Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дунё хабарлари қисқа сатрларда
11:19 / 2026-02-17

Қисқа, аниқ ва ишончли ахборот – глобал дунёда тезкор хабардорлик гаровидир. Бинобарин, ЎзА жаҳонда содир бўлаётган энг муҳим воқеаларни қисқа сатрларда ёритишда давом этади.

“Озарбайжон элчихонаси атайлаб нишонга олинган” — Алиев

Aliyev accuses Russia of deliberately striking Azerbaijan's embassy in Kyiv  – Aze.Media

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Мюнхен хавфсизлик конференциясида Россияни Украинадаги Озарбайжон элчихонасига атайлаб зарба берганликда айблади. Унинг сўзларига кўра, Боку Москвага дипломатик ваколатхоналар координаталарини тақдим этганига қарамай, 2025 йил июль, август ва ноябрь ойларида элчихона ҳудуди уч марта бомбардимон қилинган. Алиев бу ҳаракатни мамлакатга нисбатан “дўстона бўлмаган қадам” деб баҳолади. 

Euronews нашри ёзишича, зарбалар нафақат элчихонага, балки Украинада фаолият юритувчи “SOCAR” энергетика инфратузилмасига ҳам зарар етказган. РФ эса айбловларни рад этиб, зарар Украина ҳаво ҳимоя тизими носозлиги ёки ҳарбий нишонларга қарши амалиёт оқибатида келиб чиққан бўлиши мумкинлигини билдирган. Боку Москвага расмий дипломатик нота топширганини маълум қилди.

Сурия Европа билан иқтисодий алоқаларни мустаҳкамламоқчи

bne IntelliNews - Syria signs $14bn investment deals with international  companies

Дубайдаги Жаҳон ҳукуматлари саммитида Сурия инвестиция агентлиги раҳбари Талал Ҳилали Европа сармоядорларига мурожаат қилиб, 2025 йил мамлакат иқтисодий тикланишида бурилиш нуқтаси бўлганини айтди. Унинг таъкидлашича, энергетика соҳасидаги ислоҳотлар натижасида электр таъминоти кунига 3 соатдан 13 соатгача оширилган ва яқин орада 24 соатлик таъминлаш мақсад қилинган. Бу ишлаб чиқариш ва туризмни жонлантириш учун асос бўлиши кутилмоқда.

Ҳилали янги қабул қилинган “Investment Law 114”ни инвесторлар учун кафолат деб атади. Қонунга кўра, хорижлик сармоядорлар лойиҳанинг 100 фоизига эгалик қилиши, фойда ва сармояни эркин олиб чиқиши мумкин. Айрим соҳаларда солиқ имтиёзлари ҳам назарда тутилган. Расмий Дамашқ коррупцияга нисбатан “қатъий қизил чизиқ” эълон қилганини билдириб, Европа билан ҳамкорлик қилиш истагини билдирмоқда.

Индонезия Ғазо учун 8 минг ҳарбий тайёрламоқда

Indonesia: 8,000 troops can be 'ready' for Gaza mission by June

Индонезия армияси жорий йил июнь ойига қадар Ғазода эҳтимолий тинчликпарварлик ва гуманитар миссияси учун 8 минг нафар ҳарбий тайёр ҳолатга келтирилишини маълум қилди. Қуролли кучлар вакиллари таркибий бригада шакллантирилганини, апрель ойигача минг нафар гуруҳ тайёр бўлишини билдирди, бироқ аскарларни жўнатиш ҳақидаги сиёсий қарор ҳали қабул қилинмаган.

Расмий Жакартага кўра, миссия фақат гуманитар йўналишда бўлади — тиббий хизмат, тинч аҳолини ҳимоя қилиш ва тикланиш ишларига қаратилган. Индонезия Ғазода ҳарбий тўқнашувларда иштирок этмаслигини маълум қилган. Экспертлар бу қадамни Фаластин манфаатларини ҳимоя қилиш ва урушдан кейинги барқарорликни таъминлашга ҳисса қўшиш сифатида баҳоламоқда.

Австралия Суриядаги ИШИДга алоқадор фуқароларни қайтармайди

Holding ex-Islamic State members in Syria not sustainable, says thinktank |  Islamic State | The Guardian

Австралия бош вазири Энтони Албанезе Суриядаги ИШИД билан боғлиқ фуқароларни мамлакатга репатриация қилиш режаси йўқлигини билдирди. Унинг баёноти 34 нафар австралиялик аёл ва болаларнинг Ал-Рож лагерида қолгани, Дамашқ орқали ватанга қайтишга уриниши жараёнида Сурия расмийлари томонидан тўхтатилгани ортидан янгради. 

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари эса лагерь шароитларида қийноқлар ва зўравонлик ҳолатлари мавжудлигидан хавотир билдирмоқда. БМТ ҳам бир неча бор давлатларни ўз фуқароларини репатриация қилишга чақирган. Канберра эса миллий хавфсизлик омилларини асос қилиб, агар улар қайтса, қонун тўлиқ қўлланилишини маълум қилган.

Франция ғарбида тошқин: қурбонлар бор

Floods in western France leave two dead and 81…

Франциянинг ғарбий ҳудудларида бир неча ҳафта давом этган кучли ёмғирлар оқибатида йирик тошқинлар юз берди. Мамлакат бўйича 81 ҳудудда фавқулодда огоҳлантириш эълон қилинган. Камида 2 киши ҳалок бўлган, 850 мингга яқин хонадон электр таъминотисиз қолган. Энергетика компанияси “Enedis” мутахассислари аварияларни бартараф этиш ишларини бошлаган.

Жиронда ва Ло-э-Гаронна ҳудудларида дарё сатҳи рекорд даражага етган. Сент-Круа-дю-Мон яқинида тўғон бузилиб, йўллар ёпилган ва ўнлаб аҳоли эвакуация қилинган. Бордо атрофида транспорт ҳаракати чекланган, Парижда эса Сена дарёси суви кўтарилишда давом этмоқда. Янги ёмғирлар жанубда вазиятни янада оғирлаштириши мумкин.

Олтин нархи пасайди: хавфлар юмшади(ми)?

Gold gains on weak dollar, geopolitical turmoil; Fed, Trump's 2025 policies  in focus

Жаҳон бозорида олтин нархи пасайишда давом этмоқда. Геосиёсий кескинликнинг юмшаши — хусусан, Эрон ва Россия атрофидаги вазият барқарорлашаётгани инвесторлар хавотирини камайтирди. Олтин 0,8 фоизга тушиб, унцияси 4 953,90 долларга етди, АҚШ фьючерслари эса 1,5 фоизга арзонлашди. Шу билан бирга, доллар индекси 0,2 фоизга кўтарилган.

Бозор иштирокчилари энди АҚШ Федерал захира тизимининг январь ойидаги йиғилиши баённомасини кутаётир. Мутахассислар фикрича, фоиз ставкалари бўйича сигналлар олтин динамикасига ҳал қилувчи таъсир кўрсатиши мумкин. Ҳозирги кутилмаларга кўра, илк ставка пасайтирилиши июнь ойида амалга ошиши мумкин. 

Мусулмон Зиё, ЎзА