Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Дунё садолари” фестивали
12:22 / 2025-08-15

Бугун Андижоннинг энг хушманзара кенти, Фарғона водийсининг туризм марказига айланаётган Хонобод шаҳрида “Дунё садолари” III халқаро миллий эстрада санъати фестивали бошланди.

Президентимиз ташаббуси билан юртимизнинг миллий эстрада санъатини дунёга танитиш, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш, мамлакатимиз, хусусан, Хонобод шаҳрининг туризм салоҳиятини кенг тарғиб этиш, хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтириш, қолаверса, мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрами олдидан юртдошларимизга хуш ва кўтаринки кайфият улашиш мақсадида мамлакатимизда учинчи бор ўтказилаётган “Дунё садолари” халқаро миллий эстрада санъати фестивалида дунёнинг қатор давлатларидан эстрада санъати гуруҳлари, хонандалари, шунингдек, мамлакатимиз эстрада санъати юлдузлари иштирок этади.  

–Фестивални юқори савияда ўтказиш учун зарур барча тайёргарлик ишлари амалга оширилди, – дейди Андижон вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов. – Қизиқарли ва ранг-баранг дастурларга бой фестиваль ишонаманки, иштирокчилар, ҳамшаҳарларимиз, шаҳримиз меҳмонлари қалбида унутилмас таассуротлар қолдиради.

[gallery-24775]

Фестиваль иштирокчи ва меҳмонларининг хавфсизлиги, жамоат тартибини сақлаш, йўл ва транспорт воситалари тирбандлиги келиб чиқишининг олдини олиш юзасидан зарур чоралар кўрилди. Хонобод шаҳридаги оммавий тадбирлар ўтказиладиган барча ҳудудларга, йўл ва чорраҳаларга кузатув камералари ўрнатилди, Wi-Fi интернет зонаси ташкил этилди, меҳмонларга хизмат кўрсатувчи гид ва волонтёрлар гуруҳлари шакллантирилди. Шаҳарнинг турли ҳудудларида миллий ва Европа таомлари тайёрлайдиган кўплаб ошхоналар фаолияти йўлга қўйилди, банкоматлар, ихчам, замонавий биоҳожатхоналар ўрнатилди.  

Аҳоли, сайёҳлар ва юртимиз меҳмонларининг Хонобод шаҳрига хавфсиз бориши, келиши учун Андижон – Хонобод автомобиль йўлида оғир юк машиналари, қишлоқ хўжалиги техникалари қатнови бир неча кунга чекланди.  

 Эслатиб ўтамиз, 15-17 август кунлари бўлиб ўтадиган “Дунё садолари” III халқаро миллий эстрада санъати фестивалида юртимиз эстрада юлдузлари билан бир қаторда Эронда туғилиб, Европада фаолият олиб бораётган, «Евровидение-2009» танлови совриндори Араш (Араш Лабафзода), ҳиндистонлик поп-қўшиқчи Алиша Чинай, туркиялик машҳур қўшиқчи Мустафа Сандал сингари жаҳон эстрада санъати юлдузлари иштирок этади.  

Ф. Убайдуллаев,

З. Умрзоқов (сурат),

ЎзА мухбирлари