Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дунё бўйича саратон 1990 йилга нисбатан 79 фоизга кўпайган
15:39 / 2023-11-29

Онкологик касалларни даволашга мўлжалланган хосписларнинг 2 таси ҳанузгача ишга туширилмаган

Саратон — энг оғир, азобли хасталиклардан бири. Саратонга чалинган бемор рангпар, руҳи синиқ ва тушкун ҳолга тушиб қолади. Охир-оқибати деярли маълум бўлган бу касаллик билан курашаётган инсоннинг ўксик қалбидан, чалкаш хаёлларидан кечаётган кечинмаларини англаш, ҳис қилиш қийинмас.    

Яқинда ана шундай оғир хасталикка чалинган қўшнимизни кўргани чиқиб, чуқур изтиробдан жовдираган юз-кўзларига тикилиб қарашга ботинолмадим, дилимдан, тилимдан соғлик соғиниб чиқаётган сўзларимга, далдаларимга аслида ўзим ҳам ишониб-ишонмай, ҳол сўрашга зўрға куч топдим. Энди унинг азоблари билан бирга яшаётган яқинлари, ота-онаси, ака-укасининг ҳолатини, юрагидан ўтаётганларини тасаввур қилаверинг... Бу дард билан олишаётганлар, ёнида биргаликда курашаётган яқинларга осон эмас.    

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, саратон билан касалланиш йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Шунинг учун ҳам онкологик хасталикларни вақтида аниқлаш ва даволаш, онкология хизматини янада ривожлантириш масаласи янада устуворлик касб этмоқда. 

Мамлакатимизда аҳолига онкологик ёрдам кўрсатиш, бу касаллик билан оғриган беморларга шарт-шароит яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар ва мавжуд муаммолар юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси аъзоси, кўп йиллик шифокор Қизилгул Қосимова ЎзА мухбирига интервью берди:    

— Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, сўнгги ўттиз йил ичида дунё бўйлаб 50 ёшгача бўлган одамларда саратон касаллиги аниқланган. 2019 йилда ушбу ёш гуруҳида 3,26 миллион кишида саратон касаллиги қайд этилган бўлиб, бу рақам 1990 йилга нисбатан 79 фоизга кўп дегани. Демак, онкология йилдан-йилга кўпайса, кўпайганки, камаймаган.  

Ҳозирда Ўзбекистонда 118 мингдан ортиқ саратон касаллиги аниқланган беморлар рўйхатга олинган бўлиб, улар Республика онкология маркази ва унинг ҳудудлардаги 15 та филиалида фаолият юритаётган мутахассислар томонидан даволанмоқда.    

Онкология хизматини янада ривожлантириш мақсадида Президентимизнинг “2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Онкологик хизматни янада ривожлантириш ва онкологик касалликларнинг кечки босқичларини бошидан ўтказаётган беморларга тиббий-психологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинган бўлиб, мазкур ҳужжатлар асосида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш Дастури тасдиқланган.  

Юртимизда ташхис қўйиш, даволаш ва парвариш қилиш бўйича кишидан кўп вақт ҳамда катта маблағ талаб қиладиган бу касалликнинг олдини олиш, уни камайтиришга қаратилган салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Афсуски, амалий ишлар билан бирга, ҳали ечимини кутаётган масалалар ҳам йўқ эмас. Масалан, Президентимизнинг 2017 йилдаги тегишли қарорига асосан маҳаллий ҳокимликлар маблағлари ҳисобига Самарқанд, Хоразм, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрида жами 4 та ҳудудлараро хоспис ташкил этилиши белгиланган эди.  

 Шу ўринда хоспис ҳақида маълумот берсам, хоспис — бу нафақат онкологик беморларга, балки барча касалликларнинг сўнгги босқичида паллиатив ёрдам кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий муассаса бўлиб, унда узоқ даволанишлардан чарчаган беморларга касалхона эмас, балки уйдагига ўхшаш шароитлар яратилади.    

Ўзига хос меҳр маскани бўлган хоспислар ҳозирда фақатгина Хоразм ва Самарқанд вилоятида бор. Бундан ташқари, Ўзбекистон тарихида илк бор  “Зангиота – 2” тиббиёт мажмуасида болалар хосписи ташкил этилган. Лекин неча йилдирки, Тошкент шаҳри ва Фарғона вилоятларида ҳудудлараро хоспислар ҳанузгача ишга туширилмаган. Хоспислар ташкил этиш учун ҳуқуқий асос бор, уни қуриш учун масъуллар белгиланган, уларда ишлайдиган кадрлар ҳам ўқитилган, лекин хоспислардан дарак йўқ.

Аниқланишича,  Тошкент вилоятининг Қибрай туманида қурилиши бошланган хосписни 4 йилдан буён қуриб битказишмаяпти. Фарғона вилоятида эса қуриб битказилган, кадрлар ва асбоб-ускуналар билан таъминланган. Аммо масъуллар бу бинога Саломатлик институтини “жойлаштирган”. Яъни, қоғозда хоспис бор, амалда эса бинода бошқа муассаса ишлаяпти.  

Таъкидлаш жоизки, дунё тажрибасида хоспислар давлатларнинг ижтимоий жиҳатдан мавқеини белгилаб берадиган муассаса ҳисобланади. Яъни, хосписларнинг мавжудлиги бўйича индикаторлар бўлиб, бу билан давлатларнинг рейтинги белгиланади. Демак, ижтимоий аҳамияти оғир бўлган онкологик касалликларни даволаш, беморларга зарур шароитларни яратиш борасидаги саъй-ҳаракатлар ўта муҳим аҳамиятга эга.    

Яна шуни таъкидлаш жоизки, хоспислара фаолият юритаётган, онкологик касаллар билан ишлаётган шифокор ва ҳамшираларимизни қаҳрамон дейиш мумкин. Чунки бу турдаги касаллар билан ишлаш осон кечмайди. Айниқса, касалликнинг охирги босқичини ўтаётган беморларнинг ҳар дақиқаси азобда ўтаётганини кўриб туриш уларга имкони борича ёрдам кўрсатаётган тиббиёт ходимлари руҳиятига ҳам жуда катта салбий таъсир кўрсатади. Шу боис ушбу йўналишда ишлаётган соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш масаласига ҳам эътибор қаратиш лозим бўлади.   

Соҳада ечимини кутаётган муаммолардан келиб чиқиб, яқинда Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси ташаббуси билан тегишли вазирлик ва муассасалар вакиллари, онкология соҳасининг етук мутахассислари билан биргаликда Ўзбекистонда оғир онкологик беморларга тиббий ва психологик ёрдам кўрсатишга мўлжалланган хоспислар, уларнинг ҳолати ва муаммоларини муҳокама қилдик. Йиғилишда бутун жамиятни ўйлантириши керак бўлган масала ўртага ташланди. Депутатлар масъулларга қарата “Ваъда қилинган хоспислар қачон ишга туширилади?” деган аниқ саволни берди. Аммо, афсуски, ҳозирча жавобларни қониқарли деб бўлмайди. Маҳаллий ҳокимликларнинг маблағлари ҳисобидан барпо этилиши лозим бўлган ушбу муассасалар учун маблағ ажратиш масаласини масъуллар назоратга олишини айтишди.    

Руҳияти оғир изтиробда бўлган, алоҳида ёрдамга муҳтож беморларимизни эътибордан четда қолдиришга ҳаққимиз йўқ. Бунинг учун биз, депутатлар масъулларни саволларимиз билан “безовта” қилишдан чарчамаймиз.  

ЎзА мухбири

Муҳтарама Комилова ёзиб олди.