Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дунё кескин ўзгариб боряпти, ОАВ вазиятларни ўзида тўлиқ акс эттира оляптими?
13:17 / 2022-02-24

Бугунги газeталарни варақлаганда…

Кундалик газеталар билан танишиб борар эканмиз, бир ҳадик кўнгилдан ўтаверади – дунё кескин ўзгариб боряпти. Матбуот, ОАВ эса уни ўзида тўла акс эттира оляптими?.. 

"Янги Ўзбекистон"нинг бугунги сонида давлат раҳбарининг Қорақалпоғистон бўйлаб қилаётган сафари тафсилотларига кенг эътибор қаратилган. Шунингдек, электрон пуллар, аҳолига тез ва сифатли хизмат кўрсатадиган бошқарув сервис компаниялари фаолияти, Афғонистон ва минтақа ҳаёти, етакчи ёшлар, ўзбек олимларининг дунёга танитишда муҳим роль ўйнаётган инглиз тилини ўрганиш, маданий мерос, экспресс кутубхона ва инсон қадри билан боғлиқ хабар, лавҳа, мақолалар ўқувчини бефарқ қолдирмайди.

"Халқ сўзи"да берилган "Қорақалпоғистон тараққиётида янги саҳифа очилмоқда" номли шарҳ орқали мамлакат шимолида юз бераётган ўзгаришлардан боҳабар бўласиз. Давлат раҳбарининг "Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатини ўтаб бўлган муддатли ҳарбий хизматчиларни қуролли кучлар резервига бўшатиш тўғрисида"ги қарори билан танишасиз. Шунингдек, ЕИ билан ҳамкорлик алоқалари, ташқи меҳнат миграцияси, Афғонистон бўйича саъй-ҳаракатлар муштараклиги, ишсизликдан бошланган юмуш даромад манбаига айлангани ҳақидаги мақолаларда бугунги кун руҳини кўрасиз.

"ХХI ASR" "Президент Оролбўйи минтақасида" номли мақола эълон қилган. Унда давлат раҳбарининг мамлакат шимолида давом этаётган сафари тафсилотлари акс этган. "Зинг-зинг! "Эй, сендачи? Инсоф борми?", "Гинкго – кумуш ўрик" мақолаларини албатта ўқинг! Унда сиз ва бизни безовта қилаётган муаммолар, инсон ва табиат уйғунлиги ҳақида сўз боради. Таниқли журналист Рўзимбой Ҳасаннинг "Қайта тикланган қарор... нега ҳамон ижросиз қолмоқда?" мақоласини "ажаб ҳангомалар" рукнида ўқийсиз.

"Ishonch" газетасининг бугунги сони қизиқарли ва мулоҳазали мақолаларга бой. "Маданият Мўйноқдан бошланади" номли саҳифа эътиборни тортади. "Кун нафаси"дан ўрин олган хабарлар орқали янгиликлардан воқиф бўласиз. "Инспекторлар қаерда?", "Замонавий тузоқлар ўлжаси ким?", "Пандемия чекинмоқда. Бироқ..." каби мақолаларда бугунги кун манзаралари, мушоҳада ва мулоҳаза, жамият муаммоларини кўрасиз. "Ҳайрат уйғотувчи шеърият", "Озарбайжоннинг ўзбеги" саҳифалари мароқ билан ўқилади.

"Жамият" газетасининг бугунги сонида эълон қилинган "Она заминнинг Марсга мактуби", "Тошкент "нон шаҳри" эмас", "Аввал маърифат, кейин сиёсат" мақолаларини завқ, аммо ички бир мулоҳаза билан мутолаа қиласиз. "Маҳалланинг ташаббус ва ижро назорати: унга қандай эришилади?" мақоласида маҳаллалардаги бугунги ҳаётни кўрасиз. "...Ҳар не истарсен, ўзунгдан истагил", "Жўровоз"лар кўпайибди, "жўрабоз"лар!" ҳамда "Ҳасад балоси" саҳифаларида кўнгилга йўл, инсон манзаралари ва ҳаёт ноқисликларини кўрамиз...

“Qishloq hayoti” газетасида эълон қилинган "Қорақалпоғистон тараққиётига янги саҳифа очилмоқда" мақоласи эътиборни тортади. "Сув тежовчи технологияларни ўрнатиш ишлари жадал суръатларда бормоқда", "Тежамкорлик ариқдан бошланади" каби мақолаларда сувнинг ҳаётимиздаги ўрни, қишлоқларимиздаги ҳаёт ҳақида сўз боради.

Бугунги газеталарни ўқинг, бугунги кун ҳавосидан нафас олинг...

А.Нарзуллоев, ЎзА