Қисқа, аниқ ва ишончли ахборот – глобал дунёда тезкор хабардорлик гаровидир. Бинобарин, ЎзА жаҳонда содир бўлаётган энг муҳим воқеаларни қисқа сатрларда ёритишда давом этади.
Еврокомиссия кадрларни сараламоқчи
Европа Иттифоқининг кадрларни саралаш идораси (EPSO) етти йиллик танаффусдан сўнг “AD5” танловини қайта бошлади. Бу Еврокомиссияда доимий амалдор бўлиш учун асосий “кириш йўли” ҳисобланади. Бошланғич маош ойига 6 758 еврогача етади ва иш узоқ муддатли барқарорликни таъминлайди. 1 490 захира ўринлари учун 50–60 минг номзод ҳужжат топшириши кутилмоқда.
Муваффақиятга эришиш эса осон эмас, номзодлар мантиқий фикрлаш, ЕИ ҳақида билим, рақамли кўникмалар ва сиёсат бўйича ёзма имтиҳонлардан ўтиши керак. Натижада тахминан 750 нафар омадли инсонгина доимий лавозимга эга бўлади. Брюссель бу орқали нафақага яқинлашган кадрлар ўрнини янги, рақамли билимли авлод билан тўлдиришни мақсад қилмоқда.
Канада Европа томон юзланмоқда
Канада молия вазири Франсуа-Филипп Шампань Брюсселда евроҳудуд молия вазирларининг ёпиқ йиғилишида иштирок этди. Халқаро жамоатчиликни қизиқтирган жиҳати — бу форматга биринчи марта канадалик расмий таклиф этилди.
Учрашувда глобал макроиқтисодий номутаносибликлар ва геоиқтисодий таҳдидлар муҳокама қилинди. Экспертлар фикрича, Оттава АҚШ билан муносабатлари совуқлашган бир пайтда Европа Иттифоқи билан ҳамкорликни чуқурлаштиришга интилмоқда.
Томонлар халқаро савдо ва молиявий тизимда евронинг ролини кучайтириш масаласини ҳам кўтарди. Канада раҳбарияти “қоидаларга асосланган тартиб заифлашмоқда” дея баҳолаб, тарифлар ва молиявий инфратузилманинг сиёсий босим воситасига айланаётганидан хавотир билдирди. Муҳокамалар G7 ва G20 доирасида давом эттирилиши кутилмоқда.
Сурия “Ал-Ҳол” лагерида эвакуацияни бошлади
Сурия ҳукумати мамлакат шимоли-шарқида жойлашган “Ал-Ҳол” лагерини бўшатиш жараёнини бошлади. Илгари курдлар назоратида бўлган бу ҳудуд ўтган ой Дамашқ қўшинлари қўлига ўтган. Расмийларга кўра, лагерда қолган аҳоли Алеппо вилоятидаги бошқа жойларга кўчирилмоқда. “Ал-Ҳол”да асосан ИШИД деб гумон қилинган жангариларнинг қариндошлари — аёллар ва болалар истиқомат қилган, уларнинг умумий сони 24 минг атрофида эканлиги айтилмоқда.
БМТ Қочқинлар агентлиги лагер аҳолиси кескин камайганини тасдиқлади. Айрим хорижлик фуқаролар аллақачон олиб кетилган, бироқ инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Ироққа ўтказилган минглаб гумонланувчилар тақдири юзасидан хавотир билдирмоқда. Улар адолатсиз суд ва қийноқ хавфи борлигини таъкидламоқда.
Женева музокаралари: Теҳрон ва Вашингтон “умумий тамойиллар”га яқинлашди
Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи Женевада ўтган музокараларда АҚШ билан ядровий баҳс юзасидан асосий “йўл харитаси тамойиллари” бўйича тушунишга эришилганини билдирди. Унга кўра, томонлар бир қатор ғояларни муҳокама қилиб, айрим масалалар бўйича умумий келишувга яқинлашган, бироқ бу ҳали тўлиқ битим тузилди дегани эмас.
Арақчининг баёнотидан сўнг нефть бозорида кескин реакция кузатилди. Музокаралар фонида Эрон қисқа муддатга Ҳурмуз бўғозининг бир қисмини ёпганини маълум қилди, бу жой жаҳон нефть таъминоти учун стратегик аҳамиятга эга ҳудуд ҳисобланади. Ўмон воситачилигида ўтган музокаралар “аниқ кейинги қадамлар” билан якунлангани айтилмоқда, аммо минтақадаги сиёсий кескинлик ҳали тўлиқ бартараф этилмаган.
Япония АҚШга 36 млрд доллар сармоя киритади
АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти Япония томонидан 36 миллиард долларлик уч йирик лойиҳа молиялаштирилишини эълон қилди. Улар орасида Оҳайода 33 миллиард долларлик газ электростанцияси, Техасда нефть экспорт терминали ва Жоржияда сунъий саноат олмоси ишлаб чиқариш заводи бор. Бу сармоялар кунчиқар юртнинг 550 миллиард долларлик инвестиция мажбурияти доирасида амалга оширилмоқда ва Трамп тарифларни 15 фоизга тушириш бўйича савдо келишувини шу билан боғлади.
Оҳайодаги станция 9,2 гигаватт қувватга эга бўлиб, сунъий интеллект марказлари учун электр талабининг ўсишига жавоб беради. Техас лойиҳаси АҚШ нефть экспорт қувватини оширишга қаратилган, Жоржиядаги олмос заводи эса яримўтказгич саноати учун муҳим хомашё ишлаб чиқаради. Лойиҳалар фойдаси дастлаб 50/50 тақсимланиши, кейинчалик АҚШ фойдаси 90 фоизгача ошиши режалаштирилган.
Лионда таниқли сиёсатчи ўлими юзасидан тергов бошланди
Франциянинг Лион шаҳрида сиёсатчи Квентин Деранкнинг ўлими юзасидан тўққиз нафар гумонланувчи ҳибсга олинди. 23 ёшли Деранк ўтган ҳафта ўнгчилар намойиши чоғида камида олти киши томонидан калтакланиб, оғир мия жароҳати оқибатида вафот этган. Қўлга олинганлар орасида парламент аъзоси Рафаэль Арнонинг ёрдамчиси ҳам бор, у дарҳол ишдан бўшатилган.
Ҳодиса маҳаллий сайловлар ва 2027 йилги президентлик “пойгаси” олдидан юз бермоқда. Айни пайт мамлакат тергов идоралари ишни қасддан одам ўлдириш сифатида кўриб чиқмоқда. Ўлка Миллий ассамблеяси Деранк хотирасига бир дақиқа сукут сақлади, Лионда эса хотира марши режалаштирилган.
Ҳаво ифлосланиши альцгеймер хавфини оширади
Янги тадқиқотларга кўра, ҳаво ифлосланишига кўпроқ дуч келган инсонларда альцгеймер касаллиги ривожланиш хавфи юқори бўлади. АҚШдаги Эмори университети олимлари 2000–2018 йиллар оралиғида 65 ёшдан ошган 27 миллиондан ортиқ инсон маълумотларини таҳлил қилган. Ушбу даврда тахминан 3 миллион кишида альцгеймер касаллиги аниқланган. Тадқиқот ҳаводаги майда заррачалар (PM2.5) миқдори билан касаллик ўртасида тўғридан-тўғри боғлиқлик борлигини кўрсатган.
Олимлар ифлос ҳаво мияга билвосита эмас, балки тўғридан-тўғри таъсир қилишини таъкидламоқда. Айниқса, инсульт ўтказган инсонларда хавф янада юқори экани қайд этилган. Мутахассислар ҳаво сифати яхшиланиши деменция хавфини камайтиришга ёрдам беришини таъкидлаб, бу муаммо глобал даражада ҳамкорликни талаб қилишини айтмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА