Украина Олий Радаси мамлакатдаги ҳарбий ҳолат ва ялпи сафарбарликни яна 90 кун узайтиришни қўллаб-қувватлади, деди депутат Ярослав Железняк.
– Парламент ҳарбий ҳолат амал қилишини 12 августдан 9 ноябргача узайтиришни қўллаб-қувватлади, – деб ёзган у ижтимоий тармоқдаги саҳифасида. – Энди ҳужжатга Президент Владимир Зеленский имзо қўйса бўлди.
Аввалроқ мамлакат раҳбари Олий радага шу ҳақдаги қонун лойиҳасини киритган эди.
***
Камида 229 нафар конгрессмен вице-президент Камала Харриснинг АҚШ президентлигига номзодини қўллаб-қувватлади, деб хабар тарқатди “Axios” портали.
Қўшма Штатларда президент сайлови 5 ноябрда бўлиб ўтади.
– Байден пойгадан чиқишини эълон қилгандан 30 соат ўтмай, Демократик партиядан Вакиллар палатасининг 186 аъзоси, 43 сенатор ва 23 губернатор Харрис номзодини қўллаб-қувватлади, – дейилган хабарда.
***
Эстонияда Бош вазир ва иқлим масаласи бўйича вазир Кристен Михал раҳбарлигидаги янги ҳукумат қасамёд қилди, деб хабар тарқатди ERRтелерадио компанияси.
Президент Алар Карис парламент овоз бергандан сўнг, душанба куни янги ҳукумат таркибини тасдиқлади ҳамда Михалга Вазирлар Маҳкамасини шакллантириш ваколатини берди.
Михал ҳам аввалги Бош вазир, 28 июнда Брюссель саммитида Европа Иттифоқи мамлакатлари етакчилари уни ЕИ ташқи ишлар ва хавфсизлик бўйича олий вакили этиб сайлагандан кейин истеъфо берган Кая Каллас сингари Ислоҳотлар партияси вакили.
***
– АҚШ Президенти Жо Байденнинг сайлов олди пойгасидан чиқиш қарори уни сиёсий чекланишдан озод қилиши ва халқаро майдонда янада эркинроқ ҳаракат қилишга имкон бериши мумкин, – деб ёзди “Financial Times” газетаси. Нашр таъкидлашича, Байден энди халқаро воқеаларга кучлироқ таъсир ўтказа олади.
***
Буюк Британия мудофаа вазири Жон Хили баёнот беришича, қироллик армияси кўплаб жиддий муаммоларга дуч келмоқда.
– Биз Қуролли кучлар ҳар уч йўналиш – қуруқлик, ҳарбий-денгиз, ҳарбий-ҳаво тизимида жиддий муаммолар билан юзма-юз келганини биламиз, – деган у Қироллик мудофаа тадқиқоти бирлашган институти (RUSI) конференциясида. – Куч камайиши, ортиқча сарф-харажатга йўл қўйилиши, жанговар руҳ пастлиги, хизматчиларни қабул қилиш ва ушлаб қолиш билан боғлиқ инқироз ҳамда фахрийлар ўзлари муносиб бўлган хизматдан фойдалана олмаслиги каби муаммолар бор.
Қўшимча қилинишича, мулозим лавозимга киришгандан кейингина мазкур муаммолар қай даражада жиддийлигига гувоҳ бўлган.
***
Сербия ҳарбий хавфсизлик агентлиги (ВБА), хавфсизлик ва ахборот хавфсизлиги (БИА), ИИВ ва прокуратураси томонидан “Крушик” мудофаа корхонасининг уч муҳандиси қўлга олинган. Бу ходимлар махфий маълумотни хориж беришда гумонланмоқда.
Мамлакат Радио ва телевидениеси (РТС) тарқатган хабарга кўра, гумонланувчилар Валево шаҳридаги йирик мудофаа корхонаси собиқ ва амалдаги муҳандислари ҳисобланади. Дастлабки тергов натижасига кўра, улар кўп йилдан буён корхонанинг махфий ҳужжатларини чет эл ташкилотларига сотиб келган ва Сербия мудофааси ҳамда хавфсизлигига жиддий зиён етказган.
***
Латвия Украинага ваъда қилган 500 дроннинг дастлабки тўпламини жўнатди, деди мамлакат мудофаа вазири Адрис Спрудс.
– Аллақачон тахт қилиб қўйилган 500 дан зиёд дрон Украинага юборилади, – деб ёзган мулозим ижтимоий тармоқ саҳифасида.
Бош вазир Эвика Силиня аввалроқ Рига яқин кунларда Киевга Латвияда ишлаб чиқарилган дронларнинг бир қисми жўнатилиши эълон қилинганди. Шунингдек, дронни бошқарадиган латвиялик мутахассислар ҳам жўнатилиши мумкинлиги айтилган.
***
АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ва Пентагон раҳбари Ллойд Остин Токиода япониялик ҳамкасблари билан ядровий тийиб туриш бўйича учрашув ўтказади, деб хабар тарқатди давлат департаменти.
Якшанба куни “Иомиури” газетаси тегишли манбаларга таяниб, Токио ва Вашингтон АҚШ кун чиқар мамлакатни зарур бўлганда, ҳатто, ядро қуроли билан ҳимоя қилиши тўғрисидаги банд киритилган ҳужжат тайёрлашга келишиб олгани ҳақида ёзган эди.
С.Раҳимов,
ЎзА