Окленд технология ва Вашингтон университетлари ҳузуридаги Соғлиқни сақлаш кўрсаткичи ва баҳолаш институти мутахассислари ер юзида инсульт билан касалланиш ҳолати ортганини маьлум қилди.
Тадқиқот хулосаси "The Lancet Neurology" журналида чоп этилган. 1990-2021 йиллари ушбу хасталик туфайли тоби қочганлар сони 70, ҳаётдан кўз юмиш даражаси эса 44 фоиз ошган. 2021 йил юрак ишемияси ва "COVID-19"дан кейин айнан инсультдан энг кўп одам жон берган.
Олимлар изланиш давомида ортиқча вазн индекси, қон босими, қондаги шакар даражаси ва ифлос ҳаво каби хавф омиллари таъсирини баҳоладилар. Натижада ёшга кўра стандартлашган касалланиш ва ўлим кўрсаткичи минтақалар кесимида фарқланиши. инсульт юки паст ва ўрта даромадли мамлакатларда сезиларли даражада юқори экани аёнлашган.
Инсульт туфайли йўқотилган умр ёки соғлом йиллар миқдори 1990 йилга нисбатан 32 фоиз ўсиб, 160,5 миллионга етган.
Африка, Осиё каби паст даромадли минтақаларда хасталикка дуч келиш ва вафот этиш ҳолати ривожланган мамлакатларга нисбатан 2-10 баробар юқори. Семириб кетиш, гипертония ва кир ҳаводан нафас олиш ёш аҳоли орасида инсульт кўпайишига олиб келадиган асосий омиллар сифатида келтирилган.
Тадқиқотга кўра, атроф-муҳит омили, жумладан юқори ҳарорат ва ҳаво ифлосланиши муаммоси, айниқса, паст даромадли юртларда долзарб. Яъни, бундай ҳудудлар экология сифатини яхшилаш ва метаболик касалликларнинг олдини олиш бўйича зарур саъй-ҳаракатларни амалга оширишлари лозим.
Ш. Маматуропова, ЎзА