқимини умумий камайтиришни кўзлаётган бир пайтда, мудофаа ва юқори технология соҳаларида малакали кадрларни жалб этишга урғу бермоқда. Янги стратегия доирасида Канада мудофаа сармояларини кескин оширишни режалаштирган ва бу орқали АҚШга боғлиқликни камайтиришни мақсад қилмоқда.

Пекин Трамп тарифларини имкониятга айлантирмоқда

Trump's Trade War Timeline: An Up-to-Date Guide | PIIE

Хитой АҚШ президенти Дональд Трампнинг тариф сиёсатини ўз фойдасига буришга уринмоқда. “Reuters” таҳлилига кўра, Пекин 19 триллион долларлик иқтисодиётини Вашингтон босимидан ҳимоя қилиш учун Европа Иттифоқи, Форс кўрфази давлатлари ва Тинч океани савдо блоги каби йирик иқтисодий ҳудудлар билан алоқаларни чуқурлаштиришга киришган. ХХР 20 га яқин савдо келишувини тезлаштириш орқали глобал таъминот занжирларига янада мустаҳкам ўрнашишни мақсад қилмоқда.

Таҳлилчиларга кўра, Хитой ўзини янги кўп томонлама савдо тизимининг марказига айлантиришни режалаштирмоқда, бироқ 1,2 триллион долларлик савдо профицити ва ортиқча ишлаб чиқариш муаммоси шериклар хавотирини кучайтирмоқда. Айрим ғарб дипломатлари бу вазиятни Пекин учун “олтин имконият” деб ҳисобласа, бошқалар Хитой амалда бозор очиқлиги ва истеъмолни ошириш бўйича аниқ қадамлар ташлаши кераклигини таъкидламоқда.

Сеул чегара яқинидапарвоз тақиқини тикламоқчи

North Korean man who crossed border wants to defect: Seoul

Жанубий Корея мудофаа вазирлиги 2018 йилги ҳарбий келишув доирасида жорий этилган, кейинчалик бекор қилингин парвоз тақиқини қисман тиклаш масаласини кўриб чиқмоқда. Режага кўра, демилитаризация зонаси яқинида самолёт ва дронлар ҳаракатини чеклаш қайта жорий этилиши мумкин, бироқ расмийлар бу қарор ҳарбий шайликка салбий таъсир қилмаслигини таъкидламоқда.

Вазирлик АҚШ билан маслаҳатлашув олиб бораётганини билдирди. Айрим экспертлар фикрича, тақиқ тикланса Сеулнинг шимолга нисбатан кузатув имкониятлари қисқариши мумкин. 

Покистон БМТ тинчликпарварлик миссияларини ҳимоя қилишга чақирди

Pakistan honours sacrifices of UN peacekeepers for global peace - Pakistan  Observer

Покистон БМТ тинчликпарварлик операциялари молиявий босим остида эканини таъкидлаб, бу тизимни сақлаб қолишга чақирди. Тузилмадаги доимий вакил Асим Ифтихор Ахмаднинг айтишича, сўнгги ўн йилда янги миссия очилмагани хавотирли сигнал бўлиб, глобал беқарорлик кучайган бир пайтда тинчликпарварликка эҳтиёж камаймаган. Унинг фикрича, бу масала техник эмас, аввало сиёсий ирода билан боғлиқ.

Элчи молиявий танқислик туфайли қўшинлар ва фуқаролик ходимлари қисқаргани, бу эса аҳолини ҳимоя қилиш ва зўравонликни тўхтатиш вазифаларига салбий таъсир кўрсатишини айтди. Покистон БМТ Хавфсизлик Кенгаши ваколат берган миссиялар барқарор ва кафолатланган молиялаштириш билан таъминланиши кераклигини урғулади. Унга кўра, тинчликпарварлик глобал хавфсизликнинг асосий воситаларидан бири бўлиб қолмоқда.

Италия “SeaWatch”га 76 минг евро тўлайди

Sea Watch, judges demand 76,000 euro compensation from the ministries.  Meloni: 'Absurd' - Il Sole 24 ORE

Палермо суди 2019 йил июнь ойида “Sea Watch” кемасининг ноқонуний ҳибсга олингани юзасидан Италияни 76 минг евродан ортиқ товон тўлашга мажбур қилди. Гап 42 нафар муҳожирни Лампедуза оролига тушириш учун денгиз блокадасини ёриб ўтган кема капитани Карола Ракете билан боғлиқ можаро ҳақида кетмоқда.

Суд қарорига кўра, давлат 2019 йил октябрдан декабргача кема учун сарфланган порт йиғимлари, ёқилғи ва ҳуқуқий харажатларни қоплаб бериши керак. Бу иш Италиянинг муҳожирлар сиёсати ва нодавлат қутқарув ташкилотлари билан муносабатлари борасида яна бир баҳсли саҳифага айланди.

Дубай портлари халқаро ассоциацияга қўшилди

Dubai Ports Authority unveils first AI-powered system

Дубай портлари маъмурияти (DPA) Халқаро портлар ассоциацияси (IAPH)га расман аъзо бўлди. Бу қадам Дубайнинг глобал портлар тармоғидаги иштирокини кенгайтириш ва барқарор, самарали ҳамда рақамли трансформацияга йўналтирилган денгиз инфратузилмасини ривожлантириш стратегияси доирасида амалга оширилди. 

Аъзолик орқали DPA 90 дан ортиқ давлат порт жамоалари билан ҳамкорлик ва тажриба алмашиш имкониятига эга бўлади.

Маъмурият IAPH доирасида эмиссияларни қисқартириш, энергия трансформацияси, рақамлаштириш ва таъминот занжири барқарорлиги бўйича дастурларда фаол иштирок этади. Расмийларга кўра, бу аъзолик Жабал Али, Ал-Ҳамрия ва Мина Рашид портларининг халқаро рақобатбардошлигини ошириш, ақлли технологиялар жорий этиш ва глобал стандартларга мослашишга хизмат қилади.

Мусулмон Зиё, ЎзА