Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ДУНЁГА ЮЗ ТУТАЁТГАН ЎЗБЕКИСТОН
15:42 / 2019-12-13

Бузилган аравани тузатиш ёки йўлдан чиқиб кетган локомотивни йўлга солиш қанчалик мураккаб эканини ҳамма билади. Энди бутун бошли бир давлатда қайсидир маънода турғунлик ҳукм сурса-чи, нима бўлади?


Президентимизнинг Ўзбекистонда аччиқ қалампир етиштириш орқали мўмай даромад олиш мумкинлиги ҳақидаги ташаббусини эшитган кўпчилик аввалига ёқа ушлаган, ҳайратланган эди. Наҳотки кунимиз аччиқ қалампирга қолган бўлса, дегувчилар ҳам бўлди. Қарангки, давлат раҳбарининг бу таклифи ўзини оқлади, қалампир яхшигина экспорт воситаси, катта даромад манбаига айланди.

7777.PNG

Мутахассисларнинг фикрича, аччиқ қалампир сердаромад соҳа, ер танламайди, кўп меҳнат талаб қилмайди. Вақтида сув бериб, озиқлантириб турилса, гектаридан 20 тоннагача ҳосил олиш мумкин. Энг муҳими, харидоргир. Дунё бозорининг аччиқ қалампирга бўлган йиллик эҳтиёжи 33 миллион тонна экани сўзимизни тасдиқлайди.

Мана шуларни ҳисобга олган ҳолда Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатда сердаромад, экспортбоп бўлган аччиқ қалампир етиштиришни кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берди. 2018 йил 27 январда Вазирлар Маҳкамасининг «Республикада хориж тажрибаси асосида аччиқ қалампир етиштиришни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори чиқди.

Мазкур кўрсатма ва қарор ижроси доирасида минглаб гектар ерда аччиқ қалампир етиштириш йўлга қўйилди. Узоқни кўзлаб илгари сурилган ташаббус бир йилда давлатга миллионлаб фойда келтирди ва кўплаб инсонлар иш билан таъминланди. Энг муҳими, аччиқ қалампирдан "ширин" даромад кела бошлади.

Бу сўнгги йилларда юртимизда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлардан кичик бир мисол, холос.

Бузилган аравани тузатиш ёки йўлдан чиқиб кетган локомотивни йўлга солиш қанчалик мураккаб эканини ҳамма билади. Энди бутун бошли бир давлатда қайсидир маънода турғунлик ҳукм сурса-чи, нима бўлади? Ана шу турғунлик жараёнида бевосита ўзинг қатнашган, нафақат қатнашган, балки мамлакатдаги расман иккинчи шахс сифатида бевосита бошида турган бўлсанг-у, қўлингдан ҳеч нарса келмаган, бугун эса ана шу арава, ана шу локомотивни тузатиш, юритиш сенинг зиммангга тушган бўлса...

Шавкат Мирзиёев ана шундай қалтис вазиятда давлат тепасига келди. 

2.JPG

Йиллар давомида тўпланиб қолган муаммолар гирдобида қолган давлатни бошқаришнинг ўзи бўлмайди. Энди муммоларни санаш эмас, балки уларни ҳал қилиш керак эди. Узоқ йиллар давомида қуйидан тепагача бўлган раҳбарлик пиллапояларидан ўтган, 13 йил Бош вазир вазифасида ишлаган киши учун бу балки осон деб ўйларсиз. Бироқ бир қарашда ҳамма нарса силлиқ кўринган давлатнинг аҳволи анча танг эдики, уни фақат янги ғоя, янги ташаббус, пухта ўйланган ислоҳотларгина қутқара олиши мумкин эди.

Янги раҳбар “Биз эртага эмас, мана шу бугун яхши яшашимиз керак” деган шиорни илгари сурди. Мамлакат ичидаги муаммоларни бирма-бир бартараф эта бошлади. Халқни рози қилиш, фаровонлигини янада юксалтириш йўлида мутлақо янгича тизим ҳаётга татбиқ этилди. Халқ билан мулоқот тизими нафақат муаммоларни бартараф этиш, балки халқнинг давлатга ишончни ошириш, ижтимоий аҳволини яхшилаш имконини берди.

Йиллар давомида муаммоларини айтолмай, дардини ичига ютиб келган одамлар бағрига шамол тегди. Матбуот жонланди. Ойлаб, ҳатто йиллаб кўришолмай, қабулига кириш жуда машаққат бўлган раҳбарлар бевосита халқ орасида юрадиган, керак бўлса, кўчама-кўча, уйма-уй юриб, аҳоли муаммоларини ўрганадиган бўлди. Вазирлар, вилоят, туман, шаҳар ҳокимлари, ҳатто депутатлару сенаторлар ҳам жойларга чиқиб, аҳоли билан бевосита сайёр қабуллар ўтказиши анъанага айланди.

Дардини, муаммосини кимга айтишни билмай юрган фуқароларнинг мушкули осон бўлди. Кўплаб муаммоларга ўз-ўзидан ечим топилиб, минглаб уйсизлар уйли бўлди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оилалар ҳар томонлама қўллаб-қувватланди.

“Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойил асосида амалга оширилган ишлар одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига замин яратди. Бугун юртимизнинг энг чекка ва олис ҳудудларида яшаётган фуқаро ҳам эзгу ишлар натижасини ўз ҳаётида кўраётир. Янгиланишлар минглаб оилалар ҳаёти, миллионлаб инсонлар онги, қалби ва дунёқарашини ўзгартира бошлади.

7.JPG

Ободлик кўнгилдан бошланади, обод юртга тўйлар ярашади, дейилганидек, Президент мамлакат ободлигига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Бу борада ҳам янгича тизим йўлга қўйилди. “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” давлат дастурлари, “Обод марказ” деган аввал сира кузатилмаган чин ҳаётий ташаббуслар илгари сурилди. Мазкур дастурлар босқичма-босқич мамлакатнинг барча ҳудудида амалга оширилаётир.

Бу тизимнинг ўзига хослиги шундаки, қишлоқларнинг нафақат меъморий қиёфаси тубдан янгиланди, балки йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари, ижтимоий соҳа объектларида қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Авваллари бор-йўғи битта савдо дўкони фаолият юритган қишлоқларда маиший хизмат кўрсатиш тармоқлари, ижтимоий объектлар қурилди. Аҳолининг яшаш тарзи яхшиланди, турмуш фаровонлиги ортди.

Тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш, саноат ва қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришни янада такомиллаштириш йўлидаги чора-тадбирлар ҳам ўз самарасини бера бошлади. Жумладан, мамлакатда қулай инвестиция муҳитини яратиш, тадбиркорларнинг эркин фаолият юритиши учун имтиёз ва имкониятларни кенгайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Барча тўсиқлар олиб ташланди. Энг асосийси, бу чора-тадбирлар мамлакатдаги энг долзарб муаммо – ишсизликни камайтиришга хизмат қилмоқда.

Бир пайтлар қувилган ёки шароит йўқлигидан нолиб бизнесини ташлаб қочиб кетган хорижлик тадбиркорлар Ўзбекистонга қайта бошлади.

Ўзбекистондаги аҳвол нафақат ички, балки ташқи сиёсатда ҳам янгича ёндашувни талаб қиларди. Президент биринчи навбатда неча ўн йиллаб ҳамкорлик алоқалари деярли унутилаёзган, чегаралар батамом ёпилган қўшни давлатлар билан алоқаларни тиклашга киришди.

"Ён қўшнинг – жон қўшнинг" тамойилига кўра қўшни, чегарадош давлатлар билан алоқалар тикланди. Муносабатлар фаоллашди. Энг асосийси, неча йиллар ёпиқ бўлган чегаралар очилди.

Айниқса, Тожикистон Республикаси билан дўстлик алоқалари тиклангани икки халқ учун ҳам катта воқеа бўлди. Тўғри-да, неча асрлар давомида аҳил қўшничиликда яшаб, қариндошлик ришталари билан боғланиб кетган халқлар кейинги 15-20 йил давомида роса қийналди. Тасаввур қилинг, бир ариқ наридаги қишлоққа қизини турмушга узатган ота-она уни бориб кўролмаса. Жигарбандини, қариндошларини кўриш учун 300-400 километрлаб масофа босиб, пойтахтдан рухсат олса. Чегарадан ўтиш учун минг бир азоб кўрса...

10.JPG

Президент Шавкат Мирзиёев ўз нутқларининг бирида “20 йиллик қалин муз эритилиши керак. Шундан сўнг конструктив қўшничилик муносабатларини тикласа бўлади. Бу осон иш эмас, бунинг учун муайян вақт талаб этилади”, дея таъкидлаган эди. Дарҳақиқат, ўтган даврда давлатимиз раҳбарининг оқилона сиёсати туфайли икки мамлакат ўртасида йиллар давомида йиғилиб қолган гина-кудуратлар унутилиб, мавжуд муаммоларни биргаликда ҳал қилиш йўлида жадал ҳаракат бошланди. Қисқа фурсатда яхши қўшничилик ришталари мустаҳкамланди, ўртада конструктив ҳамкорлик муҳити юзага келди.

Тожикистон Республикаси билан ҳамкорлик стратегик даражага кўтарилди. Давлат раҳбарларининг азму шижоати ва узоқни кўзлаб юритаётган сиёсати туфайли дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш борасида тарихий ютуқларга эришилди. Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга давлат ташрифи тарихий воқеа бўлди. Президентларнинг очиқ, ўзаро ишонч ва дўстона муносабатлари нафақат Ўзбекистон – Тожикистон ҳамкорлигини ривожлантириш, балки бутун Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва барқарор тараққиётни таъминлашга хизмат қилмоқда.

Давлатимизнинг очиқ, конструктив ва прагматик ташқи сиёсати натижасида Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасида турли даражадаги алмашинувлар фаоллашди. Президентимизнинг Тожикистонга давлат ташрифи доирасида ўзаро ҳамкорликни сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, энергетика ва бошқа муҳим соҳаларда ривожлантиришга доир 27 ҳужжат имзоланди.

Икки давлат муносабатларида кузатилаётган ижобий ўзгаришлардан, энг аввало, оддий одамлар манфаат кўрди. Ўзбекистон ва Тожикистон чегарасидаги бир қатор назорат постларининг қайта очилганини ўзбек ҳамда тожик жамоатчилиги, хусусан, чегараолди ҳудудда яшовчи аҳоли катта хурсандчилик билан кутиб олди. Шу билан бирга, икки мамлакат ўртасидаги темир йўл ва авиақатновлар тикланиши ҳам одамлар ҳаётига фақат ижобий таъсир кўрсатди.

Бундай ҳолни қўшни Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Афғонистон давлатлари мисолида ҳам айтиш мумкин.

Ўзбекистон бугунги кунда фаол ташқи сиёсат юритмоқда. Айниқса, Россия, Хитой, Жанубий Корея, Германия, Япония, Марказий Осиё давлатлари ва бошқа мамлакатлар билан ўзаро манфаатли алоқалар жадал ривожланмоқда. Дунёнинг етакчи компаниялари, халқаро ташкилотлар Ўзбекистон билан самарали ҳамкорлик қилаётир.

Давлат раҳбарининг маънавиятга, илм-фан ривожига, аҳоли, хусусан, ёшлар саводхонлигини оширишга қаратган алоҳида эътибори йўлини йўқотган карвонни тўғри йўлга олиб чиқди, десак, асло муболаға бўлмайди.

Соҳага эътибор йўқлиги, ойлик маошнинг камлиги туфайли илм-фан кишилари, олимлар бозорда белига фартук боғлаб мева-чева, кийим-кечак ёки темир-терсак савдоси билан шуғулланиши, илмда авж олган порахўрлик давлатни маънавий инқироз сари етаклаётган эди. Бу вазиятдан қандай қутилиш мумкин? Бу муаммоларни бартараф этиш учун нима қилиш керак?

Давлат раҳбарининг мамлакатда китобхонликни тарғиб этиш, мутолаа маданиятини юксалтириш, илм-фан ва ишлаб чиқариш ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, таълим тизимини ривожлантириш йўлида олиб бораётган изчил сиёсати бу муаммоларга ечим бўлди. Жумладан, “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиклари фаолиятини такомиллаштириш ва рағбатлантириш тўғриси”даги фармон қабул қилинди. Унда мамлакат ижтимоий-иқтисодий тараққиётида илм-фаннинг ўрнини янада мустаҳкамлаш, академиклар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, юқори малакали илмий кадрлар тайёрлаш сифатини оширишни рағбатлантиришга қаратилган бир қатор муҳим чора-тадбирлар белгиланди.

Жаҳоннинг етакчи университетлари ва илмий марказлари билан илмий ҳамкорлик янада ривожланди. Хорижнинг етакчи ўқув ва илмий муассасаларида таълим ва илмий даража олган юртдошларимиз учун мамлакатимизда қулай шарт-шароит яратиб берилди. Ёш авлодни салоҳиятли кадрлар этиб тарбиялашдаги биринчи босқич – мактабгача таълим ва мактаб таълимини тубдан такомиллаштириш, илмий кадрлар ва юксак малакали мутахассислар тайёрлаш жараёнининг узлуксизлиги таъминланди.

Амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасида бугунги кунда Ўзбекистонда 20 дан ортиқ хориж олий ўқув юртлари филиаллари, хусусий олий таълим муассасалари фаолият кўрсатмоқда.

+27.JPG

Орол денгизининг қуриши – бу глобал муаммо. Бу нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунёни ташвишга солаётган жуда катта экологик муаммодир. Президент Шавкат Мирзиёевнинг энг муҳим ва тарихий ишларидан бири – бу дунё ҳамжамияти эътиборини Орол ҳалокатига қаратгани бўлди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида давлатимиз раҳбари денгизнинг қуриши билан боғлиқ оқибатларни бартараф этиш халқаро миқёсдаги саъй-ҳаракатларни фаол бирлаштиришни тақозо этишини таъкидлади.

Дарҳақиқат, бир вақтлар мавж уриб турган денгиз суви атиги кейинги ярим аср давомида бир неча марта камайиб кетди. Бу эса Оролбўйининг табиати, аҳоли саломатлигига, ҳайвонот ва наботот оламига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Президент мазкур муаммога ўзига хос ечим топди. Оролбўйи, жумладан, Мўйноқ тумани ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, бандликни таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

+20.JPG

Ҳудуд қисқа вақтда улкан қурилиш ва бунёдкорлик майдонига айланди, қиёфаси тубдан ўзгарди. Бу маҳаллий аҳоли кўнглини тоғдай кўтарди. Одамлар машҳур қўшиққа ҳамоҳанг тарзда “Бир келиб кетинг, Мўйноғимизга” деб баралла гапирмоқда. Негаки, Оролбўйи аҳолиси турмушини яхшилаш ҳақидаги гап-сўзлар ўтган асрнинг 50-йилларидан буён айтиб келинаётган бўлса-да, бирор тайинли ишга қўл урилмаган эди. Кейинги икки йилда бажарилган ишлар туфайли эса бугун, таъбир жоиз бўлса, Мўйноқ билан қайтадан танишишга тўғри келмоқда.

Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан БМТ шафелигида Оролбўйи минтақаси учун кўп шериклик асосидаги Траст фонди тузилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Оролбўйи халқаро инновация маркази, Оролбўйида инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди. Денгизнинг қуриган тубида муҳофаза ўрмонзорлари, Амударё дельтасида кичик сув ҳавзалари барпо этилмоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, 42 йил давомида ҳаммаси бўлиб 400 минг гектар майдонга саксовул экилган бўлса, 2018-2019 йилларнинг қиш-баҳор мавсумида қарийб 500 минг гектарда муҳофаза ўрмонзорлари барпо этилган. Тўпланган тажрибадан келиб чиқиб, яна икки йилда 700 минг гектар ерни яшил ҳудудга айлантириш режалаштирилган.

Мўйноқликларнинг асрий орзуси бўлган «Қўнғирот – Мўйноқ сув иншооти қурилиши» лойиҳасининг фойдаланишга топширилиши эса туманнинг 25 мингдан зиёд аҳолисини марказлашган тоза ичимлик суви билан таъминлади.

Мўйноқ туманини юртимизнинг туризм марказларидан бирига айлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринлари яратиш борасида қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. «Орол балиқларидан 99 турдаги таом» гастрономик фестивали, «Стихия» мусиқа фестивали, «Ралли Мўйноқ» спорт мусобақаси ўтказилиши бу борадаги даслабки қадамлар бўлди.

+5.JPG

Туманни жадал ва комплекс ривожлантириш дастури доирасида 2019-2021 йилларда жами 1 триллион 485 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш режалаштирилган.

Қисқа муддатда Мўйноқда амалга оширилган бунёдкорлик ишларини ҳақиқий давр мўъжизаси дейиш мумкин. Ушбу мўъжиза халқнинг ҳаётидан розилиги ва қувонч туйғуларида ўз ифодасини топмоқда.

Мамлакатимизда ҳамма соҳаларда катта ўзгариш бўлмоқда. Бунинг замирида шу заминда яшаётган буюк халқнинг меҳнати, интилишлари мужассам, албатта.

Президент Шавкат Мирзиёев ўз чиқишларидан бирида “Сизлар билан биргаликда катта ҳаракат бошладик. Ҳар бир ҳудуднинг дардини ўрганайлик, ҳар бир инсоннинг қалбига кириб борайлик, эртанги кунга ишончини мустаҳкамлайлик, деб чуқур ислоҳотларни амалга ошираяпмиз. Одамлар эртага эмас, олис келажакда эмас, бугун яхши яшаши керак", деган эди.

Ана шу сўзларга ҳамоҳанг бугун Ўзбекистонда мисли кўрилмаган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Мамлакат пойтахтидан тортиб барча вилоятларда “Сити”лар қурилаётгани, йўллар кенгайиб, осмонўпар бинолар қад ростлаётгани, энг асосийси, аҳоли турмуш тарзи ўзгараётгани бунга яққол мисолдир.

Бундан 10-15 йил аввал Ўзбекистон феномени деган сўзлар пайдо бўлган эди. Аммо ҳаёт ундай эмаслигини кўрсатди. Кимлардир Ўзбекистонда Шавкат Мирзиёев феномени шаклланмоқда, дейиши мумкин. Мен шуни таъкидлашни истардимки, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда феноменлик яратиш учун эмас, мамлакат ободлиги, халқ фаровонлиги йўлида тинимсиз ҳаракат қилмоқда. Тинимсиз дейишга асослар бор. Чунки Президент 8 соат эмас, 16 соатлаб ишламоқда. Турли даражадаги раҳбарлик фаолияти давомида мамлакатнинг деярли ҳамма бурчагини қадамба-қадам кезиб чиққан. Ҳар бир ҳудуднинг муаммо ва камчилигини, имкониятини жуда яхши билади. Президент халқи, давлати дуёдаги биринчи давлатлар қаторида бўлишини истайди ва бу барча ориятли одамларга хос бўлган энг ибратли фазилатдир.

Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишларни кўриб, кузатиб ЯНГИЛАНАЁТГАН ЎЗБЕКИСТОН дунёга қайтадан юз тутди, дейиш мумкин. Зеро, Президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган очиқ ва конструктив сиёсат фикримизга ҳар томонлама асос беради.