French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дунё хабарлари қисқа сатрларда
20:07 / 2025-05-22

-

Исроил ҳарбийлари европалик дипломатлар томонга ўқ узди

Ғарбий Соҳилдаги Женин шаҳрида хунук воқеа юз берди. Исроил ҳарбийлари турли мамлакатлардан келган 25 нафар элчи ва дипломатлардан иборат делегацияга қарата тасодифан огоҳлантирувчи ўт очган. Исроил армияси маълумотларига кўра, делегация тасдиқланган маршрутдан четга чиқиб, фаол жанговар ҳудудга тушиб қолган.

Исроил расмийлари воқеадан афсусда эканини айтиб, содир бўлган воқеа тушунмовчилик эканини таъкидлаган. Италия, Франция, Бельгия ва Испания ташқи ишлар вазирликлари воқеани қоралаб, Исроилдан расмий тушунтириш талаб қилди.

Қозоғистон ТДТ қошида доимий ваколатхонасини очади

Бу ҳақда мамлакат президенти Қасим- Жомарт Тоқаев Будапештда бирлашган ҳудудий ҳамжамият раҳбарларининг норасмий саммитидаги нутқида айтиб ўтди. 

У 11-12 июнь кунлари Остона шаҳрида Туркий давлатлар Парламент Ассамблеясининг 14-ялпи мажлиси бўлиб ўтиши ҳақида хабар бериб, Туркий давлатлар сайлов органларининг Маслаҳат платформасини яратиш муҳимлигини таъкидлади. 

Тоқаев шунингдек, июнь ойидан бошлаб Олмаота шаҳри бирлашган ҳудудий ҳамжамиятнинг ёшлар пойтахти бўлишини маълум қилди. 

Биткоин рекорд даражада қимматлашмоқда

Савдо маълумотларига кўра, Биткоин криптовалютаси нархи 2,87 фоизга ўсиб,  тарихда биринчи марта 110 минг доллардан ошиб кетган.

Бир кун аввал 20 дан ортиқ биржалар бўйича ўртача нархни ҳисоблаб борадиган “CoinMarketCap” маълумотларига кўра, Биткоин нархи 0,48 фоизга ошиб, ўртача 106 844,4 долларни ташкил қилган. 

Май ойининг бошидан буён ушбу криптовалютанинг қиймати 14 фоизга ўсди ва иккинчи ойки нарх кўтарилишда давом этмоқда. 

Таҳлилчиларнинг фикрича, АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти томонидан Биткоинни қўллаб-қувватлаш бозорга ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Европа Иттифоқи элчилари “САФЕ” режаси бўйича келишиб олди

Режани Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари, кейин эса Европа парламенти тасдиқлаши керак. Унда ҳамжамият бюджет маблағлари ва Европа комиссияси томонидан умумевропа кредити шаклида жалб қилинган маблағлар ҳисобидан 150 миллиард евролик  умумий жамғарма яратиш кўзда тутилган. Маблағларни Европа Комиссияси бошқаради.

Шундай қилиб, Европа Комиссияси  тарихда биринчи марта  бир вақтнинг ўзида ўз хоҳишига кўра ҳарбий буюртмаларни тарқатиш имкониятига эга бўлади ва улар бажарилгач, ўз назорати остидаги ҳарбий техника, учувчисиз самолётлар ва моддий-техника воситаларини олади. 

Дональд Трамп Британия ҳукуматига босимни кучайтирмоқда

АҚШ раҳбари Британия ҳукуматидан 2029 йилга келиб жорий парламент муддати охирида мудофаа сармоялари миқдорини ялпи ички маҳсулотнинг 3 фоизига етказиш учун хавфсизликка яна ўнлаб миллиард маблағ киритишни талаб қилди.

Шуни таъкидлаш жоизки, февраль ойида Британия ҳукумати 2027 йилгача сармояларни 2,5 фоизга оширишини эълон қилган эди.

“Reuters”: Эронда ядровий келишув бузилган тақдирда фавқулодда вазият режаси йўқ

Эроннинг учта манбаси “Reuters” агентлигига айтишича, агар вазиятни ҳал қилиш бўйича уринишлар муваффақиятсизликка учраса, Эрон раҳбарининг аниқ ҳаракат режаси йўқ.

Манбаларга кўра, Эрон "Б режаси" сифатида Хитой ва Россияга мурожаат қилиши мумкин, аммо Пекиннинг Вашингтон билан савдо уруши ва Москванинг Украина билан ўзаро зиддиятини ҳисобга олсак, Теҳроннинг захира режаси хира кўринади.

Қатар Сурия хавфсизлик кучларини тайёрлашга ёрдам беради

Қатар президенти Аҳмад аш-Шарани қўллаб-қувватлаш мақсадида Сурия хавфсизлик кучларини тайёрлашга ёрдам бера бошлади. Бу ҳақда “Kan 11” телеканали хабар бермоқда.

Қайд этилишича, бу АҚШ Давлат котиби Рубионинг Сурия режими бир неча ҳафта ичида қулаши мумкинлиги ҳақидаги баёнотидан кейин содир бўлмоқда.

Айни пайтда расмий Доҳа Сурияда полицияда хизмат қилиш ва тартибни сақлаш учун кичик оператив гуруҳларни тайёрлашни бошлаган.

Саид Мурод Раҳим тайёрлади.

ЎзА