Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дунё хабарлари қисқа сатрларда
18:44 / 2024-08-26

-

ОАВ: Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар натижа бермади

- Музокараларда ҳеч қандай келишувга эришилмаган, -деб ёзди “Рейтер” ахборот агентлиги Миср хавфсизлик соҳаси манбаларига таяниб.

Якшанба куни Исроил бош вазири офиси маслаҳатчиси Дмитрий Генделман “РИА Новости”га берган хабарида айтилишича, Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш эвазига гаровдагиларни озод қилиш бўйича музокаралар ўз кучида қолган. Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати ўртасида вазият кескин бўлиб туришига қарамай, Исроил делегацияси  якшанба куни Қоҳирага келган.

25 август куни Қоҳира шаҳрида бўлиб ўтган музокарада АҚШ Марказий разведка бошқармаси раҳбари Уильям Бернс, Қатар бош вазири Муҳаммад бин Абдурахмон Ол Тони ва икки мамлакатнинг қатор юқори лавозимдаги мулозимлар иштирок  этган.

“Рейтер” ходими Краматорскда ҳалок бўлди

- Донецкнинг Краматорск шаҳридаги “Сапфир” меҳмонхонасида “Рейтер ахборот агентлигининг хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси ҳалок бўлди, -деб хабар тарқатди “Mirror” газетаси агентлик вакилининг маълумотига таяниб. 

Аввалроқ, “Рейтер” агентлиги Краматорск шаҳрида икки нафар журналисти жароҳатланганини, яна бири бедарак йўқолганини хабар берган эди. Агентликнинг ёзишича, ҳодиса “Сапфир” меҳмонхонасига ракета ҳужуми уюштирилганда юз берган.

БМТ бош котиби Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” ўртасида отишмалар авж олаётганидан хавотир билдирди

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш Исроил ва Ҳизбуллоҳ ҳаракати ўртасида юзага келаётган вазиятдан чуқур хавотир билдирди ва кескинликни юмшатишга чақирди. 

- Бош котиб отишмалар сони сезиларли даражада ошганидан чуқур хавотирда. Бу ҳаракатлар Ливан ва Исроил аҳолисини хавф остига қўяди, шунингдек, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликка таҳдид солади, - деган ташкилот бош котибининг расмий вакили Стефан Дюжаррик журналистларга. 

Гутерриш, шунингдек, қарама-қарши томонларни можарони юмшатишга ва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1701-резолюциясини бажаришга чақирган.

Жанубий Корея ва АҚШ йирик ҳарбий машқлар ўтказади

- Машқлар денгиз пиёдаларини  шарқий соҳилларга ва Пхохан ҳудудига  ташлаш билан бошланади, мақсад ҳарбийларнинг тезкор тайёргарлигини ошириш ҳамда иттифоқчилар билан ўзаро мувофиқ ҳаракат қилишни такомиллаштириш, -деб хабар тарқатди “Рёнхап” ахборот агентлиги Жанубий Корея ҳарбий денгиз кучлари ва денгиз пиёдалари бўлинмаси манбааларига таяниб.

Ҳарбий мулозимларнинг таъкидлашича, бу йил “Ssangyong” машқлари 26 августдан 7 сентябргача чўзилади. Унда десант кучлари, ҳарбий кемалар, вертолётлар, F-35B қирувчи самолётлари ва илк бор учувчисиз ўзи учар қурилмалар иштирок этади.

Ботсванада топилган олмоснинг ҳажми мамлакат президентини ҳайратга солди

Ботсвана Президенти Мокветсе Масиси мамлакат ҳудудида топилган йириклиги бўйича дунё тарихида иккинчи ҳисобланган олмос ҳажми ва оғирлигини кўриб ҳайратга тушди.

Аввалроқ, Канаданинг “Lucara Diamond Corp”  тоғ-кон компанияси Ботсвана конларининг биридан йирик олмос топганини  эълон қилганди. Ҳали ишлов берилмаган тошнинг оғирлиги 2 492 карат бўлган.

“Associated Press”нинг ёзишича, олмосга ҳозирча ном берилмади, қиймати ҳам кейинроқ баҳоланади.

Ким Чен Ин дрон ишлаб чиқаришни кенгайтиришга буйруқ берди

– Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин шанба куни КХДР Миллий мудофаа академияси қошидаги дрон тадқиқот институти томонидан ўтказилаётган синовларни назорат қилиб, дронларни фаол ривожлантириш ва ишлаб чиқаришни кўпайтиришга кўрсатма берди, -деб хабар тарқатди мамлакат Марказий телеграф агентлиги (МТА).  

Маълум қилинишича, синов 24 август куни бўлиб ўтган, Ким Чен Инга воқеа жойида Корея Меҳнат партияси марказий қўмитасининг юқори лавозимли ходимлари ҳамроҳлик қилган. 

Ким дронларнинг техник хусусиятлари ва маълумотларидан мамнунлигини билдирган ва уларни имкон қадар тезроқ фойдаланишга топшириш учун жанговар синовлар “суръатини ошириш” зарурлигини таъкидлаган. 

С.Раҳимов, ЎзА