Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дунё хабарлари қисқа сатрларда
16:55 / 2024-07-10

​​Орбаннинг ҳаракати ЕИ етакчиларида савол туғдиряпти

Европа Иттифоқи Польша сўрови асосида Венгриянинг раислиги масаласини муҳокама қилади. Бунга Бош вазир Виктор Орбаннинг “Тинчлик миссияси” доирасида Киев, Москва ва Пекинга қилган сафари сабаб бўлди, деб ёзди “Euractiv” нашри тегишли манбага таяниб.

Грузиянинг ЕИга интеграциялашув жараёни тўхтатилди

Европа Иттифоқининг Тбилисидаги элчиси Павел Герчинский берган баёнотда, жумладан, шундай дейилган:

– Грузиянинг ҳозирги ҳукумати нима истаётгани ЕИ етакчиларига қоронғу бўлиб қолмоқда. Хорижий таъсир шаффофлиги тўғрисидаги қонун орқага қадам ташланганини билдиради. Шунингдек Ғарбга, Европага қарши билдирилаётган танқидий фикрлар аъзолик йўлидаги мақсадларга мос эмас. Афсуски, ҳозир Грузиянинг тузилмага қабул қилиш жараёни тўхтатилди.

Индонезияда фожиа юз берди

Индонезиянинг Горонтало музофотидаги олтин конида кучли ёғин натижасида ер ўпирилди. Ҳозир 46 кишининг тақдири номаълум.

“Синьхуа” агентлиги ёзишича, Минтақавий қидирув-қутқарув бошқармаси раҳбари Хериянто Боне-Боланго ҳудудида оила аъзоларидан бири йўқолгани ҳақида ариза бераётган фуқаролар сони кўпайиб бораётганини маълум қилган.

Бедараклар орасида шахтёрлар ва уларни озиқ-овқат билан таъминлаган қишлоқ аҳолиси бор. Бахтсиз ҳодиса уйқу ёки дам олиш вақтида содир бўлган.

Арманистон ва Озарбайжон ТИВ раҳбарлари Вашингтонда учрашади

Арманистон ва Озарбайжон ташқи ишлар вазирлари ва АҚШ давлат котиби Вашингтонда музокара ўтказади, деб ёзди Арманистон ташқи сиёсат идораси матбуот котиби Ани Бадалян ижтимоий тармоқ саҳифасида.

10 июлга белгиланган учрашув уч томонлама келишув асосида ўтказилмоқда.

Британия мудофаа харажатини оширишга киришмоқда

Буюк Британия янги Бош вазири Кир Стармер мудофаа харажатини мамлакат ялпи ички маҳсулотнинг 2,5 фоизигача кўтариш нияти борлигини таъкидлади. Соҳа стратегик тафтиш қилиниши асносида харажатни ошириш келаси ҳафта бошланиши маълум қилинган.

Ҳукумат тегишли “Йўл харитаси”ни тайёрлайди, ҳарбий соҳада давлат харидини ислоҳ қилиш режасини тақдим этади ва янги мудофаа саноати  стратегиясини ишлаб чиқади. Стармер Вашингтон саммитида НАТО бўйича иттифоқчиларни ҳам мудофаа харажатини оширишга чақирмоқчи.

НАТО коинотдаги ҳудудини ҳимоя қила оладими?

– Биз қуруқликда, сувда, кибер кенглик ва ҳатто, коинотда ҳам НАТО ҳудудининг ҳар бир қаричини ҳимоя қилишга тайёрмиз, – деди АҚШ Президенти Жо Байден НАТО саммитига қилган мурожаатида.

НАТОнинг Вашингтонда ўтадиган олий даражадаги йиғилиши амалдаги Бош котиб Йенс Столтенберг учун сўнггиси ҳисобланади. 1 октябрда у ўрнини Нидерландиянинг собиқ Бош вазири Марк Рюттега бўшатиб беради.

Ереванда ҳукмрон партия офисида отишма юз берди

Сешанба куни оқшом пайти Арманистонни бошқараётган “Фуқаролар ҳамжиҳатлиги” партияси офисларидан бирида отишма содир этилди, дейилган маҳаллий shamshyan.comонлайн-ресурсида эълон қилинган хабарда.

Таъкидланишича, полиция қўлга олган гумондор шахснинг ёнидан ўқ отар қурол топилган. Отишма натижасида 27 ёшли эркак жароҳат олган. Ҳозирча воқага бошқа изоҳ берилмади.

Швейцария Европа Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимига қўшилади

Швейцария “Европа осмон қалқони” (“Sky shield”) ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимига қўшилиш учун ариза берди, деб хабар тарқатди конфедерация ҳукумати матбуот хизмати.

Германия томонидан 2022 йил августда ишга туширилган “Европа осмон қалқони” ташаббуси ҳозир кўҳна қитъанинг 21 давлатини бирлаштирган. Яқинда Польша Бош вазири Дональд Туск ҳам мамлакати лойиҳа доирасида Германия билан ҳамкорлик қилишини айтган.

Кисида НАТО саммитида Ҳинд-Тинч океани минтақасидаги вазиятни муҳокамага қўймоқчи

Япония Бош вазири Фумио Кисида Шимолий Атлантика альянси анжуманида Ҳинд-Тинч океани минтақасидаги вазият ҳамда альянс билан ҳамкорлик масаласини кўтаради, дея баёнот берди Токиода уюштирилган матбуот анжуманида кун чиқар юрт ҳукумати бош котиби Ёсимаса Хаяси.

Кисида 2022 йилдан буён кетма-кет учинчи бор НАТО саммитида иштирок этмоқда. У 12-14 июль кунлари Германияга боради.

С.Раҳимов, ЎзА