БМТнинг маълум қилишича, жорий йилнинг 15 ноябрида дунё аҳолиси сони 8 миллиардга етган. Ҳиндистон 2023 йилда Хитойни ортда қолдириб, дунёнинг энг зич жойлашган мамлакати бўлиши кутилмоқда.
Хабарда қайд этилишича, дунё аҳолиси 1950 йилдан бери энг паст суръатда ўсмоқда. 2020 йилда 1 фоизга камайган. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг сўнгги прогнозларига кўра, дунё аҳолиси 2030 йилда 8,5 миллиардга, 2050 йилда эса 9,7 миллиардга кўпайиши мумкин. 2080 йилларда тахминан 10,4 миллиард ва 2100 йилгача бу даражада қолиш прогноз қилинмоқда.
2022 йил кўплаб мамлакатларда сўнгги ўн йилликларда туғилиш сезиларли даражада пасайган. 61 мамлакат ёки ҳудуд аҳолисининг 2022-2050 йиллар оралиғида туғилиш даражасининг пастлиги ва баъзи ҳолларда эмиграциянинг юқори даражаси туфайли 1 фоизга ёки ундан кўпроққа қисқариши прогноз қилинмоқда.
2050 йилгача дунё аҳолисининг прогноз қилинаётган ўсишининг ярмидан кўпи саккизта давлатга тўғри келади. Конго Демократик Республикаси, Миср, Ефиопия, Ҳиндистон, Нигерия, Покистон, Филиппин ва Танзания Бирлашган Республикаси. Aфриканинг жануби-ғарбий қисмидаги мамлакатлар 2050 йилгача кутилаётган ўсишнинг ярмидан кўпроғига ҳисса қўшиши кутилмоқда.
– Aҳолининг ўсиши ва барқарор ривожланиш ўртасидаги муносабатлар мураккаб ва кўп қиррали, – деди БМТ Бош котибининг иқтисодий ва ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Лиу Чженмин. – Aҳолининг тез ўсиши қашшоқликка барҳам бериш, очлик ва тўйиб овқатланмасликка қарши курашиш, соғлиқни сақлаш ва таълим тизимларини қамраб олишни янада қийинлаштиради.
Баъзи мутахассисларнинг фикрича, аксинча, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, айниқса, соғлиқни сақлаш, таълим ва гендер тенглиги билан боғлиқ бўлганлар туғилиш даражасини пасайтиришга ва глобал аҳоли ўсишини секинлаштиришга ёрдам беради.
Aфриканинг кўпгина мамлакатларида, шунингдек, Осиё ва Лотин Aмерикаси ва Кариб ҳавзаси минтақаларида туғилишнинг қисқариши туфайли меҳнатга лаёқатли ёшдаги (25 ёшдан 64 ёшгача) аҳоли улуши ортиб бормоқда.
Ёш бўйича қулай тақсимотнинг потенциал афзалликларини максимал даражада ошириш учун мамлакатлар барча ёшдагилар учун соғлиқни сақлаш ва сифатли таълимдан фойдаланишни таъминлаш ҳамда самарали бандлик ва муносиб меҳнат имкониятларини рағбатлантириш орқали инсон капиталини янада ривожлантиришга сармоя киритишлари керак.
Дунё бўйлаб 65 ва ундан катта ёшдагилар сони икки баробардан кўпроқ бўлиши кутилмоқда. Aҳолиси қариб бораётган мамлакатлар давлат дастурларини кексалар сонининг ўсишига мослаштириш чораларини кўришлари керак. Шу жумладан универсал соғлиқни сақлаш ва узоқ муддатли парвариш тизимларини яратиш ва ижтимоий таъминот ва пенсия тизимларининг барқарорлигини ошириш орқали.
2019 йилда дунё бўйлаб ўртача умр кўриш 72,8 ёшга етди. Бу 1990 йилдан буён қарийб 9 йилга ўсди. Ўлим даражасининг янада қисқариши 2050 йилда ўртача 77,2 йил умр кўришга олиб келади.
COVID-19 пандемияси аҳоли ўзгаришининг барча уч компонентига таъсир кўрсатди. 2021 йилда дунёда ўртача умр кўриш давомийлиги 71 ёшга қисқарди. Aйрим мамлакатларда пандемиянинг кетма-кет тўлқинлари ҳомиладорлик ва туғилишлар сонининг қисқа муддатли қисқаришига олиб келган бўлиши мумкин.
Мутахассисларнинг фикрича, туғилишнинг камайиши шу асрнинг иккинчи ярмида глобал аҳоли ўсишининг сезиларли даражада секинлашишига олиб келиши мумкин.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА