Евроиттифоқ ёрдами Украина мақсади учун етарли эмас!
Украинага Европа Иттифоқи бюджетидан ажратилган 50 миллиард евролик ёрдам тўплами Киевнинг Россия Федерацияси билан давом этаётган низони ҳал қилиш мақсади учун камлик қилади, деб ёзди Испаниянинг “Pais” газетаси.
Кеча ЕИ етакчилари 2024-2027 йиллар учун Украинага ажратиладиган 50 миллиард евро миқдоридаги кўмак пакетини тасдиқлади. Ушбу маблағнинг 17 миллиарди грант, 33 миллиарди кредит кўринишида берилади.
Қозоғистонда ШҲТ рақамли анжумани бўлиб ўтмоқда
Олмаота шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти рақамли форуми бошланди, деб ёзган “Синьхуа” агентлиги.
– ШҲТ доирасидаги ҳамкорлик мамлакатларимизда ахборот технологияларини ривожлантириш учун янги уфқ очади, – деди “Қазпочта” компанияси бошқаруви раиси Асел Жанасова. – Биргаликда айни соҳада сезиларли ютуқларга эришишимиз мумкин.
Хорижда яшаётган қирғизистонликлар сонига аниқлик киритилди
“Ата-Журт Қирғизистан” парламент фракцияси ва “Мекенчил” депутатлар гуруҳи иштирокида кечган мажлисда маданият, ижтимоий таъминот ва миграция вазири ўринбосари Нурдоолот Базарбаев Қирғизистоннинг миграция тўлқини ўзгараётганини таъкидлади.
– Ватандошларимиз Россия, Қозоғистон, Туркия, АҚШ, БАА, Жанубий Корея, Италия, Австрия, Буюк Британия сингари дунёнинг 33 мамлакатида ўқимоқда, меҳнат фаолиятини олиб бормоқда – деди мулозим. – Россияга кетувчилар камайиб бораётгани кузатиляпти. Ҳозир жами 408 минг киши чет элга чиқиб кетган.
Макрон Россия ҳақида кескин баёнот берди
Франция Президенти Эммануэль Макрон Киевни қўллаб-қувватлаш учун 50 миллиард долларлик ёрдам дастури тасдиқлангандан кейин Россия ҳақида кескин баёнот берди, деб ёзди “Le Figaro” газетаси.
“Ишора тушунарли: Россия Украинани қўллаб-қувватлашда европаликларнинг, қандайдир, чарчоғидан умид қилмаслиги керак”, таъкидлади у.
ОАВ ёзишича, саммит Киевга пул ажратиш масаласини ҳар йили муҳокама қилишга келишиб олган ва зарурат туғилса, икки йилдан кейин ёрдам миқдори қайта кўриб чиқилади.
АҚШ Эрон ва Ироққа қачон зарба бериши маълум қилинди
АҚШ америка ҳарбий базаларига уюштирилган ҳужумга жавоб сифатида яқин кунларда Эроннинг Ироқ ва Суриядаги объектларига зарба бериши мумкин, деб ёзди “Wall Street Journal” Вашингтондаги мансабдор шахсларга таяниб.
“Жавоб ҳаракати кейинги дам олиш кунларида амалга оширилиши мумкин”, – дейилади хабарда.
Польшада демографик инқироз чуқурлашмоқда
Польша аҳолиси ўтган йил 137 минг кишига камайган. Бу рақамни мамлакат бош статистика бошқармаси келтирди.
Ўтган йил 272 минг бола туғилган, бу аввалги йилдан 11 фоиз кам. Қолаверса, мамлакатда репродуктив ёшдаги аёллар сони ҳам камаймоқда.
Байден Эрдоғанни АҚШга таклиф қилиши мумкин
АҚШ Президенти Жо Байден туркиялик ҳамкасби Режеп Таййип Эрдоғанни АҚШга таклиф этиши мумкин, деб ёзган “Hürriyet” газетаси.
Таъкидланишича, “агар АҚШ Туркияга нисбатан “яхши ниятини” намоён қилишда давом этса ва муайян таклифларни илгари сурса, ўзаро муносабатда янгича вазият юзага келади”.
Саидмурод Раҳимов тайёрлади.
ЎзА