БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил комиссияси Исроил ва ҲАМАС ҳаракатини 2023 йил 7 октябрдан бошлаб ҳарбий жиноят қилганликда айблади. Таъкидланишича, Исроил ҳукумати “уруш усули сифатида очлик, қасддан ўлдириш, оддий аҳолига ҳужум қилиш, мажбуран кўчириш, жинсий зўравонлик, қийноқ, ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш ва шахсий қадр-қимматга ҳужум қилиш билан боғлиқ” жиноятларни содир этган.
***

12 июнь куни Россия ҳарбий контингентини Қорабоғдан олиб чиқиш жараёни якунланди. Озарбайжон Мудофаа вазирлиги хабар беришича, шахсий таркиб, қурол-яроқ ва техника мамлакатдан тўлиқ олиб чиқиб кетилган.
***
Қирғизистон Президенти Садир Жапаровга фуқароларнинг 83 фоизи ишонч билдиради. Бу хулосага Бишкек давлат университети ҳузуридаги ижтимоий марказ ўтказган сўров натижасида келинган. Респондентларнинг 73 фоизи сўнгги 3 йилда мамлакатда ҳаёт яхшиланганини таъкидлаган.
***
Ҳозир дунёнинг 56 жойида қуролли можаро кечмоқда. Бу Иккинчи жаҳон уруши давридан кейинги энг юқори кўрсаткич. Ушбу рақам Иқтисодиёт ва тинчлик халқаро институти (IEP) ҳисоботида келтирилган. “Глобал тинчлик индекси” номли мазкур ҳужжатда Ғазо сектори ва Украинадаги уруш “тинчлик даражаси” 0,56 фоиз пасайишига сабаб бўлгани қайд этилган.
***
Грузия Президенти Саломе Зурабишвили иккинчи муддатга сайланиш имкониятини истисно этмади. Бунинг учун мухолифат 2024 йил 26 октябрда бўлиб ўтадиган парламент сайловида ғалаба қозониши керак, деди у.

Зурабишвили давлат раҳбарлигига 2018 йил сайланган. Кейин истисно тариқасида одатий беш йиллик муддат олти йилга ўзгартирилди. Зеро, кейинги президент умумий овоз бериш йўли билан эмас, балки 300 нафар сайловчи томонидан сайланади. Улар орасида парламент аъзолари ва маҳаллий ҳокимият вакиллари ҳам бўлади.
***
Туркия Украинадаги можарони ҳал қилиш учун воситачилик ҳаракатини давом эттириш ниятида. Бу ҳақда мамлакат ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан маълум қилди.
“Анадолу” агентлиги ёзишича, Фидан Москвада, Россия Президенти Владимир Путин қабулидаги учрашувдан кейин “Биз Украина бўйича имконимиз даражасидаги ҳар қандай воситачилик ҳаракатини давом эттиришга қатъий қарор қилдик”, – деган.
***

Озарбайжон Президенти ёрдамчиси Ҳикмат Ҳожиев Брюсселда НАТО доимий вакиллари ўринбосарлари қўмитаси аъзолари билан учрашди. Тадбирда Озарбайжон - НАТО ҳамкорлиги, Арманистон - Озарбайжон муносабатини яхшилаш ва ноябрь ойида Бокуда бўлиб ўтадиган CОР-29 анжуманига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди.
С.Раҳимов,
ЎзА