Янги йил – турли халқлар, маданиятлар ва анъаналарни бирлаштирадиган байрамлардан бири. У дунёнинг деярли барча мамлакатларида нишонланади, аммо ҳар бир давлат бу кунни ўзига хос урф-одатлар, рамзлар ва байрамона маросимлар билан қарши олади. Қуйида айрим давлатларда Янги йил қандай нишонланиши ҳақида қизиқарли маълумотларни ҳавола этамиз.
Японияда Янги йил энг муҳим байрамлардан бири ҳисобланади. Айём арафасида одамлар уй-жойларини тозалайди, бу “ўтган йил ташвишларидан халос бўлиш” рамзи сифатида қабул қилинади. 31 декабрь куни буддавий ибодатхоналарда улкан қўнғироқ 108 марта чалинади. Бу инсондаги 108 та нафс истагидан покланиш маъносини англатади. Янги йилнинг биринчи кунида эса японлар ибодатхонага бориб, янги йил учун ният қилади.
Испанияда Янги йил тунги соат 12:00 да 12 та узум ейиш анъанаси мавжуд. Ҳар бир узум келаётган ойлардан бирига ишора қилади ва бу маросим омад ҳамда фаровонлик олиб келишига ишонилади. Бу анъана ХХ аср бошларида пайдо бўлган бўлиб, ҳозиргача кенг сақланиб келинмоқда.
Бразилияда Янги йил асосан океан соҳилларида нишонланади. Рио-де-Жанейрода миллионлаб одамлар оқ кийимда соҳилга чиқиб, денгиз илоҳига гуллар ва шамлар тақдим этади. Оқ ранг тинчлик ва янгиланиш рамзи ҳисобланади. Байрам тунда салютлар отиш ва мусиқали шоу билан давом этади.
Германияда Янги йилни қарши олиш “Зильвестр” деб аталади. Бу кунда одамлар қўрғошин қуйиш анъанасини бажаради: эритилган қўрғошин совуқ сувга қуйилиб, ҳосил бўлган шаклга қараб келаётган йил тақдири тахмин қилинади. Шунингдек, йирик шаҳарларда оммавий шоулар ташкил этилади.
АҚШда Янги йил байрамининг энг машҳур рамзи — Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтадиган “шар учириш” маросимидир. Бу анъана 1907 йилдан бери давом этмоқда. Минглаб одамлар совуққа қарамасдан майдонга йиғилиб, соат 12:00 ни бирга қарши олади. Байрам концертлар ва оилавий зиёфатлар билан нишонланади.
Хитойда Янги йил ой тақвими асосида одатда, январь–февраль ойларида нишонланади ва у “Баҳор байрами” деб аталади. Байрам 15 кун давом этади. Қизил ранг асосий рамз ҳисобланади, чунки у ёвузликдан ҳимоя қилади, деб ишонилади. Айём давомида ўтганлар хотирланиб, оилавий йиғилишлар ўтказилади.
Шотландияда Янги йил “Хогманай” номи билан машҳур. Байрамнинг асосий урф-одати — “биринчи меҳмон” анъанасидир. Янги йил киргандан кейин уйга биринчи бўлиб кирган киши омад олиб келади, деб ҳисобланади. Айниқса, қўлида кўмир ёки нон билан кириш яхши аломат саналади.
Австралияда Янги йил ёз фаслига тўғри келади. Одамлар соҳилларда, кемаларда ва очиқ майдонларда Янги йилни қарши олади. Байрам кўпроқ очиқ ҳавода, дўстлар ва оила даврасида нишонланади.
Умуман олганда, дунёнинг турли нуқталарида Янги йил турлича нишонланса-да, барча халқларни бирлаштирувчи умумий ғоя мавжуд – янги умидлар, эзгу ниятлар ва келажакка ишонч.
Мусулмон Зиё тайёрлади,
ЎзА