Маълумки, илм-фан тараққиётида олимларнинг ўрни беқиёс. Уларнинг илмий изланишлари, кашфиётлари, илм-фан ва таълим соҳаларидаги илғор ташаббуслари жамият равнақига хизмат қилади.
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси зиёлилар, жумладан, олимлар, тарбиячи ва ўқитувчилар, ижодкор ва санъаткорлар, спортчилар, туризм, ҳунармандчилик ва халқ табобати соҳаси вакиллари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари, келажагимиз бунёдкорлари бўлган ёшлар, шунингдек, “Қадриятларга таянган тараққиёт!” шиорини қўллаб-қувватловчи ватанпарвар ва бунёдкор халқимиз вакилларини ўз электорати деб ҳисоблайди ва илм йўлида изланаётган фаол олимларни қўллаб-қувватлайди.

Партиянинг дастурий мақсадларидан бири — миллий қадриятлар, замонавий билим ва илмий тафаккур уйғунлигига асосланган тараққиёт моделини қарор топтиришдан иборат. Шу нуқтаи назардан, илм-фан ва сиёсат ўртасида ҳамкорлик алоқалари ўрнатилиши мазкур устувор вазифаларни амалий жиҳатдан таъминлашга хизмат қилади. Бу эса партиянинг жамиятда илмга асосланган сиёсий қарорлар қабул қилиш, жамоатчилик фикрини шакллантиришда экспертлик ёндашувини кучайтиришга қаратилган стратегик мақсадларига тўла мос келади. Шунингдек, бу — замонавий давлат ва адолатли жамият қуришнинг муҳим шарти ҳисобланади.

Жорий йилнинг 17 февраль куни сиёсатдаги аёллар ҳамда олималар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида “Илм-фан соҳасидаги аёллар ва қизлар халқаро куни” муносабати билан “Қонунчиликни такомиллаштиришда илмий жамоатчилик билан ҳамкорлик истиқболлари” мавзусида очиқ мулоқот ташкил этилди.

Тадбир якунида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ҳамда Ўзбекистон хотин-қизлар “Олима” уюшмаси ўртасида ҳамкорлик Меморандуми имзоланди. Бу муҳим ҳужжат сиёсий партия ва фуқаролик жамияти институти ўртасида ўзаро ишонч, очиқ мулоқот ва ҳамкорликни мустаҳкамлаб, мамлакатда барқарор ва инклюзив тараққиётни таъминлашга хизмат қилади.

Меморандум доирасида олима аёллар, илм-фан ва таълим соҳасига оид муаммоларни депутатлик сўровлари орқали давлат органларига тақдим этиш, “Олима” уюшмасининг экспертлик хулосалари асосида қонун лойиҳаларига таклиф ва қўшимчалар киритиш, хотин-қизларнинг илм-фандаги мавқеини мустаҳкамлашга қаратилган парламент эшитувлари ва давра суҳбатларини ташкил этиш, олима аёллар номзодини депутатликка илгари суриш, эксперт кенгашлари, жамоат комиссияларига аъзо сифатида тавсия этишга қаратилган бир қатор вазифалар белгилаб олинди. Мамлакатимизда интеллектуал салоҳиятни юксалтириш, жамоатчилик фикрида илмий ёндашувни кучайтиришга қаратилган тадбирларни амалга ошириш, қўшма ташаббусларни илгари суришга келишиб олинди.
Феруза Жалилова, “Миллий тикланиш” демократик
партияси Марказий кенгаши бўлимининг бошлиғи, ЎзА