Бугун халқаро муносабатларда ҳар бир давлатнинг нуфузи фақат иқтисодий кўрсаткичлар ёки ҳарбий қудрат билан эмас, балки унинг тинчликпарвар позицияси ва маънавий салоҳияти билан баҳоланади. Ўзбекистон Президентининг АҚШда тинчлик сиёсатига бағишланган нуфузли йиғилишда иштирок этиши — мамлакатимизнинг чуқур глобал масъулиятини англатади.
Бу воқеа океан ортидаги ўзбек ёшлари учун оддий дипломатик янгилик эмас, балки фахр ва руҳий таянч манбаига айланди. Чунки, диаспора ўз ватани обрўсини ҳар қандай расмий баёнотдан кўра чуқурроқ ҳис қилади.
Калифорния штатидаги “Ўзбеклар жамияти” фаоллари Саратога шаҳрида жам бўлиб, ушбу ташрифни катта кўтаринки кайфиятда кутиб олди. Бу кеча фақат сиёсий воқелик муҳокамаси билан чекланмади, у маданият, санъат ва миллий тарбия уйғунлашган маънавий маконга айланди.

Жамият раиси Қудрат ака — 25 йилдан буён Америкада яшаб, шифокорлик фаолияти билан бирга диаспора ҳаётида етакчилик қилиб келаётган фидойи инсон. Унинг ўғли Султонали Америкада туғилган бўлса-да, ўзбекона тарбия руҳини сақлаб қолган. Отасини “Падари Бузрукворим”, онасини “Волидам” деб чақириши — глобаллашув шароитида миллий ўзликни сақлашнинг жонли рамзидир.
Султонбек Рахимходжаев 5 ёшидан пианино билан ошно. Бугун сиёсий илм ва жаҳон иқтисодиёти соҳасида таҳсил олади, Apple компаниясида фаолият юритади, шу билан бирга ўзбек ёшлари орасида миллий қадриятларни тарғиб қилади. У қўлга киритган халқаро сертификатлар — меҳнат, интилиш ва оилавий тарбия уйғунлигининг натижаси.
Кечада “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиати, Сан-Франциско мусиқа консерваторияси талабалари Мумтозбегим ва Юлио Мартинс иштирок этди. Улар ижро этган опера классикаси хонадонни гўё катта театр саҳнасига айлантирди. Султонали пианино ижроси билан мусиқий кечага ўзига хос руҳ бахш этди.
Санъатсевар ўзбек оиласининг фарзандлари — Ферозе, Фаиза, Қалиб ва кичик Кинан ҳам бу муҳитдан илҳомланиб, ўзларининг кичик асарларини намойиш этди. Бу шунчаки болалар чиқиши эмас, балки маданий мероснинг авлоддан-авлодга ўтаётганини кўрсатувчи рамз эди.

Сиёсат фақат давлатлар ўртасидаги музокаралар билан чекланмайди. Замонавий дунёда “юмшоқ куч” — маданият, таълим, санъат ва жамоатчилик фаоллиги орқали таъсир ўтказиш механизми муҳим аҳамият касб этади.
Калифорниядаги ўзбеклар жамияти ана шу "юмшоқ куч"нинг амалий намунасидир. Улар миллий байрамлар ўтказади, ёшларни бирлаштиради, мусиқий кечалар ташкил этади, китобхонликни тарғиб қилади. Бу давлат сиёсатининг расмий қисми эмас, аммо уни қўллаб-қувватловчи маънавий пойдевордир.
Тинчлик сиёсати халқаро минбарларда илгари сурилса, унинг мазмуни диаспора ҳаётида намоён бўлади. Агар хориждаги ёшлар ўз маданиятини унутмаса, ўз тилида сўзласа, ўз қадриятларини асраса — бу мамлакат имижи учун энг кучли аргумент.
Кечадан сўнг Саратогадаги кутубхонага бордик. Сукути билан ўйлантирадиган бу масканда ота-оналар болалари билан китоб ўқийди. Бир ярим ёшли Кинаннинг рангли саҳифаларга қизиқиши — муҳит тарбиясининг натижаси.
Бугун инновация, сунъий интеллект ва рақамлаштириш ҳақида кўп гапирамиз. Аммо инсон капитали — китобхонлик, мусиқа ва оилавий тарбия орқали шаклланади. Миллатнинг келажаги дипломатик минбарларда ҳимоя қилинади, аммо унинг маънавий пойдевори хонадонларда қурилади.
Океан ортидаги ўзбеклар шу ҳақиқатни яхши англаган. Улар замонавий имкониятлардан фойдаланиб, миллий ўзликни асраб қолишга интилмоқдалар. Бу — диаспора дипломатиясининг энг самимий кўринишидир.
Гулчеҳра Мирзаева,
ТошДавТУ матбуот котиби.