Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дубайнинг “хавфсиз макон” имижига путур етдими?
19:40 / 2026-03-03

Ўнлаб йил давомида Дубай ўзини Яқин Шарқдаги беқарорликдан четда турган хавфсиз бизнес маркази сифатида намоён қилиб келди. Солиқсиз даромад, қулай қонунчилик ва барқарор муҳит шаҳар брендининг асоси эди. Ўтган ҳафта охирида Эроннинг жавоб зарбалари ушбу шаҳарнинг аэропорти, порт ва меҳмонхона инфратузилмасига таъсир кўрсатиб, “хавфсиз ҳудуд” мақомини шубҳа остига олди. Бу ҳақда “Reuters” ёзган.

Расмийлар вазият назоратдалигини билдирган эса-да, молия бозори икки кунга ёпилди, айрим банкларда техник узилиш сабаб амалиёт секинлашди, ҳаво ҳудуди чекланиши туфайли минглаб йўловчи қолиб кетди. Моддий зарар бир нави, аммо сармоядорлар ишончини тиклаш долзарб масалага айланиши мумкин.

Дубай иқтисодиёти нефтга эмас, савдо, туризм, кўчмас мулк ва молиявий хизматга таянади. 2004 йил ташкил этилган “Dubai International Financial Centre” бугун юзлаб банк ва инвестиция компанияларини жамлаган. 1980 йилдаги 1 миллион аҳоли 2024 йил 11 миллионга етди. Шаҳар тараққиёти айнан барқарорлик ва хавфсизлик ваъдасига асосланган.

Ҳурмуз бўғози яқинида жойлашгани Дубайни геосиёсий хавфга яқинлаштиради. Агар можаро узоқ давом этса, капитал оқими сусуайиб, бизнес қарорлари қайта кўриб чиқилиши эҳтимоли пайдо бўлади. Ҳозирча оммавий чиқишлар қайд этилгани йўқ, фақат бозорда хавф омили ошгани, эҳтиёткорлик кучайгани сезиляпти. Хуллас, Дубай бошдан кечираётган синов оқибатини зиддият қанча давом этиши белгилайди.

Мусулмон Зиё, ЎзА