Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дунё воқеалари қисқа сатрларда
00:45 / 2024-01-26

НАТО кейинги ўн йилликдаги энг йирик машқни бошлади

НАТОнинг “Steadfast Defender” номли ҳарбий машғулоти бир неча ойга чўзилади.

Бугун Американинг “Gunston Hall” кемаси сузиб кетиши НАТОнинг “Steadfast Defender-2024” деб номланган сўнгги ўн йилликдаги энг йирик ҳарбий машқи бошланганини билдиради, – деди альянснинг расмий вакили Дилан Уайт.

Атлантика ва Европада бўлиб ўтиши кутилаётган машғулотга 90 минг аскар жалб қилинади.

Пентагон Суриядан қўшинни чиқараётгани ҳақидаги хабарни рад этди

Оммавий ахборот воситаларида пайдо бўлган “АҚШ Суриядан қўшинларини олиб чиқяпти”, деган хабар ишончли асосга эга эмас, дея баёнот берди Пентагонниннг юқори лавозимли мулозими “РИА Новости”га.

Куни кеча “Al Monitor” нашри, кейин “Foreign Policy” журнали “Вашингтон Сурия ҳудудидан қўшинини олиб чиқиш масаласини кўриб чиқяпти” мазмунида хабар тарқатган эди.

Қорабоғнинг собиқ етакчиси Варданяннинг қамоқ муддати узайтирилди

Боку шаҳрининг Сабаил тумани суди Қорабоғнинг арман етакчиларидан бири Рубен Варданян қамоқда ушлаб турилишини чўзиш юзасидан қарор чиқарди.

“РИА Новости” ёзишича, суд қарорида “Айирмачи Қорабоғ режимининг собиқ “давлат вазири” деб аталаётган Рубен Варданянни турмада сақлаш муддати яна 4 ойга узайтирилди”, – дейилган.

АҚШ ва иттифоқчилар Россияга қараб қолмаслик учун уран ишлаб чиқаришни кўпайтиради

АҚШ энергетика вазири Кэтрин Хафф Японияда чиқадиган “Иомиури” газетасига берган интервьюсида Япония, Буюк Британия, Франция ва Канада билан бирга уран етказиб бериш халқаро тармоғи яратилади, деган. Бундан кўзланган мақсад Россия хом-ашёсига қарамликдан халос бўлиш.

Туркия Қора денгизда ҳарбий кемаларга нисбатан позициясини ўзгартирмайди

“Монтре” конвенциясига амал қилинмоқда, деди Туркия Президенти маъмурияти “РИА Новости”га.

Аввалроқ Пентагон Туркия ҳукуматининг Қора денгизга ҳарбий кема киритиш қоидасига ўзгариш киритилишига эришмоқчи бўлаётгани айтилганди.

“Бизнинг позициямизда ҳеч қандай ўзгариш йўқ. “Монтре” конвенциясига амал қилинади”, – деган манба Америка томонининг Қора денгизда кема қатнови масаласини муҳокама қилиш режасига изоҳ берар экан.

ГФР апрелгача мудофаа режасини тақдим этади

Германия ҳукумати апрель ойигача совуқ уруш тамом бўлгандан кейинги давр учун ўзининг  илк мудофаа режасини тақдим этади. Ҳужжатда хавфсизлик кучлари, ташкилотлар ва саноат амалга оширадиган ҳаракатлар баён қилинган. Бу ҳақда “DPA” агентлиги Бундесвернинг ҳудудий қўмондонлиги бошлиғи, генерал-лейтенант Андре Бодеманга таяниб маълум қилди.

Тафсилоти сир тутилаётган лойиҳа юзлаб саҳифадан иборат бўлиб, 26 январь куни Берлинда бўлиб ўтадиган симпозиумда муҳокама қилинади.

Фолькер Тюрк Эронни ўлим жазосига мораторий жорий қилишга чақирди

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолькер Тюрк Эронда ўлим жазосини қўллаш ҳолати кескин кўпайганидан хавотир билдирди ва мамлакат ҳукуматини ушбу жазо турига зудлик билан мораторий жорий қилишга чақирди. Унинг таъкидлашича, ўлим инсоннинг энг муҳим ҳуқуқи ҳисобланган яшаш ҳуқуқига зиддир. Бундай тажриба зудлик билан тўхтатилиши керак.

Саидмурод Раҳимов тайёрлади, ЎзА