Кексайишга қарши дори тайёрланяпти
АҚШда организм кексайишини секинлаштирадиган ва ҳатто, тўхтатадиган инновациявий дори тестдан ўтказилмоқда. Препарат таъсири итда синаб кўрилган. Бу ҳақда ABC7 телеканали хабар тарқатди.
“Telomir Pharmaceuticals” компанияси бош директори доктор Кристофер Чапман Кливленд клиникасидан ҳамкасби Майкл Ройзен билан бирга инсон илдиз ҳужайрасида теломер қопқоғини узайтириши кутилаётган янги дорини синовдан ўтказди. Шу орқали ҳужайрани ҳаётга қайтариш ва кўпайтириш имкони пайдо бўлади. Натижада бемор том маънода ёшариши мумкин.
ОАВ маълумотига кўра, препарат самарадорлиги аллақачон икки кекса жонивор – саратон ташхиси қўйилган немис овчаркаси ва артрит билан оғриган Нюфаундленд зотига мансуб итда синаб кўрилган. Таъкидланишича, мўъжизавий таблеткани қабул қилган тўрт оёқли дўстларимизнинг соғлиғи олимлар кўз ўнгида яхшиланган.
Тажрибага жами ўн жонивор жалб этилган. Якуний натижа келгуси йил оммага окшор қилинади. Тадқиқотчилар ушбу дори келажакда одамларга фойда келтиришидан умидвор.
Ливия марказий банки фаолиятини тўхтатди
Ливия марказий банкидан маълум қилинишича, номаълум кимсалар муассасанинг ахборот технологиялари бошқармаси директорини ўғирлаб кетган. Жабрланувчи Мусоб Мусаллим якшанба куни эрталаб ўз уйидан ғойиб бўлган. Таъкидланишича, бошқа юқори лавозимли ходимлар ҳам шунга ўхшаш таҳдид сезган.
– Токи Мусоб Мусаллим озод этилиб, ишга қайтмас экан, ҳеч бир бошқарма ёки тизим фаолият кўрсатмайди, – дейилган банк баёнотида.
Ливияда бир-бирини тан олмаган икки ҳукумат мавжуд. Биринчиси – БМТ қўллаб-қувватлаган, Триполи шаҳридан қўним топган Абдулҳамид Дбейбой раҳбарлигидаги Миллий бирлик ҳукумати (МБҲ). Иккинчиси – Бенғозида жойлашган Усама Ҳаммод раҳбарлигидаги муайян ваколатга эга Вакиллар палатаси.
2024 йил Америка ОАВ саҳифаларида қайси давлат номи кўп учраган?
“РИА Новости” ҳисоб-китобига қараганда, 2024 йил Америка матбуотида Хитой энг кўп, 245 000 бор тилга олинган. Кейинги ўрин Исроилда – 123 000. АҚШ матбуоти Россияни 79 000, Украинани 64 000 бор эслаган. Умуман, кейинги йилларда ушбу океанорти мамлакати нашрлари Чин юртига кўп эътибор қаратмоқда: 2020 йил 400 000, 2016 йил эса 210 000 марта.
Америка журналистлари сўнгги пайт Эрон ва КХДР ҳақида ҳам кўп ёзишяпти.
Қирғизистон ва Тожикистон чегарадаги баҳсли ҳудудларни муҳокама қилди
Қирғизистон ва Тожикистон ишчи гуруҳи икки давлат чегарасидаги баҳсли ҳудудлар бўйича таклифларини ўзаро баҳам кўришди, дея маълум қилди Қирғиз Республикаси Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати журналистларга.
Хабарга кўра, давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича топографик ишчи гуруҳнинг навбатдаги учрашуви 11-17 август кунлари Боткен шаҳрида бўлиб ўтган.
– Дўстлик ва ўзаро ишонч, бир-бирини тушуниш муҳитида ўтган учрашув натижасида протокол имзоланди, - дейилган баёнотда.
Узунлиги қарийб минг километрга тенгҚирғизистон ва Тожикистон сарҳади вақти-вақти билан маҳаллий аҳоли ҳамда икки мамлакат чегарачилари ўртасида жиддий тўқнашувга сабаб бўлмоқда. Ҳозиргача томонлар 90 фоиз ҳудудни ўзаро аниқлаб олишган.
Bloomberg: Исроил Ғазони 42 миллион тонналик бетон харобага айлантирди
“Bloomberg” агентлиги БМТ атроф-муҳит бўйича дастури берган маълумотга таяниб ёзишича, Исроилнинг аҳоли турар-жой инфратузилмасига берган зарбаси туфайли Ғазо сектори 42 миллион тонналик қурилиш чиқиндисига айланди. Харобани йиғиштиришга бир неча йил, юз миллионлаб доллар маблағ керак.
Хабарда айтилишича, ҳарбий ҳаракат тўхтагач, Фаластин анклавини қайта тиклаш ишига камида 80 миллиард, вайрон бўлган бино қолдиғини олиб чиқиш учун эса 700 миллион доллар зарур. Тозалаш жараёни мураккаблиги шундаки, вайроналар остида портламаган жуда кўп снаряд, хавфли чиқинди, инсон жасади қолиб кетган.
Дарвоқе, вайрон бўлган бетоннинг ярми қайта ишланса, Ғазо йўл тармоғини тўлиқ тиклаш мумкин.
Покистонда сув тошқини қурбонлари – 195 киши
Жорий йил 1 июлдан 17 августгача Покистонда ёғаётган жала оқибатида юз берган сув тошқини жами 195 кишининг ўлими ва 362 инсон турли даражада жароҳат олишига сабаб бўлди. Бу ҳақда “Express Tribune” нашри Табиий офатга қарши кураш миллий бошқармаси (NDMA) маълумотига таяниб хабар тарқатди.
Сурункали ёмғир туфайли икки мингдан зиёд уй, йўл ва кўприклар қулаган.
Ҳиндистон Бош вазири Польша ва Украинага келади
Бош вазир Нарендра Моди 21-23 август кунлари Польша ва Украинага боради. Бу ҳақда NDTV телеканали мамлакат ТИВ баёнотига асосланиб хабар берди.
Ҳиндистон ҳукумати раҳбарининг Польшага сўнгги 40 йил давомидаги илк сафари жорий масалалардан ташқари икки давлат ўртасида ўрнатилган дипломатик муносабатнинг 70 йиллигига бағишланган.
Украинага ташриф режаси тафсилоти номаълум.
БМТ Бош котиби ядро синовини абадий тақиқлашга чақирди
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш 29 августда нишонланадиган Ядро синовига қарши халқаро ҳаракат кунига бағишлаб йўллаган мурожаатида ядро синовини бутунлай тақиқлашга чақирди.
“Синьхуа” агентлиги ёзишича, маърузада қарийб 80 йил ичида дунёнинг 60 дан ортиқ ҳудудида икки мингдан зиёд ядро синови амалга оширилгани айтилган. Маълумки, портлашлар вайронагарчиликни мерос қолдирган, заминни ҳаёт учун яроқсиз ҳолга келтирган, инсонлар соғлиғи учун узоқ муддатли муаммолар ҳосил қилган.
Огоҳлантирилишича, сўнгги пайт ядро синовини ўтказишга чақириқлар кузатилаётгани ўтмишнинг қўрқинчли сабоғи унутилгани ёки инкор этилаётганидан далолат.
– Ядро синови қурбонлари ва келажак авлодлар ҳақи, Шартнома кучга кириши учун ратификацияси зарур бўлган барча давлатларни ҳеч қандай шартсиз, зудлик билан ушбу қарорни амалга оширишга чақираман, – деган Гутерриш баёнотда. – Келинг, инсонийлик имтиҳонидан ўтайлик ва ядро синовларини абадий тақиқлайлик.
С.Раҳимов,
ЎзА