Фарғона водийсининг туризм марказига айланаётган Хонобод шаҳрида ўтказилган “Дунё садолари” III халқаро миллий эстрада санъати фестивалининг учинчи куни ҳам қизиқарли тадбирлар ва дастурларга бой бўлди.
Фестиваль меҳмонлари эрта тонгдан шаҳардаги Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғида ташкил этилган савдо, миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмалари, дорбозлар гуруҳи, санъаткорлар ҳамда бадиий жамоаларнинг чиқишларидан баҳраманд бўлди.
–Турли сувинер маҳсулотлари, миллий қўғирчоқлар тайёрлаш билан шуғулланаман, – дейди Бухоро вилояти Когон туманидан келган ҳунарманд Нигина Остонова. – Фестивалда ўз маҳсулотларим кўргазмаси билан қатнашяпман. Маҳсулотларимни юртдошларимиз, айниқса, қўшни Қирғизистондан келган меҳмонлар катта қизиқиш билан сотиб олмоқда. Мафтункор Хонобод шаҳрида ўтаётган, миллий ҳунармандчилик маҳсулотларимиз кенг тарғиб этилаётган ажойиб фестивалда иштирок этаётганимдан беҳад хурсандман.
Мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрами арафасида Хонобод шаҳрида бўлиб ўтган III халқаро эстрада фестивали юртимиз тинчлиги, фаровонлиги ва ривожланишнинг белгиси, дунёнинг қатор давлатларидан машхур эстрада юлдузларининг ташрифи эса Ўзбекистон дунёга юз тутаётганлигига бир мисолдир.
–Набираларим билан фестиваль доирасидаги кўргазмаларни, тадбирларни катта қизиқиш билан томоша қилдик, – дейди Қўрғонтепа тумани Юксалиш маҳалласида яшовчи, меҳнат фахрийси Сирожиддин Ҳасанов. – Гўзал Хонобод шаҳрида ўтказилаётган тадбирлар бу ерга келган ҳар бир кишининг қалбида унутилмас таассуротлар қолдириши аниқ. Қўли гул ҳунармандлар тайёрлаган миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари, санъаткорларнинг ранг-баранг чиқишлари кўнгилларга хушнудлик бағишлайди. Айниқса, турли аттракционлар, ширинлик ва музқаймоқлардан баҳраманд бўлаётган болажонларнинг хурсандчилигини кўриб, бугунги тинч ва фаровон ҳаётимизга шукроналар келтирамиз. Илойим, юртимизга кўз тегмасин.
Фестивалнинг учинчи куни кеч оқшом дастлаб фестиваль меҳмонлари юртимизнинг таниқли қўшиқчиси Жалолиддин Аҳмадалиев ҳамда “Сетора” гуруҳининг чиқишларидан, сўнг модельерлар томонидан тайёрланган миллий либослар ва модалар намойишидан баҳраманд бўлди. Шундан сўнг жаҳон эстрада юлдузларидан бири, эронлик Араш (Араш Лабафзода)нинг қўшиқлари янгради. Унинг чиқишлари фестиваль меҳмонларида унутилмас таассуротлар қолдирди.
–Мен яқинларим билан Россиянинг Самара областидан ташриф буюрдим, – дейди россиялик сайёҳ Гўзал Нурматова. – Фестивалда учинчи бор қатнашаётганимдан хурсандман. Юртингизда мана шундай катта миқёсдаги эстрада санъати фестивали ўтказилаётганлигининг ўзи алоҳида эътирофга лойиқ. Фестиваль бундан-да чиройли ўтишини, янада кўпроқ сайёҳлар ташриф буюришини тилайман. Фестиваль ташкилотчиларига каттадан-катта раҳмат айтаман.
Фестивалда жаҳон эстрадаси юлдузлари –италиялик Ингрид Альберини, ҳиндистонлик Алиша Чинаи, туркиялик Мустафо Сандал, эронлик Араш (Араш Лабафзода)нинг, шунингдек, Германиянинг машҳур “Arabesque” поп-гуруҳи иштироки унинг нуфузини янада кўтаради.
Фестиваль тадбирлари доирасида Баҳодирлар ўйинлари бўйича навбатдаги жаҳон кубоги мусобақасида эса Хитой, Ҳиндистон, Австралия, Франция, Аргентина, Испания, Эрон, АҚШ, Жанубий Корея, БАА, Польша, Грузия, Арманистон, Россия, Беларусь, Қозоғистон, Тожикистон, Озарбайжон, Туркия, Миср каби 26 та давлатдан спортчилар иштирок этганлиги Ўзбекистоннинг халқаро спорт майдонидаги обрўсини янада оширади.
Бундан ташқари, фестиваль кунлари марафон, кураш мусобақаси, шунингдек, автомобиль ишқибозлари учун тюнингли машиналар иштирокида “Дрифт-шоу” тадбирини минглаб фестиваль меҳмонлари катта қизиқиш билан кузатдилар.
[gallery-24809]
–Фестиваль миллий қадриятларимиз, анъаналаримизни тарғиб этиш, одамларга хуш ва кўтаринки кайфият улашиш билан бирга Хонобод шаҳар инфратузилмаси, туризм имкониятларини, шаҳар иқтисодиётини юксалтиришга хизмат қилади, – дейди Хонобод шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Элёрбек Холмирзаев. – Аввалги йилга нисбатан бу йил фестивалга келувчилар сони анча ортди. Айниқса, шаҳарнинг савдо айланмаси бир неча баробар ўсди.
Бир сўз билан айтганда, Президентимиз ташаббуси билан ўтказилаётган “Дунё садолари” халқаро миллий эстрада санъати фестивали Ўзбекистонимизнинг халқаро нуфузи ва шуҳратини янада оширмоқда.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари