Муносабат
Ҳар тилни билув эмди бани одама жондур,
Тил воситаи робитаи оламиёндур.
Ғайри тилини саъй қилинг билгали ёшлар –
Ким илму ҳунарлар ривожи ондин аёндур.
Бу мисраларни бундан бир аср илгари маърифатпарвар бобомиз Аваз Ўтар ёзган. Биз бугун ўта қолоқ деб қарашга ўрганиб қолганимиз ўша замонда ҳам тил ўрганишга тараққиётнинг, дунё билан бўйлашишнинг муҳим воситаси сифатида қаралганига бобомизнинг ушбу хитоби ҳам ёрқин мисол бўлиши мумкин.
Энди бугунги глобаллашиб, маданиятлар қоришиб, қадриятлару миллий ўзлик тушунчалари орасидаги масофалар тобора қисқариб бораётган замонавий-постмодерн дунёда жаҳонга интеграциялашишда тил омили муҳим ва асосий фактор сифатида яна майдонга чиқди.
Бугун замоннинг ўзи шундай тенгламани ҳосил қилдики, унга кўра, тил билмасанг халқаро бизнесда, сиёсатда, иқтисодиётда, илм-фанда, ахборот ва коммуникация тармоғида сенга жой йўқ. Шафқатсиз ва адолатсиздай туюлувчи ушбу талаб, гарчи кўпчиликка ўнғайсизлик туғдирса-да, бугун барча томонидан тан олинган ва деярли қадрият даражасига айланиб бораётган тамойилдир.
Тил масаласи ижтимоий фактор ўлароқ, сиёсий-мафкуравий аҳамият ҳам касб этган. Ҳозирда буни илғаш кўп қийин эмас. Нега десангиз, тилга барча замонларда миллатнинг маданиятини, ўтмишини, руҳияти ва ўзлигини ўзида акс эттира оладиган энг қимматли бойлик, илмий тилда айтганда, энг ноёб, махсус миллий код сифатида қаралган ва ҳозирда ҳам шундай.
Зеро, бу масалага ўта тор нуқтаи назардан ёндашиш турли тушунмовчиликларни келтириб чиқиши ҳам бор гап. Масалан, баъзи жамиятларда мавжуд бўлган радикал ва ультрамиллатчи қанотларнинг “ҳукмрон тил”, “гегемон тиллар” ва гўёки улар ташлаётган кўланка остида миллий тилларнинг қолиб кетаётгани ҳақидаги бақир-чақирларига ижтимоий тармоқларда кунда-кунора кўзингиз тушиши мумкин. Эҳтимол, уларнинг “оҳ-воҳи”да ҳам жон бордир, балки улар мансуб жамиятлар ҳукмрон сиёсий элитаси масалага бир томонлама ёндашаётгандир. Яъни, жамиятга жаҳон тилларини трансформация қилиш миллий тилларнинг “пилигини пасайтириш” эвазига бўлаётгандир. Шундай ҳам бўлиши мумкин. Албатта, бу йўл адолатли эмас.
Шу маънода гапирганда, тил ўрганиш бугун қанчалик долзарб аҳамият касб этишига қарамасдан, миллий жамиятлар олдига “глобал таъсир”лардан ҳимояланиш масаласини ҳам кўндаланг қўяётир.
Бу, энг аввало, этник хусусиятлар, жумладан, миллий тилни ривожлантириш ва парваришлашни назарда тутади.
Менинг бу мулоҳазаларни ёзишимга, албатта, сабаб бор. Кеча Президентимизнинг жаҳон тилларини ўрганишга бағишлаб ўтказган видеоселектор йиғилиши, ўйлайманки, мендан бошқаларда ҳам фикр уйғотгани ёки қалам тебратишга илҳом берган бўлса, ажаб эмас. Зотан, хорижий тилларни ўрганиш масаласи давлат раҳбари даражасида қатъий айтилиши ва кун тартибига қўйилишига аллақачон вақт етилган эди.
Бу ўринда айнан бугун, илгаридан ҳам бу масала муҳим бўлмаганми, деганга ўхшаш иддаолар бўлиши мумкин. Бироқ мен ушбу масала жуда ўрнида ва оби-тобида кун тартибига чиқарилганини бир қанча мисоллар билан асослашим мумкин.
Биринчи ва энг муҳим жиҳат, Президент олиб бораётган, юритаётган сиёсатнинг ниҳоятда нозиклиги ва пухта ўйлангани билан боғлиқ. Очиғи, кўпчилик қатори менга ҳам бу ишлар бундан айтайлик, уч-тўрт йил илгари амалга оширилганда ҳам бўларди, деган қараш бегона эмас эди. Бироқ масаланинг ва кечаётган жараёнларнинг узвийлигини таҳлил қилиб, бу ишларнинг пухта режа асосида амалга оширилаётганини англадим. Дарҳақиқат, агар бизда тўрт йил илгари шу масала кўтарилганда қандай аҳвол бўларди, халқаро жамоатчилик, қолаверса, халқ буни қандай қабул қиларди? Деярли ўз ҳолига ташлаб қўйилган таълим тизими, маориф ва маънавий-мафкуравий соҳалар, айниқса, давлат тилининг уятли аҳволи... Шундай бир ҳолатда жаҳон тилларини ўрганишимиз керак, деган ҳаяжонли чақириқ қандай акс таъсир бериши мумкин эди?
Албатта, миллий ғурур, шаън-шавкатни баланд тутадиган миллатимиз, жамоатчилик, қолаверса, бошқа бизга некбин қарашда бўлган дўстларимиз кўнглида ҳам аввал ўз тилингни, ҳеч қурса, буюк Навоийнинг тили бўлгани учун ҳам ўзбек тилининг ҳурматини жойига қўйиш керак эмасмиди, деганга ўхшаш фикр ўтиши табиий эди, назаримда. Ва бу адолатли ҳам бўларди.
Шу нуқтада Президент Мирзиёевнинг жаҳон тилларини ўрганишни кенг тарғиб қилиш ва уни ўрганишни жорий этиш бўйича зарур механизмларни яратиш ва ишга туширишни кун тартибига қўйгани янада ойдинлашади.
Эътибор қилинг, Мирзиёев раҳбарлиги даврида энг кўп эътибор қаратилган, жон койитилган масала – миллий масала бўлди. Айниқса, тил масаласи. Жамиятда ва давлат ишларида тилимизнинг мавқеини ошириш, унинг дунёдаги юзлаб тиллар қаторида ҳеч бир нуқсони йўқлиги, балки гўзал ва латофатли она тилимиз қадимий ва бой эканини кўрсатиш, унинг нуфузини оширишга қаратилган жуда катта ишлар амалга оширилди. Муҳим мувафаққиятларга эришилди ҳам. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилиши, миллий давлатчилигимиз саҳифаларига чин маънодаги тарихий воқеа бўлиб кирган Президентимизнинг БМТ минбаридан илк маротаба ўзбек тилида нутқ қилиши, қолаверса, тилимизни ҳали тарихда бўлмаган босқич – сиёсат тили даражасига кўтаришга бўлган ҳаракат (давлатимиз раҳбарининг шу йил мамлакатимизга ташриф буюрган Венгрия Бош вазири билан бўлган музокаралари ўзбек тилида ўтказилгани) миллий давлатчилигимиздаги шонли воқеалардир, қолаверса, маъмурий бошқарув ва давлат ишларида тилимизнинг аҳамиятини тўла таъминлаш, мактаб ва олий таълимда унинг нуфузи ва ўрганилишини рағбатлантиришга қаратилган чора-тадбирлар, ўйлайманки, бу борадаги манфаатларимизни тўла таъмин эта олди.
Сўз тил ўрганиш ҳақида кетар экан, яна бир муҳим жиҳатни ҳам айтиб ўтмоқчиман. Ўзбекистоннинг бугун очиқ давлатга айланиши мамлакатга кўплаб инвесторлар, чет эл корхона ва компанияларини чорлаётганини ҳаммамиз кўриб турибмиз. Кузатган бўлсангиз, пандемия бўлишига қарамай, кўчаларимизда хорижлик одамлар хийла кўпайган. Эътибор берсангиз, уларнинг кўпчилиги нафақат сайёҳлар, балки иш одамлари, тадбиркорлар ва тижоратчилар эканини пайқайсиз. Демак, юртимиз ишбилармонлик ўчоғига айланмоқда. Яқинда бир хориж нашри халқаро экспертлардан бирининг минтақамиз ҳаётига бағишланган таҳлилий мақоласини берди. Унга кўра, Ўзбекистон яқин йилларда минтақанинг молиявий ва бизнес марказига айланиши мумкин.
Майли, бу кўп мулоҳазаларга олиб келадиган, қолаверса, биз танлаган мавзудан бироз узоқроқ гап. Бироқ ундан чиқариш керак бўлган сабоқлар бор. Мамлакатимиз очиқликни, барча халқаро муносабатлар, шу жумладан, иқтисодиётда, бизнесда эркинлик йўлини тутиб, марра сари интилаётган экан, бизга қизиқиш билдирадиган чет эл компаниялари ва ишбилармонларнинг ҳам сафи кенгая бориши табиий. Бундай пайтда эса фарзандларимизнинг тил билиши, хорижликлар билан тенгма-тенг муносабат олиб бориши биз учун ўта муҳим саналади. Қолаверса, тил билиш бугун ҳар сонияда ривожланаётган югурик дунё илм-фанини воситачи учинчи тилларсиз тўғридан-тўғри ўқиб-ўрганиш имконини ҳам беради. Шу маънода, Президентимизнинг ушбу масалани кун тартибига олиб чиқиши, ўйлайманки, ниҳоятда долзарб аҳамиятга эга ва ўз вақтида қилинган ишдир.
Бизда бир ишга қўл уришдан олдин ўтмишга, ота-боболаримиз тутган амалларга қараб мўлжал олиш одат тусига кирган. Бу хайрли иш, албатта. Мазкур масалага шу жиҳатдан ёндашадиган бўлсак, ҳеч адашмаётганимиз ойдинлашади. Тарихда ўчмас из қолдирган, инсоният тамаддунларининг бешигини тебратган аждодларимиз илм бобида, жумладан, тил билиш борасида кўп ва хўп қимматли ишларни амалга оширганлари тарихдан маълум. Биргина буюк мутафаккир аз-Замахшарий араб грамматикаси, луғатшунослик, адабиёт, аруз илми, жўғрофия, тафсир, ҳадис ва фиқҳга оид элликдан ортиқ асарлар яратгани, бобомизнинг араб тили грамматикасига оид «Ал-Муфассал» асари араб тили наҳву сарфини ўрганишда йирик қўлланма сифатида азалдан Шарқда ҳам, Ғарбда ҳам шуҳрат топган асарлардан эканини бугун биз фахр билан эсга оламиз.
Ёки тарихдан кўп узоқламай XVIII-XIX асрларда яшаб ўтган Ибрат домлани олайлик. Исҳоқхон Ибрат дунёвий билимларни чуқур ўрганиш билан бирга, еттита тилни мукаммал билган. “Олти тилли луғат”, “Хатлар мажмуи”, “Тарихи Фарғона”, “Тарихи маданият”, “Замон тарозуси” каби ўндан ортиқ илмий-тарихий ҳамда маърифий асарлар яратган. 1886 йилда замонавий мактаб очган. 1907 йилда эса янги “усули савтия” мактабини ташкил этиб, қишлоқ болаларини ўқитган. Албатта, халқимизнинг қонида, менталитети ва зеҳниятидаги зиёга бўлган бу интилиш бугун ҳам томирларимизда жўш уриб турибди. Бунга мисол қидириб мамлакат кезиш шарт эмас. Ундай ёшлар, интилувчан, зукко болаларимизни бугун ҳар қадамда учратиш мумкин.
Мана, оддий мисол. Тошкент шаҳар, Юнусобод туманидаги 43-сонли умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Саидкарим Турсунбоев бешта тилни, хусусан, ўзбек, инглиз, рус тилларини мукаммал, тожик ва немис тилларини ўрта даражада билади.
У шу йил хориждаги 68 та олий таълим муассасасига кириш имтиҳонларини муваффақиятли топширди. Уларнинг орасида АҚШ, Жанубий Корея, Россия, Туркия, Италия, Сингапур, Малайзия каби мамлакатларнинг номдор университетлари бор.
Аммо иқтидорли ўқувчи хорижда эмас, ўзимизнинг маҳаллий олий ўқув юртларимиздан бирида таълим олмоқчи. Унинг бир гапи мени ниҳоятда тўлқинлантирди. Ушбу сўзларни батафсил келтиришни жоиз билдим. “Мен ўз ватанимда ўқиб, шу ерда ишламоқчиман. Ватаннинг хизматида бўлсам, шунинг ўзи менга шараф. Токи, ўқиш давомида тенгдошларимга мотивация беришим мумкин. Шу билан бирга, ёш авлодга хорижий тиллардан сабоқ бераман. Ҳозирда ҳам ўқув марказида дарс бермоқдаман. Яна бир гап, тил билиш – фақатгина дунёни билиш дегани эмас. Тил билиш бошқа фанларга йўл очади, дунёга назар солиш имкони кенгаяди, деганидир. Мен аслида тарих, математика ва физика фанларига қизиқаман. Тарих менга ўзликни, Миллат ва Ватан туйғусини англашим учун, математика ва физика келажак учун керак...”
Президентимиз раҳбарлигида бошланган мазкур иш юртимизда минглаб, миллионлаб Саидкаримга ўхшаган фарзандларимизнинг камол топишида қанот вазифасини ўташи, шубҳасиз. Амалга оширилиши кўзланаётган тизим пухта ўйлангани билан кишига янада кучлироқ ишонч бахш этади. Хусусан, унга кўра, эндиликда Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги ташкил этилади. Агентлик, энг аввало, дунёда самара берган ўқитиш методикалари, дастур ва дарсликларини боғча, мактаб, лицей, олийгоҳ ва ўқув марказларида жорий этиб, хорижий тилларни мукаммал ўзлаштиришга кўмаклашади. Бунда, таълим муассасалари, тармоқлар ва ҳудудларнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб, камида 10 та чет тилини (инглиз, рус, немис, француз, хитой, корейс, япон, турк, араб, форс) ўргатишни ташкиллаштиради. Жаҳон тиллари ва Шарқшунослик университетлари, Самарқанд чет тиллари институти билан бир қаторда, ҳар бир вилоятда биттадан университет чет тиллари бўйича таянч олийгоҳ сифатида белгиланади. Инглиз тили бўйича Кэмбриж университети нашриёти дарсликлари 200 та мактабда апробациядан ўтказилиб, кейинги йилдан барча мактабларга татбиқ қилинади. Йил якунига қадар бу ишларни немис, корейс, хитой ва француз тиллари бўйича ҳам ташкил этиш кўзда тутилмоқда.
Булардан ташқари, Британия кенгаши, Гёте институти, Француз альянси, KOICA, JICA, Конфуций институти каби хорижий шериклар билан ҳамкорликни янада кучайтириш зарурлиги йиғилишда айтиб ўтилди.
Яна бир муҳим масала – республикада чет тиллари нодавлат ўқув марказларининг асосий қисми Тошкент шаҳрида жойлашгани ҳисобга олиниб, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларига 1 июлдан бошлаб, қишлоқ туманларида 5 тадан чет тилларига ўқитиш нодавлат ўқув марказларини ташкил этиш бўйича танлов эълон қилиш тўғрисида топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Адабий тилимизнинг асосчиси ҳазрат Навоий шундай деган эди: “Кўнгил қулфи махранинг қулфи тил ва гулфин калитин сўз бил”, яъни инсон қалби хазинасининг калити сўздир, тил наинки мулоқот, балки дилларни боғловчи восита ҳамдир. Халқимизнинг неча асрлик бой тарихи, кўҳна ва серқирра маданияти ўзбек тили таъсирида шаклланган. Тил билмоқ, ўз навбатида, дунёга ўзбек тилида сўз айтмоқ учун имкон яратади.
Ватан тақдири учун, истиқболи учун ҳар дам ёниб яшаётган, ҳар бир куну тунини ана шундай улуғ мақсадга йўналтирган Миллат Сардорининг бу галги йиғилишидан мен ана шундай тасаввур олдим. Ўйлайманки, бугун қалби уйғоқ ҳар бир ватандошимизнинг дилида ҳам шундай ўйлар кечмоқда, онгу шуурида бу ташаббусни қўллаб-қувватлаш истаги ёнмоқда.
Қудратилла РАФИҚОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати аъзоси,
сиёсатшунос