Буюк Британия ташқи ишлари вазири Дэвид Кэмерон ва Франция ташқи ишлар идораси раҳбари Стефан Сежурне “Telegraph” газетасига берган интервьюсида Россия билан можарода Киевнинг мағлубияти Ғарбнинг мағлубиятини англатади, деди.
“Биз иккимиз ҳам аниқ биламиз: бу урушда Украина ғалаба қилиши керак. Агар Украина мағлуб бўлса, биз ҳаммамиз ютқазган бўламиз”, - деб муносабат билдиришган икки давлат ТИВ раҳбарлари.
***
Ғазо секторида ҳарбий ҳаракатлар бошлагандан буён Исроил армиясидан камида 600 ҳарбий ҳалок бўлди, деб хабар тарқатди мамлакат мудофаа армияси (ЦАХАЛ).
***
Финляндия Президенти Александр Стубб Американинг “CNN” телеканалига интервью бериб, Украинадаги жорий можарода тинчликка эришишнинг ягона йўли ҳарбий ҳаракатларни давом эттириш, деб ҳисоблашини таъкидлади.
-Тинчликка эришишимиз - бу фақат зиддият майдони орқали бўлади, - деган у.
Стуббнинг таъкидлашича, ҳозирда низони якунлаш бўйича музокаралар бошлаш мумкин эмас.
***
Америкалик тадбиркор Илон Маскнинг таъкидлашича, сунъий интеллект 2025 йилда исталган алоҳида шахсдан ақллироқ бўлади, 2029 йилга келиб эса бутун инсониятдан ақлли бўлади.
Аввалроқ Маск Сунъий интеллект инсониятга таҳдид солиши мумкинлигини таъкидлаб, агар технологиялар ривожига алоҳида эътибор қаратилса салбий оқибатларнинг зарарини камайтириш мумкин, деганди.
***
НАТО ўзини Россия билан уруш ҳолатида, деб ҳисобламайди ва бундай бўлишини хоҳламайди, деб баёнот берди Альянснинг Европа бўйича бирлашган кучлари қўмондони, америкалик генерал Кристофер Каволи.
Генералнинг таъкидлашича, Альянс мақсади “бундай урушларни тийиб туриш” ва НАТО аъзолари шу сабабдан Украинани қўллаб-қувватламоқда.
***
“Озарбайжон ўзини нафақат Кавказ ёки Касбий бўйи давлати, балки Марказий Осиё учун кўприк сифатида ҳам кўрмоқда. Бундай стратегик позиция айниқса Марказий Осиё билан янада чуқурроқ ҳамкорлик қилишга интилаётган ғарб мамлакатлари учун чорлов ҳамдир. Озарбайжон ва Туркия биргаликда минтақа билан ҳамкорлик қилиш учун дарвоза бўлади», деб ёзди Британиянинг хавфсизлик масалаларини ўрганувчи “Royal United Services Institute” (RUSI) институти .
***
Украина собиқ Президенти Леонид Кучма “Kyodo” янгиликлар агентлигига берган интервьюсида Россия ва Украина энди қардош халқлар эмас, деди.
У “Украинанинг энди қардоши йўқ”, -дея таъкидлаб, бунинг учун барча масъулият Москва зиммасида эканини айтди.
***
Швейцария Украина бўйича саммитни июнь ойи ўрталарига режалаштирмоқда. Унда 100 га яқин мамлакат иштирок этади, деб ёзди “Блумберг” ахборот агентлиги. Таъкидланишича, иштирокчи мамлакатларнинг асосий қисми Глобал жанубдан бўлади.
С.Раҳимов, ЎзА