English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дунё сиёсий луғатида “Марказий Осиё руҳи” атамаси пайдо бўлди
23:01 / 2023-07-29

Тошкентда ўтган “Марказий Осиё: ўзгаришлар даврида барқарор ривожланиш” мавзусидаги давра суҳбатида иштирок этган Марказий Осиё халқаро институти етакчи илмий ходими Шавкат Алимбеков минтақада рўй бераётган ўзгаришлар хусусида фикр билдирди.

– Президент Шавкат Мирзиёевнинг янги ташқи сиёсий йўналиши туфайли бугун Марказий Осиё мамлакатларида дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро англашув муҳити шаклланди. Ишонч билан айтиш мумкинки, минтақа муваффақиятли ривожлана бошлади.

Беш давлат ҳамкорликнинг янги босқичига ўтди, минтақанинг халқаро майдондаги ўрни мустаҳкамланяпти. Марказий Осиё мамлакатлари бир овозда гапирмоқда. Қайд этиш вақти келди: дунё сиёсий луғатида “Марказий Осиё руҳи” атамаси пайдо бўлди.

Бу борада Ўзбекистон раҳбари илгари сурган ташаббус – Марказий Осиё давлат раҳбарлари маслаҳат учрашуви муҳим механизмга айланди. Кўп йиллардан буён минтақа ривожига тўсқинлик қилаётган муаммоли масалалар бирин-кетин ҳал этилмоқда.

Чегаралар очилиб, савдо-сотиқ тез суратда ўсмоқда. Транспорт ва транзит салоҳиятини ривожлантириш қўллаб-қувватланяпти, янги қўшма корхоналар ташкил этилиб, иш ўринлари яратилмокда. Айни жараён минтақадаги барча мамлакатлар миллий манфаатига тўлиқ мос келади.

Сармоявий ҳамкорлик фаоллашган. Энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги каби иқтисодиётнинг турли муҳим тармоқларида истиқболли лойиҳалар йўлга қўйилган.

Ижобий ўсиш суръатига қарамай, Марказий Осиё мамлакатлари учун ҳам баъзи қийинчиликлар мавжуд – иқлим ўзгариши, озиқ-овқат ва энергия хавфсизлиги, технологик ривожланишдаги тўсиқлар. Бундай шароитда фақат ҳамкорликни мустаҳкамлаш орқалигина минтақамизни барқарор ривожлантира оламиз.

ЎзА мухбири Беҳруз Худойбердиев ёзиб олди.