Дунё чавандозлари пойтахтимизда беллашмоқда
Пойтахтимизда от спортининг конкур йўналиши бўйича “Jumping world challenge final” турнири ўтказилмоқда. Ушбу мусобақага “Universal horses stable” мажмуаси мезбонлик қилмоқда ва унда 11 давлатдан келган чавандозлар ғолиблик учун курашмоқда.
Мусобақанинг навбатдаги кунида чавандозлар 115 ва 120 см. баландликдаги тўсиқлардан от сакратишда ўзаро рақобатлашди. 115 см. баландликка сакрашда Доминикан Республикаси шарафини ҳимоя қилган Гиоргия Иеромаззо “Jangcy L” лақабли отида биринчи ўриндан жой олди. Сингапурлик Кристи Нейр эса “La-Luna” лақабли тулпорида иккинчи, ҳамюртимиз Абдушукур Собиржонов “Elis-G” отида учинчи ўринда қайд этилди.

Тўсиқ баландлиги 120 см. бўлган баҳсларда Гиоргия Иеромаззо ва “Jangcy L” тандеми яна ғолиб бўлди. Мавританиялик Габриел Флавен “Arbat” лақабли отида кумуш, Виктория Грейвенштейн (ЖАР) “Jodcasall A-Z” тулпорида бронза медалига сазовор бўлди.
Мусобақа давом этмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА