Қозоғистон Россиядан импортни оширди
Қозоғистон Миллий статистика бюроси маълумотига кўра, 2024 йилнинг дастлабки 8 ойида Россиядан Қозоғистонга товар импорти 2,1 фоиз ошиб, 11,2 миллиард долларга етган. Бу ўтган йил шу даврига нисбатан 231,9 миллион доллар кўп. Бу ҳақда “Орда.кз” нашри ёзган.
Қозоғистонга РФдан кириб келадиган маҳсулотлар орасида металл, машина ва ускуна, кимё маҳсулотлари ва озиқ-овқат етакчилик қилмоқда.
Россия қардош мамлакат импортининг 29,4 фоизини қоплаган. Бу борада иккинчи йирик иқтисодий шерик – Хитойнинг улуши 24,9 фоиз.
Маск Трампга 75 миллион доллар хайрия қилди
Америкалик тадбиркор Илон Маск уч ой давомида АҚШ президентлигига номзод Дональд Трампнинг сайлов кампаниясини қўллаб-қувватлаш учун сиёсий қўмитага қарийб 75 миллион доллар хайрия қилган. Бу ҳақда Федерал сайлов комиссияси сайтида чоп этилган ҳисоботда айтилган.
Аввалроқ миллиардер ижтимоий тармоқ орқали собиқ Президентни қўллаб-қувватлашини бир неча бор билдирган.
Маск кейинги йилларда сиёсий фаолликни ошириб, ўзининг Х ижтимоий тармоғи орқали мунтазам равишда Америка сиёсати ҳақида фикр билдириб келмоқда. Ҳолбуки, у авваллари ҳар икки етакчи партияни тез-тез ва кескин танқид қиларди. Вақт ўтиши билан Маскнинг қараши ўзгариб, Республикачилар партиясини очиқ қўллаб-қувватламоқда.
Япония Корея ярим оролида кескинлашувнинг олдини олишга чақирди
Маълумки, КХДР икки Корея ўртасидаги йўлнинг бир неча қисмини портлатиб юборди. Шу муносабат билан Япония ярим оролдаги вазият кескинлашувининг олдини олиш муҳим, деб ҳисобламоқда. Бу ҳақда кун чиқар юрт Вазирлар Маҳкамаси Бош котиби ўринбосари Казухико Аоки матбуот анжуманида гапирган.
Унинг қўшимча қилишича, ҳукумат “маълумот тўплаш, таҳлил қилиш ва Шимолий Кореянинг кейинги ҳаракатини кузатиш учун барча чораларни кўради.
Ливанда 17 сентябрдан бери тиббиёт муассасаларига
20 дан кўп ҳужум уюштирилган
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълум қилишича, 17 сентябрдан буён Ливандаги тиббиёт муассасаларига 20 дан зиёд ҳужум уюштирилиши натижасида 72 шифокор ҳалок бўлган, 43 киши жароҳатланган. Можародан жабр кўрган ҳудудларда жойлашган 207 бирламчи соғлиқни сақлаш муассасаси ҳамда тиббиёт марказидан 100 таси ёпилган.
Ҳозир Ливандаги тиббиёт мажмуаларида таъминот камайган, ходимлар чарчаган.
ЖССТ Шарқий Ўрта ер денгизи минтақавий директори Хонан Балхий Ливандаги вазиятни “ташвишли” деб атади ва юқоридаги ҳолат бутун ҳудудга энг керакли пайтда тиббий хизмат кўрсатишга тўсқинлик қилаётганини таъкидлади.
Исроил мухолифати Эроннинг нефть конларига ҳужум қилишга чақирмоқда
Исроилдаги парламент мухолифати етакчиси Яир Лапид расмийларни Эронга жавоб зарбаси берилганда, мамлакат иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатиш мақсадида нефть конларини нишонга олишга чақирди. Бу ҳақда “Jerusalem Post” газетаси ёзди.
Аввалроқ “Washington Post” газетаси манбаларга таяниб, Бош вазир Биньямин Нетаньяху Президент Жо Байден маъмуриятига Эроннинг нефть ёки ядровий эмас, балки ҳарбий объектларига зарба беришга тайёрлигини айтгани ҳақида ёзган эди.
Клинтон демократлар ғалабаси кафолатини айтди
АҚШ собиқ Президенти Билл Клинтон Жоржия штатида демократлар номзоди Камала Харрис учун сайлов олди ташвиқоти чоғида “NBC News” телеканалига интервью бериб, “Сайлов натижаси “овозларни адолатли ва очиқ санаб олишимиз”га боғлиқ бўлади, деди. У “Демократлар ғалаба қозонишига нима ёрдам беради? Саволига шундай жавоб берган:
– Ғалаба муваффақиятни кўпроқ хоҳлайдиганлар томонидан бўлади. Биз овозлар адолатли, очиқ саналишига эриша оламизми?
Демократик партия вакили Камала Харрис ва унинг республикачи рақиби Дональд Трамп ўртасидаги рақобат сайлов куни яқинлашган сари кескин тус олмоқда. Сўнгги маълумотга кўра, икки номзод имконияти ўртасидаги фарқ атиги 1 фоиздан ҳам кам.
ЕИ ва Форс кўрфази етакчилари Яқин Шарқ ва Украина масаласини муҳокама қилади
Бугун Европа Иттифоқи ва Форс кўрфази ҳамкорлик кенгаши (ФҲК) раҳбарлари Брюсселда биринчи саммитни ўтказиш учун йиғилди. Анжуманда Яқин Шарқдаги вазият, энергетика соҳасидаги ҳамкорлик ва Украина инқирози масалалари муҳокама қилинмоқда.
– Саммитда эътибор уч йўналишга қаратилади: геосиёсий вазият, жумладан Украина ва Яқин Шарқдаги уруш, глобал муаммоларга нисбатан биргаликда жавоб чоралари кўриш, шунингдек ЕИ ва ФҲК муносабатида савдо ва виза масаласи, – деган ЕИ юқори лавозимли вакили учрашув олдидан журналистларга.
Унинг сўзларига кўра, Яқин Шарқ инқирози бўйича томонлар умумий мақсадни кўзламоқда – кескинлашувнинг олдини олиш.
FATF Россияни қора рўйхатга киритиши мумкин
FATF – Financial Action Task Force (Молиявий қонунбузарликка қарши чора кўриш гуруҳи) келгуси ҳафта Россияни қора рўйхатга киритиш тўғрисида қарор қабул қилади. Украина РФга нисбатан шундай қарор чиқаришга уринмоқда. Ушбу хабар “Politico” томонидан нашр ихтиёрига келиб тушган ҳужжатга таяниб тарқатилди.
Украина 2022 йил апрелдан буён ушбу йўналишда иш олиб боряпти.
22 октябрь куни мазкур ташкилотнинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтади.
Таъкидланишича, бундай қарор қабул қилиш учун FATF аъзолари – 40 давлат, жумладан Хитой, Ҳиндистон, Бразилия, Жанубий Африка ва Саудия Арабистонидан ҳам якдил фикр талаб қилинади.
Украинада давом этаётган можаро туфайли Россиянинг тузилмага аъзолиги 2023 йил 24 февралдан бошлаб тўхтатилган.
С.Раҳимов,
ЎзА