Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дунё тан олган беш роман (+видео)
14:21 / 2024-05-01

Китоблар ўқиш ҳаётимизга чексиз билимлар, турли қарашлар, ўзликни, англаш ва саргузаштлар олиб киради. Ҳар бир китоб янги дунёларни, ўзига хос тажрибалар ва донишмандликка йўл очади.

Ҳар йили The Economist, Britannica, Time каби нашрлар ўз талқини бўйича  энг яхши китоблар рейтингини эълон қилади. Биз  уларни ўрганиб,  улар орасидан Топ-5 та дунё бўйлаб кўпчиликнинг диққатига сазовор бўлган китоблар рейтингини эътиборингизга ҳавола этамиз.  

Лев Толстой томонидан ёзилган “Уруш ва тинчлик” роман-эпопеяси.  

Толстой ушбу роман устида 1863 йилда ишлай бошлаган ва унинг асл сарлавҳаси  “Якуни хайрли ишларнинг барчаси яхши” бўлган . “Уруш ва тинчлик” асарида Франция императори Наполеон Бонапартнинг 1805—1807 ҳамда 1812—1814 йиллардаги ҳарбий юришлари, шу жумладан, Франция—Россия уруши воқеалари тарихи, мукаммал ёритилган. Адиб ўз асарида 500 дан ортиқ бадиий қаҳрамонлардан фойдаланган. Уларнинг баъзилари тарихий шахслар, баъзилари прототип, баъзилари эса тўқима образлардир.  

Ёзувчининг адабий мероси 90 томда жамланган бадиий ва публицистик асарлар, кундалик қайдлар ва мактублардан иборат. Қизиқарли факт “Уруш ва тинчлик” романи нусха кўчириш машинкалари ихтиро қилинишидан олдин ёзилган. Шу боис Толстойнинг рафиқаси асар қўлёзмасини 7 марта қўлда кўчиришга мажбур бўлган.  Тўрт жилддан иборат “Уруш ва тинчлик” роман-эпопеясининг биринчи жилдини 1947 йилда атоқли ўзбек адиби ва таржимони Абдулла Қаҳҳор ўзбек тилига таржима қилган.   

Жорж Оруэллнинг “1984” асари тоталитар жамият ҳақидаги башоратли дистопия асар бўлиб, сўз эркинлигининг йўқлиги инсониятни қай аҳволга келтириб қўйишини ўта муболағали ва фожиали тарзда кўрсатиб берган. Оруэлл бу китобни Шотландиянинг Юра оролида оғир сил касаллиги даврида ёзган ва бу асарнинг қоронғи оҳангда ёзилишига ҳисса қўшган. “1984” инсон ва жамиятнинг энг нозик нуқтасига бориб тегади. Бир томонда шахс, бир томонда давлат. Бир томонда озод ва ҳур инсонлар, бир томонда эса роботлаштирилган, улкан машинанинг кичик бир мурватига айлантирилган, руҳсиз, тафаккурсиз, эстетик диддан маҳрум, туссиз ва ҳиссиз, бир сўз билан айтганда, ҳеч қандай қадр-қиймат ва моҳиятга эга бўлмаган инсонни яратиш кураши туради.   Асардаги воқеалар 1984 йилда содир бўлгани учун ҳам, китоб “1984” деб номланади. 

“Андиша ва ғурур” ёхуд “Хурофот ва мағрурлик” Жейн Остен 19-аср инглиз жамияти фонида инсон муносабатларининг мураккаблигини кўрсатувчи ахлоқ ва никоҳ ҳақидаги жудаям ақлли роман.  

Асар қишлоқ дворянинг қизи Элизабет Беннет билан ўзининг келиб чиқиши, бойлиги ила мағрур ўзига тўқ задогоннинг ўғли Фитсуилям Дарси ўртасидаги саргузаштларни ҳикоя қилади. Китоб 1813 йилда нашр қилиниб, адабиёт дунёсида катта шов-шувга сабаб бўлди. Ушбу асар ҳақида ўша пайтдаги “Британия танқидчиси” журнали шундай ёзган эди: “Асар шу пайтгача ўқувчилар ҳукмига ҳавола қилинган бу турдаги ҳамма романлардан юқори туради”   

Жеймс Жойснинг “Улисс” романи. Муаллифнинг ўзи роман ҳақида “… шунчалик кўп бошқотирма ва топишмоқларни йиғдимки, асрлар бўйи олимлар уларни еча олмай бош қотирсинлар, бу менинг абадий ўлмас бўлишимга кафолатдир”, дея ёзган эди. 1904 йил 16 июнь Bloomsday Блум куни бўлиб адабиёт тарихига кирган. Шу куни кўчада кетаётган Жойс ва меҳмонхона  ходимаси Нора Барнакль биринчи марта учрашади. Жойс “Улисс” романини ёзиб, бу санани тарихга абадий муҳрлайди: роман воқеалари бир кунда бўлиб ўтади ва унинг қаҳрамонлари Стивен Дедал ва Леопольд Блум Дублин бўйлаб кезишади. Ҳар йили 16 июнь куни “Улисс” мухлислари бутун дунёда Bloomsday ўтказишади. Кўп китобхонлар шу куни Ирландияга бориб роман қаҳрамонлари – Блум ва Стивен изидан юриб, Дублинда саёҳат қилишади. Жойс асар устида етти йил, яъни 1914—1921 йиллар давомида ишлайди. Романнинг илк парчалари 1918 йилнинг март ойида Америкада “Литтд ревю” журналида босилди. Бу китоб “модернизм қомуси” деган ном олган.  2008 йилда Иброҳим Ғафуров “Улисс” романини ўзбекчага таржима қилади ва ўша йили “Жаҳон адабиёти” журналининг сонларида босилди. 

Марсел Прустнинг “Йўқотилган вақтни ахтариб” асарида хотиралар призмаси орқали вақт, хотира ва истак ҳақида фикр юритилади.  

Пруст асарининг биринчи жилдини нашр этиш учун бир қанча нашриётлар уни чоп этишдан бош тортганидан кейин унинг ўзи ушбу китобни молиялаштирган.  Бу роман эмас, 7 та романдан иборат бутун бир цикл. Марсел Прустнинг “Йўқотилган вақтни ахтариб” асари  3200 саҳифа ва 1,5 миллион сўздан иборат. Агар сиз ишлаш ўрнига кунига 8 соат, айтайлик, соатига 40 саҳифа тезликда (яъни кунига 320 саҳифа) ўқисангиз, Пруст циклини ўқиш сизга 10 иш куни ёки 2 календарь ҳафтасини олади. Роман адабиёт тарихидаги энг таъсирли асарлардан бирига айланди.   

<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/JGvf8rhPbPQ" title="Dunyo tan olgan besh roman" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Ушбу асарлар нафақат маданият ва адабиёт тарихида сезиларли из қолдирган шунингдек миллионлаб ўқувчиларнинг қалбидан жой олган. Хўш, сизнинг кутубхонангизда ўқиш шарт бўлган китоблар топлиги қайсилар? Бу ҳақда фикрингизни изоҳларда ёзиб қолдиринг. Ва бизни кузатишда давом этинг. Кўрсатувимизнинг кейинги сонларида бошқа романлар ҳақида сизга маълумотлар тақдим этамиз.

Шаҳноза Тоштемирова, Аслиддин Алижонов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА