Дунёни адолат қутқаради
Муносабат
Мамлакатимизнинг тинчликсевар ташқи сиёсати барча давлатлар ва халқаро институтлар билан ўзаро манфаатли, дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган. Бундан ҳақли равишда фахрланамиз. Давлатлараро муносабатларда тенг ҳуқуқли ва масъулиятли шерик бўлиш, энг аввало, адолат тамойилларига қатъий риоя этишни тақозо этади. Рус ёзувчиси Фёдор Достоевскийнинг машҳур иборасини жиндак таҳрир қилиб айтадиган бўлсак, бугун дунёни мустақил давлатларнинг ички ишларига аралашмайдиган, бир-бирини ҳурмат қилишга асосланган, ўзаро манфаатли, ва, албатта, адолатли муносабатлар қутқаради.
Шу маънода Россия расмий идораси вакили Марина Захарованинг ўзбек тили хусусида билдирган фикр-мулоҳазалари мустақил, суверен давлатнинг ички ишларига қўпол тарзда аралашувдан бошқа нарса эмас. Бутун дунё коронавирус балосидан азият чекаётган шу кунларда бу расмийлар учун ўзларида шуғулланишга арзигулик, долзарб, жўяли юмуш йўқми?
Ёшлигимда раҳматли отам ака-укалар ҳуда-беҳуда ишларга аралашаверсак, “Ўзингга тўппа кесолмайсан, ўзгага угра кесаман деганинг нимаси!” деб танбеҳ берардилар. Бу гап айни пайтда Захарова ва унга ўхшаганлар учун ҳам тааллуқли бўлса ажаб эмас!
Яқинда ижтимоий тармоқлар орқали шу мавзуга дахлдор муносабатимни билдирган эдим. Ижозатларингиз билан қуйида ўша муносабат ва “Она тилим” деб номланган шеъримни ҳавола этаяпман.
Қонун ижроси билан кучли
Юртимизда “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисида”ги қонуни ижросига йўналтирилган янги қонун лойиҳаси кенг муҳокама қилинаётгани бизни қувонтиради. Бу ҳам фуқароларимизнинг фаоллашиб бораётганидан далолатдир. Лекин айрим ғаразгўй кимсаларнинг нохолис ёндашувлари кишини ўйлантириб қўяди. Нега улар тирноқ остидан кир излашаяпти?
Мисол учун, Вести.уз сайтининг “В Узбекистане хотят штрафовать за язык Пушкина” сарлавҳали чиқишини олайлик. Аввало, сарлавҳанинг ўзи бу муносабат кимнинг манфаати учун ёзилганини кўрсатиб турибди. Ўзбекистон – кўп миллатли давлат. Агар юқоридаги қитмир чиқиш адолатли бўлганида, Бальзак, Ҳёте, Шевченко, Абай, Рудакий, Фузулий, Колас каби юздан ошиқ миллат ойдинлари тилида гапирганлик учун жарима қўлланилаяпти, деб аюҳаннос солсак ярашарди. Нега фақат Пушкин (яхшиям арабнинг шу ўғлони дунёга келган экан) тилига урғу берилаяпти? Бир вақтлар йўқсиллар инқилобининг йўлбошчиси Ленин (Ленин)айтганидек, шовинизм кайфияти айримларнинг қон-қонига сингиб кетган. Улар ўзидан бошқани, мустақил давлатларни кўра олмайди. Мустақил давлатларда кўп тиллиликни тарғиб қилаётганлар “Бобил минораси” ҳақидаги афсонани билмайдилар ёки жудаям яхши биладилар!
Бугун Россияга иш истаб борган юртдошларимиздан у ерда, энг аввало, давлат тилини яхши билиш талаб қилинаяпти. Бу талаб менинг назаримда жуда тўғри, адолатли ва бу фикримни бошқа ўзбек зиёлилари ҳам қўллаб-қувватлайди деб ишонаман. Чунки биз қонун ҳамма ерда баробар бўлиши тарафдоримиз. Қолаверса, ҳар қандай қонун ижроси билан кучли!
Шу ўринда яна бир мулоҳазамни айтиб ўтмоқчиман. Биз ўзбеклар шарқона одобимиз, меҳр-оқибатимиз, бағрикенглигимиз билан дунёга танилганмиз. Буни ҳеч ким инкор этолмайди. Ўтган йили Новосибирскда ўтган китоб фестивали доирасида Ўзбекистонда салкам тўқсон йилдан буён чоп этиб келинаётган “Звезда Востока” журнали тақдимотини ўтказган эдик. Ўшанда турли миллат вакиллари, жумладан, руслар ҳам собиқ иттифоқ даврида МДҲ давлатларининг ҳаммасида шундай журналлар нашр этилганини, афсуски, уларнинг аксарияти ҳозир тугатилиб кетганини таъкидлашди. Шу кунларда ҳатто Москвада ҳам бу турдаги журналлар адади мингдан ошмаётган бир пайтда “Звезда Востока” 1000-2000 нусха атрофида чиқаётганини эшитиб, ҳайратдан чапак чалиб юборишди. Мен нега буни эслаяпман? Фурсатдан фойдаланиб, янги қонун ижросини таъминлашга қаратилган яна бир эзгу ишни бошласак. Унга кўра, ўзбек тилини астойдил ўрганишни истаган ватандошларимиз ва меҳнат қилишга келган хорижлик ишчилар учун имтиёзли ўқув курслари фаолиятини йўлга қўйишни давлат ўз зиммасига олсин! Ўйлайманки, бу ташаббус оғзига кучи етмаганларнинг гап-сўзларига етарлича жавоб бўлади ва аслида кимнинг ким эканини кўрсатади.
Она тилим
Улкан ҳандалакдай замин бағрида
Ҳандалак тархидай оҳ тилим-тилим –
Нуҳнинг тўфонидан, балки наридан
Қалқиб келаётган, эй туркий тилим!
Урҳолар янграган олис сафарнинг
Заҳмати, шавкати тождир бошларда,
Яшашга кафолат ҳарбу зарбларнинг
Шонли муҳри қолган битиктошларда.
Турон дарж этилган тарих хатида!
Аммо бу гапимга гумроҳлар кулар:
Наинки, Чин-Мочин, уммон ортида
Акс садо берганди, десам, туркулар!..
Қуёшни орқалаб олган шер янглиғ
Забт этдинг мардона курраи арзни.
Истадинг ва олдинг, бўлмади танглиғ,
Бир олсанг, ўн қилиб тўладинг қарзни.
Луғат-бисотингни ёйсанг, албатта,
Молини танийди араб, рус, тожик...
Бу сўзлар фаровон, обод давлатда
Фуқаролик олган содиқ хорижлик.
Дунёнинг тошқин сой, дарёларидан
Симириб, муҳташам денгиз бўлолдинг.
Ҳазрат Навоийнинг жилоларидан
Назму навода ҳам тенгсиз бўлолдинг.
Тенгсизсан, менгзасам улкан оғочга,
Ҳар томон бўй чўзган ўнлаб шохларинг.
Ҳар бири бир дарахт! Илдиздан қочган...
Еру кўкка сиғмас баъзан оҳларинг.
Ловуллаб ёнадир буюк хотирот,
Зимистон қаърида қолмагай наво.
Орзулар сўнгсиздир, сен-да барҳаёт,
Мозийни уйғотган абадий садо!
Улкан ҳандалакдай замин бағрида
Ҳандалак тархидай оҳ тилим-тилим.
Нуҳнинг тўфонидан, балки наридан
Омон келаётган, эй она тилим!
Ҳандалак тархидай оҳ тилим-тилим –
Нуҳнинг тўфонидан, балки наридан
Қалқиб келаётган, эй туркий тилим!
Урҳолар янграган олис сафарнинг
Заҳмати, шавкати тождир бошларда,
Яшашга кафолат ҳарбу зарбларнинг
Шонли муҳри қолган битиктошларда.
Турон дарж этилган тарих хатида!
Аммо бу гапимга гумроҳлар кулар:
Наинки, Чин-Мочин, уммон ортида
Акс садо берганди, десам, туркулар!..
Қуёшни орқалаб олган шер янглиғ
Забт этдинг мардона курраи арзни.
Истадинг ва олдинг, бўлмади танглиғ,
Бир олсанг, ўн қилиб тўладинг қарзни.
Луғат-бисотингни ёйсанг, албатта,
Молини танийди араб, рус, тожик...
Бу сўзлар фаровон, обод давлатда
Фуқаролик олган содиқ хорижлик.
Дунёнинг тошқин сой, дарёларидан
Симириб, муҳташам денгиз бўлолдинг.
Ҳазрат Навоийнинг жилоларидан
Назму навода ҳам тенгсиз бўлолдинг.
Тенгсизсан, менгзасам улкан оғочга,
Ҳар томон бўй чўзган ўнлаб шохларинг.
Ҳар бири бир дарахт! Илдиздан қочган...
Еру кўкка сиғмас баъзан оҳларинг.
Ловуллаб ёнадир буюк хотирот,
Зимистон қаърида қолмагай наво.
Орзулар сўнгсиздир, сен-да барҳаёт,
Мозийни уйғотган абадий садо!
Улкан ҳандалакдай замин бағрида
Ҳандалак тархидай оҳ тилим-тилим.
Нуҳнинг тўфонидан, балки наридан
Омон келаётган, эй она тилим!
Сирожиддин РАУФ,
“Адолат” СДП сиёсий кенгаши аъзоси,
“Шарқ юлдузи” ва “Звезда Востока”
журналлари бош муҳаррири.