Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дунё воқеалари қисқа сатрларда
16:12 / 2023-05-07

7 май куни Қирғизистон Президенти Садир Жапаров расмий ташриф билан Москвага жўнаб кетди.

Ташриф давомида Қирғизистон ва Россия Президентлари кун тартибида турган икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, Садир Жапаров  9 май куни Москвада бўладиган Ғалаба парадида фахрий меҳмон сифатида қатнашади.

***

Жазоирнинг БРИКСга аъзо бўлиши мамлакат тараққиётига шу вақтгача халқаро молия ташкилотлари кўрсатиб келаётгандан кўра кўпроқ ёрдам беради, деди Президент Абдулмажид Теббун маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда.

Унинг таъкидлашича, БРИКСнинг банк капитали бугунги кунда Жаҳон банки капиталидан 100 миллиард долларга кўп.

***

Туркиянинг Хатай вилоятида рўй берган йўл транспорти ҳодисаси оқибатида ҳалок бўлганлар сони 12 кишига етди, деб ёзди мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Фахриддин Кожа ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Аввалроқ тарқатилган хабарда, юк автомобили ёқилғи қуйиш шахобчасида навбатда турган бошқа автомобилни суриб юборган. Натижада ёнғин чиққан ва юк автомобили ҳамда иккита микроавтобус ёниб кетгани айтилган эди. 

***

Бирлашган Араб Амирлиги Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) билан мулоқот бўйича расман ҳамкор мақомини олди, деб ёзмоқда WAM агентлиги.

Нашрнинг таъкидлашича, ШҲТ билан мулоқот бўйича ҳамкор мақоми Абу-Дабининг барча мамлакатлар, халқаро ташкилотлар билан алоқаларни ривожлантиришга интилаётганини билдиради.

***

“Сурияни Араб давлатлари лигасига қайтариш бўйича қарор, якшанба куни ташкилотга аъзо мамлакат ташқи ишлар вазирларининг  навбатдан ташқари учрашувида қабул қилиши мумкин”, деган мазкур ташкилот бош котибининг расмий вакили Жамол Рушди РИА Новостига.

***

 COVID-19 ҳеч қачон бутунлай йўқ бўлмайди, чунки унинг ҳайвондан инсонга ўтиши  ушбу вазифани мураккаблаштиради, фақат унинг оқибатлари билан курашиш мумкин, деди брифингда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) нинг фавқулодда вазиятлар бўйича дастур ижрочи директори Майк Райан.

Ўтган жума куни ЖССТ 2020 йилда эълон қилинган COVID-19нинг глобал пандемия мақомини бекор қилди.

***

Жанубий Кореяда АҚШнинг қирувчи самолёти ҳалокатга учради, деб хабар тарқатди CNN телеканали.

Хабарда келтирилишича, фожиа Осан авиабазасидан узоқ бўлмаган қишлоқ хўжалиги майдонида юз берган. Ҳарбийларнинг маълум қилишича, учувчи катапульт йўли билан омон қолган. Аҳоли ўртасида қурбонлар йўқ, дейилади хабарда.

Саидмурод Раҳимов, ЎзА