-
Пхетхонгтхан Чинават Таиланд Бош вазири этиб сайланди
“Пиа Тай” (“Таиланд учун”) партияси етакчиси 37 ёшли Пхетхонгтхан Чинават мамлакатнинг 31-Бош вазири бўлди. Парламент сессиясида депутатлар уни кўпчилик овоз билан сайлади.

Ҳукуматнинг собиқ бошлиғи Таксиннинг кичик қизи, мамлакат тарихига холаси Йинглакдан кейин иккинчи аёл раҳбар сифатида кирган Пхетхонгтхан Чинават хонадонининг етакчиликка кўтарилган учинчи вакили, ушбу юқори лавозимга лойиқ кўрилганларнинг энг ёши ҳисобланади.
Трампнинг навбатдаги ваъдаси

АҚШ собиқ Президенти Дональд Трамп агар сайловда ғалабага эришса, Вашингтон Эронга дўстона муносабатда бўлади, дея ваъда берди.
– Мен Эронга ёмон муносабатда бўлмоқчи эмасман, – деди у Нью-Жерси штатида ўтказилган, Америка телеканаллари намойиш қилиб борган матбуот анжуманида.– Биз бу мамлакатга дўст бўлишимиздан умидворман. Фақат Эрон ядро қуролига эга бўлмаслиги керак.
АҚШ президенти сайлови 5 ноябрга белгиланган.
Украина Рим статутини маъқуллаяпти

Украина Халқаро Жиноий суд (ХЖС)нинг Рим статутини ратификация қилиш режасини маълум қилди. Бу ҳақда мамлакат парламенти сайтида эълон қилинган хабарда айтилган. Сайтда қонун лойиҳаси матни келтирилмаган.
Шарҳда айтилишича, “қонун лойиҳаси Украина жиноят кодекси бандларини Рим статути меъёрига мослаштириш, хусусан геноцид, босқинчилик, инсониятга қарши ва ҳарбий кўринишдаги энг оғир халқаро жиноятга қўл урган шахсларни жиноий-ҳуқуқий таъқиб қилиш”га қаратилган.
Украина мазкур ҳужжатни ҳалигача ратификация қилмаган. Умуман, ХЖС юрисдикциясини тан олмаган давлатлар орасида Россия, АҚШ, Хитой, Ҳиндистон, Туркия, Озарбайжон, Беларусь, Миср, Индонезия, Эрон, Қозоғистон, каби йирик давлатлар ҳам бор. Ҳозиргача Рим статутини 137 давлат имзолаган, 124 мамлакат ратификация қилган.
АҚШ Италияга дрон сотади

АҚШ Давлат департаменти Италияга олтита MQ-9 зарбдор дрон сотилишини маъқуллади. Пентагон маълум қилишича, харид қиймати назорат қилиш маркази, радар ва қўшимча жиҳоз билан бирга жами 738 миллион долларни ташкил қилган.
Тўпламда учоқ ердан бошқариб туриладиган учта станция мажмуаси, денгиз кенглигини кузатиш имконига эга тўққиз дона радар ҳамда бошқа зарур жиҳозлар бор.
Швецияда ҳам маймун чечаги қайд этилди

Швеция соғлиқни сақлаш агентлиги маълум қилишича, маймун чечаги билан боғлиқ Африка қитъасидан ташқаридаги илк ҳолат ушбу мамлакатда аниқланди.
Аввалроқ Африка Касалликларнинг олдини олиш ва вазиятни назорат қилиш маркази (CDC) қитъада маймун чечаги авж олиши сабабли фавқулодда ҳолат эълон қилган ва халқаро ҳамжамиятни икки миллионга яқин дозадан иборат вакцина йиғишда ёрдам беришга чақирган эди. Чоршанба куни ЖССТ раҳбари Тедрос Адханом Гебрейесус ушбу эпидемияни жамоат саломатлиги учун хавфли, халқаро аҳамиятга молик фавқулодда ҳолат сифатида баҳолади.
Пентагон: Украинага берилаётган АҚШ қуролларидан фойдаланиш сиёсати ўзгариши мумкин

АҚШ Украинага юбораётган қурол турлари ва ушбу аслаҳалардан фойдаланиш сиёсатини ўзгартириши мумкинлигини истисно этмайди. Бу жанг майдонидаги ҳарбий ҳаракат қандай давом этиши билан боғлиқ. Айни мазмундаги баёнот Пентагон расмий вакили ўринбосари Сабрина Сингх томонидан берилган.
– Жанг майдонида вазият ўзгарса, биз ҳам жараёнга мослашамиз, – деди у журналистлар учун уюштирилган брифингда. – Шундай экан, ҳеч нарса истисно этилмайди. Зеро, урушнинг бориши ўзгариб турибди. Биз украинларга нима керак бўлса, шуни беряпмиз.
Сабрина Сингх нутқи давомида F-16 қирувчи самолётларини мисол қилиб келтирди. Унинг айтишича, авваллари Киевга керак бўлмаган бундай учоқлар ҳозир украин ҳарбийлари ихтиёрига берилган.
С.Раҳимов, ЎзА