Ўзбекистон Бадиий академиясининг Марказий кўргазмалар залида Ўзбекистоннинг биринчи аёл фоторепортёри Дина Хожаеванинг “Дублсиз олинган фотосуратлар” номли шахсий кўргазмаси бўлиб ўтди.
Тадбирда қайд этилганидек, Дина Хожаева ўзбек халқининг тарихий, маданий ва ижтимоий ҳаётини бетакрор суратлар орқали ёрита олган ижодкор ҳисобланади. Ижодкор ёшлик йилларини фотография санъати оламида ўтказди. Машҳур фоторассом Макс Пенсон оиласида ўсиб улғайган Дина, суратга олишнинг ҳар бир сир-асрорини яқин кузатиб, чуқур билим ва муҳаббат билан ўрганди. Уларнинг уйида доимий равишда етук санъаткорлар, ижодкорлар ва мутахассислар тўпланиб, санъат, камера ва композиция ҳақида жонли суҳбатлар олиб борар эди.


Шунингдек, Дина Хожаева Ўзбекистон телевидениесида 30 йилдан ортиқ фаолият юритиб, миллатимизнинг етук санъаткорлари, ёзувчилари, олимлари ва давлат арбобларини дунёга танитувчи суратларни яратди. Унинг ижодий мероси – миллатимизнинг маънавий бойлиги ва улуғворлигининг ёрқин ифодаси.


Дина Хожаеванинг ижоди юксак самимийлик, нозик бадиий дид ва миллий руҳ билан ажралиб туради. Унинг суратларида ўзбек халқининг бетакрор гўзаллиги, азалий қадриятлари ва мустаҳкам ғурури жонли акс этади.
Кўргазма жорий йилнинг 15 июлигача давом этади.
Гулноза Бобоева, ЎзА