Бугун, 24 ноябрь куни Навоий шаҳридаги «Маънавият ва маърифат маркази»да «Алишер Навоий ижодий меросининг башарият маънавий-маърифий тараққиётидаги ўрни» мавзусидаги IV анъанавий халқаро илмий-амалий конференция ўз ишини бошлади.
Бу ҳақда Навоий вилояти ҳокимлиги хабар берган.
Навоий вилояти ҳокимлиги, республика Маънавият ва маърифат маркази, Навоий давлат педагогика институти ҳамда Алишер Навоий халқаро жамоат бирлашмаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур анжуманга АҚШ, Канада, Албания, Туркия, Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Эрон, Монголия, Тожикистон, Татаристон каби дунёнинг ўндан ортиқ давлатларидан юзлаб навоийшунос олимлар, адабиётчилар, давлат арбоблари, профессор-ўқитувчилар ташриф буюрган.
Алишер Навоий номи билан аталувчи истироҳат боғида қад ростлаган буюк мутафаккир ҳайкали пойига гулчамбар қўйиб, эҳтиром кўрсатдилар.
Ушбу маросимда нуфузли меҳмонлар билан бирга Навоий вилояти ҳокими вазифасини бажарувчиси Нормат Турсунов, секторлар раҳбарлари, ижодкор зиёлилар, маънавият соҳаси фидойилари, тарғиботчилар, талаба ва ўқувчи-ёшлар иштирок этдилар.
З. Мирзабоева, ЎзА