25 ноябрь — Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш куни
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан “Зўравонликка қарши биргаликда курашамиз” шиори остида 16 кунлик қўшма кампаниянинг бошланишига бағишланган тадбир ташкил этилди. Унда хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари, бу жирканч ҳолатларга қарши курашиш, уларнинг оқибатларини юмшатиш бўйича кўриладиган чоралар, амалиёт, муаммолар ва кейинги режалар ҳақида батафсил сўз борди.
Хотин-қизлари қадрланган жамият — бахтли жамиятдир. Қайсики мамлакатда хотин-қизлар эъзоз ва эҳтиромда бўлса, ўша юртда фаровонлик, файзу барака ҳукмрон бўлади. Аммо афсуски, бугунги кунда дунёнинг кўплаб давлатларида аёлларга нисбатан зўравонлик, тазйиқ ўтказиш ҳолатлари кўп учрайди. Маълумотларга кўра, дунё бўйича 15 ёшдан ошган хотин-қизларнинг ҳар учтасидан бири жисмоний, жинсий ёхуд руҳий зўравонликка дуч келади. Аёлларга нисбатан зўравонлик глобал муаммолардан бири сифатида дунё ҳамжамиятининг, халқаро ташкилотларнинг доимий эътиборида бўлиб келади.
БМТ Бош Ассамблеясининг 1999 йил 17 декабрдаги резолюцияси билан 25 ноябрь – Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш куни сифатида белгиланган. 2014 йилда БМТ Бош котиби хотин-қизларга нисбатан зўравонликларни бартараф этишга қаратилган “UNiTE” номли ташаббусини очиқ деб эълон қилди. Шу муносабат билан ҳар йили дунё миқёсида 25 ноябрдан 10 декабргача “Зўравонликка қарши 16 кун” шиори остида турли тадбирлар ўтказилади.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирни Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова кириш сўзи билан очиб, юртимизда хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш борасидаги саъй-ҳаракатлар хусусида тўхталди.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси раиси Танзила Норбоева иштирок этди ва нутқ сўзлади.
– Бу йил ўзининг ўттиз йиллигини нишонлаётган хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши ушбу глобал кампания жаҳоннинг 187 та мамлакатида ўтказилиб, 6 мингдан зиёд ташкилотлар ҳамда 300 миллион кишини қамраб олмоқда. Гендер зўравонлик географик, ижтимоий ёки иқтисодий чегараларни билмайди. Ривожланаётган мамлакатларда ҳам, ривожланган мамлакатларда ҳам бу муаммога барҳам бериш жиддий чоралар кўришни талаб қилади.
Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини, гендер тенгликни таъминлаш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, уларга янги иш ўринларини яратиш, меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш, хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш борасида бир қатор ишлар олиб борилмоқда. Ушбу масала давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган. Юртимизда гендер зўравонликка қарши курашиш бўйича манзилли ишлар мунтазам давом эттирилади, — деди Сенат раиси.
Биргина жорий йилда мамлакатимизда оиладаги зўравонликнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш бўйича 8 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Шунингдек, 2020 йилда зўравонликдан жабр кўрган 14 минг 770 нафар хотин-қизларга ҳимоя ордери берилган бўлса, бу йилнинг 10 ойи давомида 32 минг 154 нафарига ана шундай ҳимоя ордери берилди. Ушбу рақамлар зўравонлик ҳолатлари кўпаяётганидан эмас, балки хотин-қизларнинг ҳуқуқий онги ва қарашлари юксалаётганидан, қолаверса, жойларда профилактика инспекторларининг фаол ишлаётганидан далолат беради.
Шундан сўнг Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди раиси ўринбосари, Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия аъзоси Саида Мирзиёева сўзга чиқиб, хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг оқибатлари, жамият равнақига, келажак авлод тарбиясига салбий таъсири, бу жирканч ҳолатларнинг олдини олиш борасидаги саъй-ҳаракатларни жадаллаштириш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
[gallery-4759]
Тадбирда таъкидланганидек, охирги йилларда турмуш шароити оғир, ишсиз ва касб-ҳунарга эга бўлмаган, ижтимоий ҳимояга, ҳуқуқий ва маънавий-психологик қўллаб-қувватлашга муҳтож хотин-қизларга давлат томонидан манзилли ёрдам кўрсатиш бўйича мутлақо янги тизим – “Аёллар дафтари” жорий қилинди. Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши томонидан жорий йилнинг апрель ойида оилада зўравонликнинг олдини олиш ва оилавий зўравонликдан жабр кўрганларга амалий ёрдам кўрсатиш юзасидан “Йўл харитаси”ни тасдиқланди.
“Йўл харитаси” ижросини таъминлаш мақсадида ваколатли давлат идоралари раҳбарлари даражасидаги Ишчи гуруҳ фаолияти йўлга қўйилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан “Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларга тиббий руҳий ёрдам кўрсатиш бўйича” ўқув қўлланмаси яратилди.
Тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган, ўз жонига суиқасд қилган ёки ўз жонига қасд қилишга мойиллиги бўлган хотин-қизлар билан ўзаро алоқа ўрнатиш ва тезкор руҳий, психотерапевтик, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, маслаҳат бериш ва ахборот тақдим этиш мақсадида жорий йил 12 ноябрдан бошлаб “1146” қисқа Ишонч телефони ишга туширилди. Ишонч телефони “AZIZ-AYOL.UZ” ягона интерактив миллий платформаси билан мувофиқлаштирилди. Адлия вазирлиги томонидан хотин-қизларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишга қаратилган онлайн ўқув курслари ишлаб чиқилиб, барча учун бемалол фойдаланиш имконияти яратилган “kurslar.huquqiyportal.uz” электрон платформасига жойлаштирилди.
“Аёллар дафтари”га киритилган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида мурожаат қилган 74 мингдан ортиқ хотин-қизларга соҳанинг етук мутахассислари томонидан ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди. “Аёллар дафтари”даги тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган, ижтимоий муаммолари мавжуд 71 мингдан зиёд хотин-қизларга малакали психологлар томонидан психологик ёрдам кўрсатилди.
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 майдаги “Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори зўравонликка учраган аёлларга ёрдам кўрсатиш тизимини яратиш, оилавий-маиший зўравонликнинг олдини олиш ва унинг салбий оқибатларига барҳам беришга қаратилган ўз вақтида қабул қилинган қарор бўлди, – деди Республика мослашув ва адаптация маркази директори Муқаддам Расулова.
– Мазкур қарор асосида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузурида 29 та аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказлари ташкил этилди. Шу вақтгача реабилитация марказлари нодавлат нотижорат ташкилоти сифатида фаолият юритиб келган бўлса, эндиликда уларнинг фаолияти тўлиқ Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилади. Шунингдек, ҳукумат томонидан 2021-2022 йилларда оилавий ва маиший зўравонликнинг олдини олиш, уни аниқлаш ва унга чек қўйишга қаратилган чора-тадбирлар дастури амалга оширилмоқда.
Анжуманда сўз олган БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили вазифасини бажарувчи ҳамда БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Ю.Ю, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари — элчи Шарлот Адриан зўравонликка қарши курашиш глобал муаммо эканлигини қайд этиб, ушбу масалага Ўзбекистонда давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётгани, амалга оширилаётган ишлар таҳсинга лойиқлиги, ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларда ҳамкорлик ва кўмаклашишга тайёр эканликларини алоҳида эътироф этишди. Шунингдек, зўравонликка барҳам бериш борасидаги долзарб ишлар Ўзбекистонда хотин-қизларни асраб-авайлаш ва қўллаб-қувватлашга қаратилгани билан аҳамиятли эканлигини эътироф этишди.
Тадбирда зўравонликнинг олдини олишга қаратилган саъй-ҳаракатлар тизимли, манзилли, ҳар бир маҳалла, корхона, жамоа ва оилада амалга ошириладиган вазифага айланиши кераклиги, мазкур ишларнинг ижроси билан барча даражадаги раҳбарлардан тортиб, маҳалла фаолларигача доимий шуғулланиши, самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш лозимлиги ҳақида фикр юритилди. Шунингдек, бу борада эркаклар билан ҳам ишлаш, хотин-қизларнинг реабилитациядан кейинги ижтимоий-иқтисодий ҳамда уй-жой масалаларига эътибор қаратиш ҳақида сўз борди.
Тадбирда гендер зўравонликка қарши курашиш, тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотик-қизларга зарур манзилли ёрдам кўрсатишда оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерларнинг ўрни муҳим эканлигига алоҳида урғу берилди. Жамиятда зўравонликка нисбатан муносабатни ўзгартириш ва бу борадаги мавжуд стереотипларни йўқ қилишда оммавий ахборот воситаларининг роли, уларнинг имкониятларидан самарали фойдаланиш лозимлигига эътибор қаратилди.
Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари Светлана Ортиқова жабланган хотин-қизларнинг даъволарини кўриб чиқиш ва қаноатлантириш, кўрилаётган ҳуқуқий чоралар борасидаги маълумотларни тақдим этди. Шунингдек, Фарғона вилояти “Меҳржон” ННТ раҳбари Хуршида Ибрагимова, Самарқанд вилояти “Раҳмдиллик жамияти” ННТ раҳбари Бибисора Орипова ва бошқалар ўз фаолиятлари мисолида бу соҳада амалга оширилаётган сайъ-ҳаракатлар, тажрибалар хусусида маълумот берди.
Анжуманда видеоконференцалоқа шаклида иштирок этган вилоятлар вакиллари ўз ҳудудларида амалга оширилаётган сайъ-ҳаракатлар ҳақида тўхталиб, ўз таклифларини баён қилди.
Муҳтарама Комилова,Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА