French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дунё бўйича олти ойгача бўлган болаларнинг атиги 44 фоизи она сути билан озиқланмоқда
16:37 / 2023-08-02

Пойтахтимизда “Она сути билан озиқлантириш — саломатлик ва баркамол ривожланиш гаровидир” мавзусига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.

“Жаҳон кўкрак сути билан озиқлантириш” ҳафталиги доирасида ўтказилаётган мазкур тадбирда қайд этилганидек, она сути гўдаклар учун энг хавфсиз ва мукаммал озуқа. Қолаверса, таркибида чақалоқларни кўплаб касалликлардан ҳимоя қилувчи антитаналар мавжуд.  

Бироқ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, бугунги кунда дунё бўйича олти ойгача бўлган болаларнинг атиги 44 фоизи она сути билан озиқланмоқда. Ҳар икки янги туғилган чақалоқдан бири сунъий озуқа билан парваришланмоқда.  

Бу каби ҳолатларни камайтириш мақсадида 1990 йилдан буён август ойининг биринчи етти кунлигида дунёнинг 170 дан зиёд мамлакатларида “Жаҳон кўкрак сути билан озиқлантириш” ҳафталиги ўтказиб келинмоқда. Бу йилги ҳафталик учун “Иш жойларида кўкрак сути билан озиқлантириш учун шароит яратайлик” шиори танланган.

—Она сути таркибида чақалоқларни юқумли хасталиклардан ҳимояловчи иммун таначалар, ҳазм жараёнини яхшиловчи ферментлар ҳамда бошқа кўплаб фойдали элементлар мавжуд, —дейди соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситханова. — Айни сабабдан халқаро ҳужжатларда гўдакларни 6 ойгача истисносиз кўкрак сути билан парваришлашни муҳофаза қилиш, қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбирлар жамият саломатлигини сақлашдаги муҳим вазифа эканлиги белгилаб қўйилган. Шундан келиб чиқиб, мамлакатимизда 2019 йил 23 октябрда алоҳида меъёрий ҳужжат — “Она сути билан озиқлантиришни кўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларига доир талаблар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинган.  

Матбуот анжуманида гўдакларни она сути билан парваришлашда эмизикли аёлларга иш жойларида шарт-шароит яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида атрофлича маълумот берилди.    

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш лозимки, “Жаҳон кўкрак сути билан озиқлантириш” ҳафталиги доирасида Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказининг бир гуруҳ мутахассислари томонидан бу мавзу бўйича жойларда давра суҳбатлари ташкил этилди.  

 

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА