Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Дунё садолари”: ўзбек миллий санъати умрбоқий
12:02 / 2023-07-20

Андижоннинг Хонобод шаҳрида бўлиб ўтаётган “Дунё садолари” халқаро миллий эстрада санъати фестивалининг иккинчи куни ҳам юртимиз ва хорижий санъаткорларнинг ўзига хос чиқишлари билан файзли ўтди.

Фестивалда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан келган санъаткорлар ўзлари учун ажратилган майдонларда ранг-баранг бадиий дастурларини намойиш этди.

– Жамоамизнинг чиқишларини фестиваль меҳмонлари катта қизиқиш билан томоша қилди, – дейди Наманган вилояти Норин туманидаги “Гулдаста” ашула ва рақс ансамбли раҳбари Улуғбек Салимов. – Юртдошларимизнинг миллий қўшиқ ва рақсларимизга қизиқиши юқори эканлиги миллий санъатимизнинг умрбоқийлигидан нишонадир.

[gallery-12832]

Абдулла Сафаров бошчилигидаги Тошкент вилояти, Оққўрғон тумани “Тўрғай” фольклор-этнографик халқ ансамблининг ўзига хос чиқишлари ҳам фестиваль меҳмонларида катта таассурот қолдирди.

– Фарзандларим билан ушбу жамоанинг дастурини томоша қилдик, – дейди Хонобод шаҳрининг Янги ҳаёт маҳалласида яшовчи Ферузахон Ғофурова. – Айниқса, рақслар ҳамоҳанглигидаги “Бўз тўрғай”, “Сумалак”, “Тошкент вилояти йигитлари” каби қўшиқлар менга манзур бўлди. Бу каби дастурлар, умуман, фестиваль нафақат биз хонободликларга, балки республикамизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган меҳмонларга хуш ва аъло кайфият улашмоқда.

Фестивалнинг иккинчи куни кеч оқшом маданият ва истироҳат боғида ҳамда шаҳар ҳокимлиги олдидаги майдонда ташкил этилган катта саҳналарда ўтказилган галаконцертда меҳмонлар “Жаноб Расул”, Ҳожиакбар Рўзиметов, Жалолиддин Аҳмадалиев, “Шоҳруҳ реппер” ҳамда “Ғофур ва Раҳим” гуруҳларининг чиқишларидан баҳраманд бўлди.  

Фестиваль тадбирлари давом этмоқда. Бугун кеч оқшом фестивалнинг тантанали ёпилиш маросими ўтказилади.  

 

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,

З. УМРЗОҚОВ (фото),

ЎзА