Бугун келажагимиз ворислари бўлган ёшларнинг замонавий билимлар олиши ва ўзлари севган касб-ҳунарни эгаллашлари учун барча шароитлар муҳайё. Қувонарлиси, берилган ушбу имкониятлардан унумли фойдаланаётган ёшлар сони кундан-кунга ортиб бормоқда.
Улар нафақат республикамиз, балки дунёнинг турли нуқталарида фаолият юритиб, она Ватанимиз номининг жаҳонга танилишига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Ва яна, Ўзбекистон ёшлари дунёнинг бошқа давлатларидаги тенгдошларидан ҳар қайси соҳада ортда эмаслигини ўзларининг билими ва ғайрат-шижоати билан исботлаб келмоқда.
Жонажон ва гўзал Ўзбекистонимиз бўйлаб саёҳат қилсангиз, нафақат азим шаҳарлар, балки вилоятларнинг чекка ҳудудларида ҳам бундай иқтидор эгалари истаганча топилишига ўзингиз гувоҳ бўласиз. Ана шундай юртдошларимиздан бири Ўзбекистон ёшларининг умумжаҳон ассоциациясининг АҚШдаги координатори Давлатбек Асадбовдир.
2000 йилнинг 30 апрелида Навоий вилоятининг Хатирчи туманида туғилган Давлатбек болалигидан илм олишга интилди. Отаси Умиртош ака ва онаси Ханифа ая фарзандининг дарси, бўш вақтини қандай ўтказишидан ташқари, унинг кимлар билан дўстлашаётганига ҳам катта эътибор қаратди. Оиладаги муҳит, ота-онасининг панду насиҳатлари, меҳрибонлигию кези келганда қаттиққўллиги йиллар ўтиб ўз мевасини берди.
2015 йилда тумандаги 74-умумтаълим мактабини аъло баҳолар билан тугатган Давлатбек, Хатирчи тумани қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежини ҳам муваффақиятли тамомлади. Инсон улғайгани сари орзулари ҳам улканлашиб бораверади. Унга эришиш эса сабр-матонат, кучли ирода, машаққатли меҳнатларда тобланган кишиларгагина насиб этади. Буни яхши англаган Давлатбекнинг ота-онаси фарзандларининг келажакда мустақил қарорлар қабул қила оладиган инсонлар бўлиб камолга етишини орзу қиларди. Ота-онаси истагандек етук инсон бўлиш қолаверса, ўз орзуларини амалга ошириш учун аввало, кучли билим соҳиби бўлиши кераклигини Давлатбек аллақачон англаб етганди. Кўпчилик болалигида тенгдошлари қатори кўча чангитиб, турли шўхликлар қилиб юришни ёшликнинг завқли онлари деб тушунади. Бошқа тенгдошларидан фарқли равишда Давлатбек китобга меҳр қўйди. Билим олиш, тил ўрганишдан ташқари, ўзбек ва жаҳон адабиётининг ноёб дурдоналари билан ҳам яқиндан танишди.
Орзу ва интилишлари уни Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг Халқаро ҳуқуқ факультети талабаси деган шарафли номга сазовор бўлишига замин яратди. Унда бошқа давлатлар тарихи, маданияти, қонунчилиги, миллий анъана ва қадриятлари, урф-одатлари, тили ва табиати ҳақида билимларини янада кенгайтиришга имкон яратилди.
– Бугун дунёда глобаллашув жараёнида барча давлатлар сингари муҳожирлик тушунчаси АҚШ ва Ўзбекистон учун ҳам бегона эмас, – дейди Давлатбек Асадов. – Мен эгаллаётган, тадқиқ этаётган соҳа айнан хорижда турли сабабларга кўра истиқомат қилувчи фуқароларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, Имкониятларини ўрганиш, керак бўлса уларга кўмак беришдан иборат. Мен АҚШ да таҳсилим давомида соҳамиз келажаги борлигини ва қилишим мумкин бўлган ишлар кўплигини англадим. Чунки замон шиддат билан ривожланяпти. Биз ҳар қадамда ўсишимиз, ўз устимизда изланишимиз керак. Миграция кишидан ана шундай масъулият талаб қилади. Мен орзу қиламанки, ҳеч қачон муҳожирлар ҳуқуқи топталмасин, улар доим дунёнинг қайси бурчагида бўлмасин ўзини ҳимоя қила олсин.
Она тилидан ташқари, инглиз, рус ва турк тилларини пухта ўзлаштирган Давлатбек ҳозирда немис тилини янада мукаммалроқ ўрганишга бел боғлаган.
Вақтни тўғри тақсимлаш ва ундан унумли фойдаланиш муваффақиятлар гаровидир. Шу маънода кўпчилик ёшлар ва ҳатто тенгдошлари Давлатбекка ҳавас қилса арзийди. “Ёшликда олинган билим, тошга ўйилган нақш кабидир”, деганларидек, илм-маърифат кишининг бутун ҳаёт йўлларини нурафшон этиб боради. Буни ўз вақтида тушунган, ҳис қилган ва энг муҳими, бу ибратли нақлга амал қилган Давлатбек кам бўлмади. Эътиборли жиҳати, ҳозир ҳам изланиш ва интилишдан тўхтамайди. Бу унинг ҳавас қилса бўладиган яна бир жиҳатидир.
ЎзА