Хива шаҳрида Ўзбекистон нейрохирургларининг IV анжумани бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан, шунингдек, бир қатор хорижий давлатлардан ташриф буюрган етакчи нейрохирург олимлар, амалиётчи шифокорлар, соҳага дахлдор мутахассислар иштирок этди.
Уч кун давом этган тадбирнинг очилиш маросимида Хоразм вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимов сўзга чиқиб, тиббиёт соҳасига қаратилаётган эътибор, жумладан, нейрохирургия йўналишида эришилган ютуқларни эътироф этди ва анжуман ишига муваффақият тилади.
–Ўзбекистон нейрохирургия хизмати қисқа даврда катта йўлни босиб ўтди, – дейди Ўзбекистон нейрохирурглари ассоциацияси президенти Ғайрат Кариев. – Бу борада, шубҳасиз, 1997 йилда фаолият бошлаган Республика ихтисослаштирилган нейрохирургия илмий-амалий тиббиёт марказининг салмоқли ҳиссаси бор. Охирги ўн йилликда ўзбек нейрожарроҳлари соҳани жаҳон стандартлари даражасига кўтарди. Натижада бугун юртимизда йилига 10 мингдан ортиқ мураккаб бош мия ҳамда орқа мия операциялари муваффақиятли ўтказиб келиняпти. Мутахассисларимиз изланишлари ва саъй-ҳаракати билан бош мия ҳамда орқа мия жарроҳлик амалиётлари жорий қилинди, нейрохирургик тез ёрдам бригадалари ташкил этилди.
Анжуманда мазкур йўналишда эришилган ютуқлар таҳлил қилиниши баробарида хорижий давлатлар билан ўзаро ҳамкорлик истиқболлари ҳам кўриб чиқилди.
– Конгресс жуда юқори савияда ташкил қилинди, – дейди америкалик профессор Али Аъзамов.
– Ўзбек нейрохирургияси ривожланаётганидан жуда хурсандман. Тиббиётга бўлган бундай эътибор учун мамлакат раҳбариятига ўз миннатдорчилигимни билдирман. Бу ерда нафақат Ўрта Осиё, балки бутун дунёдан келган кучли нейрохирургларни учратдим. Мисол учун, германиялик профессор Андреас Унтерберг томонидан “Бош миянинг энг чуқур жойида пайдо бўладиган ўсма ва ҳосилаларни олиш” бўйича қилинган маъруза замонавий нейрохирургияда жуда муҳим мавзудир.
[gallery-25211]
Конференция дастуридан ўрин олган долзарб мавзулардаги илмий маърузалар соҳадаги янгиликлардан хабардор бўлиш, билим ва тажриба алмашиш, энг муҳими, беморларга янада самарали, инновацион ёрдам кўрсатиш имконини берди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (фото), ЎзА