Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Дубляж санъати тарихи” китобининг тақдимоти ўтказилди
21:05 / 2023-10-01

“Ўзбекфильм” киноконцернида бўлиб ўтган галдаги тадбир “Ўзбек дубляжи санъати 85 ёшда” деб номланди. Унда “Дубляж санъати тарихи” китобининг тақдимоти ўтказилди.

Ўзбек дубляж санъати дарғалари ва кенг жамоатчилик вакиллари  қатнашган ушбу тадбир миллий дубляжимиз тарихи ва бугунги кунда ушбу йўналишдаги ютуқлар  ҳамда “Дубляж санъати тарихи” китоби мазмун-моҳияти ҳақида сўз борди.

Унда дубляж санъати устаси, актриса Мукамбар Раҳимова  миллий дубляжимиз тарихини ўрганиш ёш ижодкорлар учун катта мактаб бўлишини таъкидлади.

–Миллий дубляж санъатимиз жуда бой тарихга эга. Бу тарихий жараёнларнинг барчасини эса аслида бир китобда намоён этиш имконсиз. “Ўзбек дубляж санъати 85 ёшда” тадбири доирасида “Дубляж санъати тарихи” китобининг тақдим этилиши бу оддий воқелик эмас. Бунинг ортида катта меҳнат ётибди. Йўқолиб кетган ва ҳар турли манбаларга сочилиб кетган дубляжга оид маълумотларни бир жойга тўплаш осон бўлмади. Бунинг йўлида меҳнат қилганларга тасаннолар айтсак арзийди. Кўпчилик китобда фалон ижодкор ёритилмабди, фалон дубляждаги воқелик ёритилмабди дейишмоқда. Лекин ишонинг, бу ташаббуслар ҳали давом этади. Кейинги йилларда ҳам бундай нашрларни тайёрлаш ва меҳнат қилишда давом этамиз, – деди М. Раҳимова.

Қайд этилганидек, “Дубляж санъати тарихи” китоби ушбу йўналишдаги муҳим ва бой манба ҳисобланади.  Унда миллий дубляжимиз тарихи, соҳада ўчмас из қолдирган шахслар ҳақида маълумотлар, иқтибослар, дубляжда эришилган ютуқлар ва муҳим воқеалар ўрин олган.

 –Миллий дубляж санъатимиз ўзига хосдир, – деди дубляж режиссёри Комилжон Турсунбоев. – Аммо охирги йилларда бу соҳага бўлган эътибор кескин пасайиб кетган эди. Мана энди муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан ташкил "Ипак йўли дурдонаси” ХV Тошкент халқаро кинофестивалида ниҳоят ўзбек дубляжи алоҳида эътироф этиладиган бўлди. 85 йил… Бу вақт мобайнида ушбу санъат нималарни кўрмади, не-не афсоналарни, истеъдод соҳибларини кашф этмади дейсиз. Ўйлайманки, буёғига ҳам миллий дубляжимиз яна поғонама поғона олдинга қадам қўйиб бораверади.

 Тадбир давомида ўзбек дубляжига оид муҳим экспонатлар ҳамда фотосуратлар жамланган дубляж санъати музейининг очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди.  

Н. Зиёдуллаева, ЎзА