Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дунёнинг қай бурчагида бўлманг, Ўзбекистоннинг бир парчасини учратиш мумкин
17:57 / 2019-10-09

Дунёнинг қайси бурчагида бўлманг бугун Ўзбекистоннинг бир парчасини учратиш мумкин.


Дунёнинг қайси бурчагида бўлманг бугун Ўзбекистоннинг бир парчасини учратиш мумкин. Ўзбек бренди бўлган – миллий таомлар ошхонасига ошиқ бўлмаган одамни топиш мушкул.

Тошкентдан минглаб чақирим олисда бўлган Қозоғистоннинг Актау шаҳрида ҳам Тошкент “тўй оши” жуда машҳур экан. Шу ва бошқа миллий таомларни тақдим этувчи “Самарқанд”, “Ассалом”, “Карвон” каби ресторанларга ташриф буюришни шу ерда яшовчи ўзбекистонликлар, маҳаллий аҳоли жуда хуш кўрар экан.

Актауда Ўзбекистоннинг бош консуллиги очилгани ўзбек маданияти бу шаҳарда ривож топишига йўл очмоқда. Бу ресторанлар фақат таом тортиқ қилувчи эмас, балки миллий маданият ўчоғи ҳамдир.

Айтайлик, шаҳар марказидаги“Самарқанд” ресторанига атлас нусха нақшлар кўрк бериб турибди. Алоҳида залларга тарихий шаҳарларимиз номи қўйилган. Масалан, “Хива” залида Хоразм воҳасига тааллуқли буюмлар ва расмлар, “Бухоро”, “Тошкент” залларида ҳам ана шундай ўзига хосликни кўриш мумкин.

Ўзбекистонлик тадбиркорлар очган бу ресторанда асосан ўзбек йигит ва қизлари хизмат кўрсатади.

Ассалому алайкум, пахта гулли пиёладаги кўк чой, ёқимли иштаҳа, яйраб пишган майизли, қазили ош... Буларнинг бари она юртимизнинг тотли нафаси!

- “Самарқанд”га дўстларим билан келиб тураман, - дейди Ширин Будашева. – Бу ерда Ўзбекистон об-ҳавосини ҳис қилиб, яйрайди одам. Асли Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида туғилиб-ўсганман. Тақдир тақозоси билан шу ерда истиқомат қиламан. Аслида Хоразмда бу ердагидан кўра камроқ яшаганман, бироқ барибир Ўзбекистон киндик қоним тўкилган муқаддас тупроқ. Бу туйғу юракнинг тўрида яшайди. Уни ҳеч нарса, ҳеч қачон ўчириб ташлай олмайди. Бу туйғу эса вақти-вақти билан қалбда чексиз соғинчни уйғотади. Шундай кезларда “Самарқанд” каби ресторанларга борганда, кўнгил таскин топади. Илгари бу каби муассасалар деярли йўқ эди. Ҳозир ривож топаётгани бизни қувонтиради.

photo5253706139835673836.jpg

Яқин кунларда хоразмлик санъаткорларнинг концерт дастури ташкил қилинаётган экан. Биз шу тадбирни ҳам интиқ кутяпмиз. Бу Ўзбекистон ва Қозоғистон давлатларининг ҳамкорлиги ривожланаётганидан дарак беради. Бунинг учун икки давлат Президентларидан жуда миннатдормиз.

Хорижий давлатларда миллий маданиятни сақловчи яна шундай бир тизим борки, бу – диаспораларни шакллантиришдир. Актауда “Ўзбек диаспораси”, “Қорақалпоқ диаспораси” шакллантирилган ва ривожлантирилмоқда.

Ўзбекистоннинг Актаудаги бош консули Нодир Турғуновнинг айтишича, диаспоралар мавжуд бўлгани билан амалий ишлар ҳали қилинмаган эди. Уларнинг раҳбарлари билан учрашиб, ҳудудда яшовчи ўзбекистонликларни бирлаштириш, биргаликда турли тадбирлар ташкил этишга ҳаракат қиляпмиз. Актауда консуллик очилган кун – 2019 йил 1 сентябрь куни нафақат очилиш маросими, балки Мустақиллик куни ҳам кенг нишонланди. Шу кунларда 21 октябрь – ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кунни нишонлаш бўйича тайёргарлик ишлари давом этмоқда.

“Ўзбек диаспораси” тузилмасида фаол иштирок этаётган қорақалпоғистонлик Оллоёр Матниёзовдир.

Унинг хонадонида бўлиб, яшаш шароити билан танишдик. 36 йилдан бери шу шаҳарда истиқомат қилаётган Оллоёр ака бу ерда қозоқ аёлга уйланган, қозоқ корхонасида меҳнат қилади, қўшнилари ҳам қозоқлар бўлса ҳам она тилини унутмаган экан. Шуниси бизни жуда қувонтирди!

Замонавий қилиб таъмирланган батартиб хонадонда “келинг, тўрга ўтинг”, деган ўзбекона лутф бор.

Оллоёр аканинг айтишича, Актуда янги консуллик очилгани ўзбекистонликлар учун тоғдек суянчиқ пайдо қилган. Мусофирда юриб ишлаб юрганлар учун бундай суянадиган манба жуда муҳим. Ҳамюртларимиз ҳар хил вазиятларга тушиб туради. Шундай пайтда консуллик ходимлари қонуний йўл-йўриқларни кўрсатиб юбориши ҳам катта гап. Диаспорамиз йиғинлари, ўзаро ёрдамга асосланган хайрия акциялари уюштирилаётгани бирдамлигимизга хизмат қилмоқда.

Ҳа, қаерда бўлмайлик, ўзбекистонлик эканимизни унутмасак, миллий ўзига хосликларни сақласанг ва тарғиб қилсак, бу Ўзбекистоннинг боқийлиги нишонасидир!

photo5253706139835673837.jpg

photo5253706139835673838.jpg