Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дунё озарбайжонликлари бирдамлиги куни ўзгача нишонланди
21:30 / 2022-12-30

Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номли маданият марказида 31 декабрь – Дунё озарбайжонликлари бирдамлиги куни ва Янги йил байрами муносабати билан бўлиб ўт ган тадбирда Озарбайжоннинг мамлакатимиздаги элчихонаси, «Ўзбекистон-Озарбайжон» дўстлик жамияти раҳбарияти, Журналистлар уюшмаси мутасаддилари, фан, маданият, санъат ва таълим намояндалари, маҳаллий озарбайжонликлар, олий ўқув юртлари талабалари ва ўқитувчилари, журналистлар иштирок этди.

Иштирокчилар дастлаб ҳовлида ўрнатилган Буюк йўлбошчи Ҳайдар Алиев ҳайкали пойига гул қўйиб, унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

Марказ директори Самир Аббосов 1991 йил 16 декабрь куни Нахчивон Мухтор Республикаси Олий Мажлиси биринчи йиғилишида Ҳайдар Алиев қарори билан 31 декабрь Дунё озарбайжонликлари бирдамлиги куни сифатида эълон қилинганини таъкидлади. Барчани ягона ғоя атрофида бирлаштириш ташаббуси миллий етакчининг ўз халқи олдидаги энг буюк тарихий хизматларидан бири эканини эътироф этди.

Бугунги кунда ҳамжиҳатлик байрамини дунёнинг 70 га яқин давлатида истиқомат қилаётган 50 миллиондан ортиқ озарбайжонлик нишонлайди. С.Аббосов тугаётган 2022 йил Озарбайжон-Ўзбекистон муносабатида жуда сермазмун кечгани, Президент Илҳом Алиев бир йилда уч бор Ўзбекистонга ташриф буюргани, мамлакатларимизнинг ўзаро ҳамкорлиги стратегик иттифоқчилик даражасига кўтарилгани ва Тошкент шаҳри Миробод туманида Ҳайдар Алиев хиёбони очилганини мамнуният билан эсга олди.

Озарбайжоннинг 2022 йилда эришган ютуқлари ҳақида гапираркан, нотиқ Шуша йили муносабати билан амалга оширилган лойиҳалар, хусусан, Қорабоғ ва Шарқий Зангезур ҳудудларида амалга оширилган бунёдкорлик ишларига тўхталди. Жумладан, иккита – Фузулий ва Зангилон  халқаро аэропортлари очилгани, айни пайт Лочин вилоятида учинчи халқаро аэропорт қурилаётганини қайд этди.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси масъул ходими Акбар Магдиев ўз сўзида мамлакатларимиз ўртасида маданият ва журналистика соҳаларидаги алоқалар ҳам изчил ривожланиб бораётганига, бу борада Озарбайжон маданият маркази томонидан салмоқли ишлар амалга оширилаётгани, ўзбек матбуоти билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилганига урғу берди. Юртимиз ОАВ вакиллари, Ёзувчилар уюшмаси раҳбарияти ва ўзбек шоирларидан иборат делегациянинг маданий пойтахт Шушага ташрифи Марказ томонидан амалга оширилганини таъкидлади.

«Ўзбекистон-Озарбайжон» дўстлик жамияти ижрочи директори, профессор Эркин Нуриддинов эса 2023 йил Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳри Жаҳон сайёҳлик ташкилоти томонидан дунёнинг туризм пойтахти, Шуша шаҳри эса ТуркСОЙ ташкилоти томонидан Турк дунёсининг маданий пойтахти, дея эълон қилинганига эътибор қаратди.

Шундан сўнг 2022 йил давомида матбуот ва ОАВда Озарбайжон ҳақида эълон қилинган материаллар танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилиб, “Шуша – Озарбайжоннинг маданият пойтахти”, Ўзбекистонда “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”, “Озарбайжон-Ўзбекистон дўстлиги ва ҳамкорлиги бўйича йил телекўрсатуви”,  “Турк давлатлари ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик тарғиботи”,  “Йилнинг энг яхши таржимаси”, “Озарбайжон-Ўзбекистон дўстлик алоқалари ривожланиши йўлида “Фаол давлат, маданият ва илм ходими”,  шунингдек “Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида Турк давлатларининг тарихий дўстлиги, иқтисодий алоқалари ва транзит имконияти ҳақида қизиқарли таҳлилий-эксперт нутқи” каби номинацияларда жами 30 дан зиёд ижодкор тақдирланди.

Эътироф этилган ҳамкасбларимиз орасида “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Аҳмаджон Мелибоев, Озарбайжоннинг «РеалТВ» телеканали «Афиша» кўрсатуви бошловчиси Улвия Ҳусейнова, «СБС» телеканали муҳаррири Фуад Агамалиев, “Тошкент ҳақиқати” газетаси бўлим мудири Сергей Мутин, таниқли таржимон Шаҳло Қосимова, Олий Мажлис депутати Гулбаҳор Саидғаниева, Ўзбекистон Миллий университети кафедра мудири Нигинахон Шермуҳамедова, таҳлилчи-эксперт Абдували Сойибназаров, Озарбайжон диаспораси журналистларни қўллаб-қувватлаш жамоат бирлашмаси раиси Фуад Ҳусейнзода, Озарбайжоннинг “innews.media” ахборот сайти ижрочи директори Баҳруз Маммадовлар борлиги диққатга сазовор. Танлов ғолиб ва совриндорлари Озарбайжон маданият маркази томонидан тақдирланди.

Анжуман доирасида йиғилганлар байрам концертидан ҳам баҳраманд бўлишди. Дастурда таниқли хонандалар – озарбайжонлик Воҳид Алиев, Фотима Искандарова, Рена Азизова, ўзбекистонлик Темур Раҳмонов, Азиз Мадумаров ёқимли куй-қўшиқлар ижро этишди. “Кайкеб Алиева номидаги “Озарбайжон қизлари” ансамбли томонидан миллий рақслар намойиш этилди.

Ғайрат Хонназаров, ЎзА